ОЧИҚ, ОШКОРА ВА ШАФФОФ ёхуд Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси Ахборот хизмати фаолиятига чизгилар

ОЧИҚ, ОШКОРА ВА ШАФФОФ ёхуд Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси Ахборот хизмати фаолиятига чизгилар

Отабек Исроилов – https://t.me/matbuot_chi

27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни

Одам сувсиз уч кунгача яшай олади. Одам овқатланмай бир ҳафтагача тирик қолиши мумкин. Лекин одам боласи шундай яратиқки, у ахборотсиз бир лаҳза ҳам яшай олмайди. Ибтидоий яшаш тузумидан бошлаб, то ҳозирги кунгача ҳар ким ҳар дақиқада ахборотга талпиниб яшаб келади.

Бугунги тезкор асрда эса ахборотдан кўп нарса йўқ. Янгиликлар дақиқа эмас, сония сайин кўпайиб, турли манба ва тармоқлар орқали кенг оммага эълон қилиб борилмоқда. Эндиликда ахборот истеъмолчисидан талаб қилинаётган ягона иш – холис ахборотни саралай билишда. Мана шу вазиятда омма учун расмий ахборотга эҳтиёж юзага келади.

Бобур Тўлаганов – Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати раҳбари

Расмий ахборот бўлмаган жойда миш-миш кўпаяди. Ана ундан кейин, битта аҳмоқ дурни денгизга отиб бориб, сўнг юзта доно-файласуф уни қидириб тополмаганидек, шунча миш-миш орасидан ҳақиқатни топиб кўринг-чи! Шунинг учун ҳам Президент Шавкат Мирзиёев барча идора ва ташкилотларнинг ахборот хизматлари фаолиятини йўлга қўйди.

Охунжон Мустафоев – Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати ходими

Ахборот хизматлари ҳақида сўз кетганида, республика ва вилоят медиа муҳитида фаол қатнашиб келаётган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси Ахборот хизмати фаолиятини алоҳида эътироф этмай илож йўқ.

Жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш йўналишини оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда ёритиш орқали профилактика қилиш, шунингдек, тизим фаолиятини босма ва интернет нашрлари, радио ва телевидение, шунингдек, ижтимоий тармоқларда ёритиб бориш ишида Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати жамоасининг салмоқли меҳнати ётади.

Абдулатиф Абдураҳимов – Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати ходими

Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати томонидан ўтган давр мобайнида босма ва интернет нашрларида бир қанча мақолалар эълон қилинди, радио ва телевидениеда, қолаверса, ижтимоий тармоқларда материаллар эфирга узатилди, Тошкент вилоятидаги ички ишлар органлари ходимларининг мардона хизмати кенг ёритилди.

Агарда рақамларга мурожаат қилсак, биргина 2023 йилнинг телевидение учун 552 та, радио учун 500 та, матбуот учун 192 та, интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқлар учун 5716 та, жами 6956 та материаллар тайёрланиб, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилинганини кўриш мумкин. Жорий йилнинг биринчи чорагида эса телевидениеда 300 га яқин, радиода дан зиёд, матбуотда 100 дан ортиқ, интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларда қарийб 3000 та материаллар эълон қилинди.

Азиз Отажонов – Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати ходими

Айниқса, Бобур Тўлаганов раҳбарлигидаги Ахборот хизмати ходимлари томонидан катта журналистик маҳорат ва юксак дид билан тайёрланган юқори савиядаги мақолалар, фото- ва видеоматериаллар эътироф этишга арзигулик.

Айни кун ҳолатига кўра, Тошкент вилояти ИИББ расмий веб-сайтини минглаб фойдаланувчи кузатиб боради. Шунингдек, бош бошқарманинг ижтимоий тармоқларда расмий саҳифалари ташкил этилган ҳамда бугунги кунда телеграм, вКонтакте, ютуб ва инстаграм тармоқларида обуначилар сони ва фаоллиги кундан-кунга ортиб бормоқда.

Мамлакатимизда “Инсон қадри учун” деган эзгу ғоя асосида олиб борилаётган кўламли ислоҳотларда ички ишлар органлари ходимлари ҳам фаол иштирок этиб келмоқда ва халқ билан мулоқот ҳамда инсон манфаатларини таъминлаш борасидаги ишлар ҳам Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизматининг доимий диққат марказида ҳисобланади.

Юртимиздаги сўз ва матбуот эркинлиги ҳамда жамоатчилик назоратини таъминлаш, шу орқали жамоат хавфсизлигини таъминлаш ишидаги фаоллиги учун 2024 йилда Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси Ахборот хизмати муносиб эътироф этилди. Ижодий жамоа Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан ўтказилган “Олтин қалам” XVIII миллий мукофоти учун халқаро танловнинг “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқий тарғибот йўналишидаги энг яхши мақола учун” рағбатлантирувчи номинациясида ғолиб бўлди.

Шу кунларда Тошкент вилоятидаги ички ишлар органлари фаолияти билан боғлиқ воқеаларга ҳам Ахборот хизмати фаол муносабат билдириб, ҳолат холис ёритилишига қулай замин ҳозирламоқда ва бу эътирофга арзигулик жиҳатдир.

Тошкент вилояти ИИББ маъмурий биноси

Ўз вақтида эълон қилинган биргина расмий муносабат, расмий ахборот қанчадан-қанча ортиқча гаплар, миш-мишларга барҳам беради. Инчинун, очиқ, ошкора ва шаффоф фаолият кўрсатаётган Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси Ахборот хизмати ижодий гуруҳи ишига фақат ва фақат тасаннолар айтиш лозим.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига табригида айтилганидек, бугунги кунда матбуот иши, журналистлар фаолияти нафақат “тўртинчи ҳокимият”, балки мудофаа, хавфсизлик каби ҳал қилувчи соҳага айланиб бормоқда. Мана шундай муҳим ишда Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати ходимларига муваффақият тилайман.

Отабек ИСРОИЛОВ,

«Машъал» газетаси бош муҳаррири ўринбосари,

Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси.

Report Page