ОИЛА КАРНАЙ-СУРНАЙ БИЛАН ЎТАДИГАН БИР КУНЛИК ТЎЙДАН ИБОРАТ ЭМАС

ОИЛА КАРНАЙ-СУРНАЙ БИЛАН ЎТАДИГАН БИР КУНЛИК ТЎЙДАН ИБОРАТ ЭМАС

Oila markazi

“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ташаббуси билан 29 ноябрь куни Урганч шаҳрида иш бошлаган “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби” 22 декабрь куни илк қалдирғочларини учирма қилди.  

Инновацион мактаби машғулотларида 15 нафар жуфтлик иштирок этди. Оила қуриш остонасида турган ушбу ёшлар илк қадамни айнан мана шу мактаб остонасидан бошлаётганликлари алоҳида аҳамиятга эгадир. Улар машғулотлар жараёнида оиланинг ҳуқуқий асослари, оила маънавияти, унинг репродуктив саломатлиги, оила бюджети, оилалардаги ўзаро муносабатлар уйғунлиги каби мавзулар орқали оилавий ҳаётга руҳан ва қалбан ўзига хос тайёргарлик ҳолатини ҳам ҳис қилдилар. Улар дастлаб мазкур мактабнинг мақсад ва вазифалари ўзи нима эканлиги ҳақида тўлиқ тушунчага эга бўлмай келган бўлсалар, кейинги машғулотларни интизорлик билан кута бошладилар. Қизиқарли тренинглар асосида ўтказилган машғулотлар уларнинг тафаккурида оила маъсулияти масаласига жиддий ёндашувни шакллантирди. 

  • Бизни бу мактабга таклиф қилишганида, очиғи, ҳайрон бўлган эдик. Лекин, машғулотларга қатнаш жараёнида шунга ишонч ҳосил қилдикки, оила масаласи бизнинг тақдиримизни ҳал қилувчи масала экан. Оила карнай-сурнай билан ўтадиган бир кунлик тўйдангина иборат эмаслигини англадик. Биз оила қуриш остонасида турган барча ёшларни ушбу мактабда оила ҳақидаги билимларини оширишларига чақириб қоламиз, — дейди урганчлик оила остонасида турган келин-куёвлар Раҳимов Ғайрат ва Тўйлиева Гўзал.

“Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг саъй-ҳаракатлари билан ташкил этилган “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби” ҳозирда Тошкент, Нукус, Урганч, Қарши, Самарқанд шаҳарларидан ташқари ушбу лойиҳа пилот лойиҳа сифатида синалган Паркент туманида ҳам фаолиятини давом эттиряпти. Айни пайтда республикамизнинг бошқа вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрининг барча туманларида мактаб очилишига тайёргарлик жараёнлари кетяпти.


Report Page