ОГОҲ БЎЛИНГ, ҚАРЗДОР ИСТЕЪМОЛЧИЛАР ТАРМОҚЛАРДАН УЗИЛМОҚДА

ОГОҲ БЎЛИНГ, ҚАРЗДОР ИСТЕЪМОЛЧИЛАР ТАРМОҚЛАРДАН УЗИЛМОҚДА


"Toshkent shahar suv ta'minoti" MCHJ matbuot xizmati

Халқимизда қарс икки қўлдан чиқади, деган нақл бор. Бу бежиз айтилмаган. Ҳар қандай ишда бирдамлик мақсадга етишнинг осон йўли эканлиги шу орқали осонгина тушунтириб қўйилган.

Гап шундаки, сўнгги йилларда “Ўзсувтаъминот” АЖ тизими, хусусан, “Тошкент шаҳар сув таъминоти” МЧЖ томонидан пойтахт аҳолисига етказиб берилган ичимлик суви ҳамда оқава сув бўйича кўрсатилган хизматлар учун ундирилиши лозим бўлган дебитор қарздорлик йилдан йилган ортиб бормоқда. Жумладан, Тошкент шаҳар истеъмолчиларининг “Тошкент шаҳар сув таъминоти” МЧЖ олдидаги қарзи 250 миллиард атрофида сақланиб қолмоқда. Бу эса корхона томонидан амалга оширилиши лозим бўлган лойиҳаларнинг кечикишига, Жамият тизимида молиявий муаммоларнинг юзага келишига сабаб бўлмоқда.

Ана шундай омилларни инобатга олиб, “Ўзсувтаъминот” АЖ ҳамда унинг ҳудудий тузилмалари томонидан дебитор қарздорликларни ундириш бўйича сафарбарлик эълон қилинди. Унга кўра истеъмолчилардан қарзларни ундириш, тўловни амалга оширишни истамаганларни эса марказий сув ва канализация тармоқларидан узиш бўйича вазифалар белгиланди.

Шундан келиб чиқиб, “Тошкент шаҳар сув таъминоти” МЧЖнинг шаҳар сув тармоқлари ҳамда оқава сув тармоқлари, шунингдек, абонентлар бошқармаларининг мутахассисларидан иборат махсус гуруҳлар тузилди. Улар юқори қарздорликка эга истеъмолчилардан сув ва канализация учун ҳақларни ундиришга жалб этилди.

Юқорида таъкидлаганимиздек, кўрсатилган хизмат учун ўз вақтида ҳақ тўлашни истамаган истеъмолчилар аёвсиз марказий тармоқлардан узила бошлади.

Сув таъминоти корхоналарининг бирдан бир молиявий манбаи бу истеъмолчилардан ундириладиган сув ва канализация ҳақидан келадиган маблағдир. Тизимдаги барча техник ва технологик амалий ишлар ана шу манба ҳисобидан амалга оширилади. Юқоридаги каби қарздорликнинг юзага келиши эса тизимни ривожлантиришни ортга суриш билан бирга яна кўплаб молиявий муаммоларнинг юзага келишига олиб келади.

Шу ўринда айтиш лозим, “Тошкент шаҳар сув таъминоти” МЧЖ таркибидаги корхона ва иншоотларда 4 мингдан зиёд ишчи ходимлар меҳнат қилади. Уларнинг самарали меҳнат қилиши албатта ўз вақтида иш ҳақи ва бошқа молиявий қўллаб-қувватловларга боғлиқ. Ундан ташқари эскирган тармоқларни янгилашдан тортиб, юзага келган носозликларни тезкорлик билан бартараф этишда ҳам зарур эҳтиёт қисм билан таъминлаш учун ҳам маблағ зарурлиги ҳеч кимга сир эмас.  

Азиз истеъмолчилар!

Шундай экан хонадонингиз жўмракларидан беминнат оқиб турган сув ва чиқиб кетаётган канализация хизматлари учун ўз вақтида ҳақ тўлашни унутманг. Айниқса, шу кунларда бошланган махсус рейдларга тушиб қолишдан аввал қарзингизни тўлашга бепарво бўлманг. Акс ҳолда хонадонингиз қувурлари тармоқлардан узилгач қайта улаш учун яна жарима тўлаш кераклигини ҳам унутманг.

Ўйлаймизки, ортиқча оворагарчилик сиз учун ҳам, қолаверса хизмат кўрсатувчи корхона учун ҳам асло керак эмас. Шундай экан ўз ҳақ-ҳуқуқларингизни билган ҳолда масъулият ва вазифангизни унутмаслигингизни сўраймиз.

Сув ва канализация учун қарзингиз бўлса тўлаб, ўзингиз ва корхонани ташвишдан қутқаринг.

Report Page