ОДАТ ВА ИБОДАТ ФАРҚИ

ОДАТ ВА ИБОДАТ ФАРҚИ

fitrat.uz

Бугунги кунда кўча кўйда юрганмизда ва масжидларга ибодат учун кирганимизда ёшларни кўриб кўз қувонади. Аммо баъзида одат ва ибодатни фарқлай олмай қолинаётганига ҳам гувоҳ бўлиб қолаяпмиз. 

Ибодат бу Аллоҳга тоат қилиш маъносидаги барча амаллар бўлиб, Аллоҳ ризосини кўзлаб қилинадиган ҳар қандай амаллар ибодат бўлаверади.

Одат эса одамлар унга ўрганиб қолган ва ибодат ҳисобланмайдиган амаллар бўлади.

Одат ва ибодат ўртасидаги фарқ ниятдир.

Ҳозирдаги кийиниш ва кўринишдаги авж олаётган нарсаларнинг сабаби ана шу одат ва ибодат фарқига борилмаётгани десак муболаға бўлмайди. Бировга нима қилишни ўргатиш маъносида эмас, аксинча ўша ибодат нима-ю одат нималиги, қайси амалларда савоблар бор-у қайсилари оддийгина одат эканини билиб олиш лозим, токи бошқаларга таъна қилиб номақбул иш амалга ошиб қолмасин.

Тақлид жуда авж олгани боис, баъзилар сақол, кийим маъносида ўша тақлидларни ибодат ўлароқ қабул қилиши ва бошқаларга суннатга амал қилмаслигини таъна қилиши кўриниб қолаяпти.

Одатлар тоинки суннат экани асосланган бўлмаса мусулмонлар унга амал қилиш ёки қилмасликка ихтиёрли бўлган амаллардир. 

Бу амалларни ибодат эканини ажрата билишда эса эътимодли аҳли илмларга эргашиш энг тўғри йўл ҳисобланади. Кимлиги ноаниқ бўлган, уламолар уни аҳли илм эканини тан олмаган, одамларни бошини айлантириб одатларни ҳам ибодат ўлароқ қабул қилишга чақираётганлардан эҳтиёт бўлиш лозим.

Арабларда кийимни ерга судраб юриш одати ҳали ҳануз давом этади ва бу уларнинг одатий кийимлари ўлароқ қабул қилинган. Аммо, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида бу узун кийим ёки узун изор-иштон кийиш такаббурлик ҳисобланган. Ўша даврда узун изор бошқалардан ўзини устун қўйиш белгиси бўлган.

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар ва умматни айнан шундан қайтарганлар.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Ким манманликлик ила кийимини судраб юрса, қиёмат куни Аллоҳ унга назар солмас», дедилар. «Эй, Аллоҳнинг Расули, албатта, менинг изоримнинг бир тарафи уни ушлаб юрмасам тушиб қоладир?» деди Абу Бакр.«Сен манманлик ила қиладиганлардан эмассан», дедилар».Термизий ривоят қилган.

Қадимда ҳам, ҳозирда ҳам баъзи одамлар манманлик, гердайиш, мутакаббирлик ва бошқаларни камситиш учун турли йўлларни қўллаб келишган ва келмоқдалар. Ана ўша номаъқул йўллардан бири кийим-бош ила манманлик қилишдир. Ислом манманлик ва мутакаббирликнинг барча турларини ҳаром қилгани ҳаммага маълум. Ана ўшалар қаторида Аллоҳнинг охирги ва мукаммал дини Ислом кийим-кечак ила манманлик қилиш, гердайишни ҳам ҳаром қилгандир. Ҳаром қилганда ҳам, қаттиқ лаҳжада ҳаром қилганлигини ушбу ҳадиси шарифдан билмоқдамиз.«Ким манманликлик ила кийимини судраб юрса, қиёмат куни Аллоҳ унга назар солмас»Ўша пайтда, арабистон шароитида кийим билан мутакаббирлик қилиш, кийимни керагидан узун қилиб олиб, бошқаларни писанд қилмай, узун кийимни ерга судраб юриш билан ифода қилинар эди. Бу ҳадиси шариф ким ўша ишни қилса Аллоҳ таоло қиёмат куни унга қарамаслиги, ундоқ нобакор банда ўз Роббисининг назаридан қолиши ҳақида сўз юритмоқда. Қиёмат куни бундоқ ҳолга дучор бўлиши банда учун чексиз мусибатдир. Шунинг учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу гапни эшитиш билан ҳассос инсон Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу дарҳол ларзага тушдилар.«Эй, Аллоҳнинг Расули, албатта, менинг изоримнинг бир тарафи уни ушлаб юрмасам тушиб қоладир?» деди Абу Бакр».Изор тикилмайдиган, инсон киндигидан пастига тутиб оладиган кийим эканини аввал ўргаган эдик. Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг изорлари қўл билан ушлаб юрилмаса бир тарафи ерга тушиб қоладиган экан. Ўша ҳолат ҳам қиёмат куни мазкур бахтсизликка сабаб бўладими, деган савол беришларидан у кишининг ўзлари ҳақида қайғураётганлари кўриниб турибди. Ҳақиқатдан ҳам шундоқ бўлиши мумкинми? Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу саволга қуйидаги жавобни бердилар.«Сен манманлик ила қиладиганлардан эмассан», дедилар».Демак, асосий иллат манманликда экан. Айниқса Абу Бакр розияллоҳу анҳуга ўхшаш етук инсонлардан манманлик содир бўлиш эҳтимолдан узоқ. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гувоҳликлари ўзи етарли. Мусулмон инсон манманлик, мутакаббирликнинг турли кўринишларидан доимо узоқда бўлиши керак.

Демак, шимни тўпиқдан баланд қилиб олиб, бошқаларни дўзахийликда айблаш ножоиз экан.

Бунга ўхшаган амаллар талайгина.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қилган ва буни суннатлигини таъкидлаган ёки уламолар бу амални суннати муаккада эканин айтишган амаллар ибодат ҳисобланади.

Баъзи ҳадисларда келган аммо унга суннат мақоми берилмаган амаллар эса суннати завоид (одатий суннат) бўлади ёки мустаҳаб ҳисобланади.

Бундай амалларни қилиш қилмаслик эса ихтиёрли бўлиб, уни қилинмагани учун таъна қилиш ножоиздир.

Report Page