ОАВда эълон қилинган танқидий материаллар бўйича қўпол қонун бузилиш ҳолати юзасидан 29 та жиноят иши қўзғатилган

ОАВда эълон қилинган танқидий материаллар бўйича қўпол қонун бузилиш ҳолати юзасидан 29 та жиноят иши қўзғатилган

https://t.me/aoka_uz

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддинов маълум қилди:

2023 йил 6 ой давомида прокуратура органлари томонидан мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилган.

Алоҳида эътибор жамоатчилик назорати механизмларини рўёбга чиқариш ва прокуратура органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашга қаратилди:

– прокурорлар томонидан халқ депутатлари Кенгашларига ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига жиноятчилик ҳолати ва қонунийлик аҳволи тўғрисида 309 та ахборотлар берилди;

– Олий Мажлисга ушбу йўналишда 9 маротаба ахборот тақдим этилди.

Қонунийликни мустаҳкамлаш йўналишида алоҳида эътибор фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилди.

Кўрилган чоралар, шу жумладан, давлат органларининг ҳуқуқий ҳужжатларини тизимли равишда ўрганиш натижасида:

– 91 мингдан зиёд прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилди;

– 26 мингга яқин қонунга зид ҳужжатларга протест келтирилди, қонунбузилиши сабабларини бартараф этиш борасида тегишли идораларга 14 мингта тақдимнома киритилди;

– 640 млрд. сўм зарарни ундириш ҳақида судларга 15 мингдан ортиқ аризалар киритилди;

– 225 минг нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

 

Прокуратура органлари томонидан жиноят ишлари бўйича дастлабки терговни амалга оширишда қонунийликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Жумладан, жорий йил 6 ойида прокуратура органлари томонидан

8 минг 351 та жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари ўтказилган. Шундан 6 минг 020 нафар шахсга нисбатан 3 минг 713 та жиноят иши судга юборилган.

 

Судларда прокурорнинг иштирокини таъминлашда асосий эътибор судьялар мустақиллигига қатъий риоя этилишини таъминлаш, суд ишларига ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш, ўзаро тортишув тамойили асосида одил судловнинг амалга оширилишига кўмаклашишга қаратилди.

Судларда ишлар кўрилишида прокурор ваколатларини таъминлаш мақсадида:

34 мингта жиноят, 6 мингтадан фуқаролик ва иқтисодий ҳамда 5 мингта маъмурий ишларнинг судларда кўрилишида прокурор иштироки таъминланди;

– прокурорлар протести асосида жиноят ишлари бўйича судларнинг 1 минг 338  нафар шахсга нисбатан қарорлари, шунингдек фуқаролик судларининг 127 та, иқтисодий судларнинг 79 та ва маъмурий судларнинг 240 та қарорлари қонунга мувофиқлаштирилди;

– прокурорлар ташаббуси билан 12  нафар шахс оқланди;

  Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шу жумладан, уларнинг фаолиятига асоссиз аралашиш, ноқонуний текшириш ўтказиш ҳамда мурожаатларини кўриб чиқишдаги қонунбузилиши ҳолатларининг олдини олиш борасида ўтказилган назорат тадбирларида:

– 1 минг 984 нафар мансабдор шахслар интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилди;

– 927 та ноқонуний ҳужжатларга протест келтирилди;

– 19 минг 316 нафар тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Прокурорлар томонидан 17 мингдан ортиқ тадбиркорларга кредит ва лицензия ҳужжатларини расмийлаштиришда, ер майдони ва бино ажратилишида, мухандислик тармоқларига уланишида амалий ёрдам кўрсатилган.

Ҳамкорликда кўрилган чоралар натижасида 4 мингдан ортиқ янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди, 3 мингдан зиёд тадбиркорлик субъектларининг фаолияти тикланди.

 Вояга етмаганларнинг назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларининг олдини олиш, уларни ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш ва маънавий-ахлоқий тарбиясини кучайтириш мақсадида:

– 11 мингдан зиёд прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилди;

– 24 мингга яқин вояга етмаганларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди;

– 9 ярим мингга яқин шахс интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилди.

  Жорий йилда қурилиш соҳасида назоратни амалга ошириш бўйича ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, очиқликни ва жамоатчилик назоратини таъминлаш мақсадида, рейтинг ҳамда давлат дастурларидаги ҳар бир қурилиш объектининг шаҳарсозлик ҳужжатлари, бажарилган иш ҳажмлари ва молиялашган маблағлар ҳақидаги маълумотларни реал вақт режимида Интернетда эълон қилиб борувчи платформалар ишга туширилди.

Натижада, илгари жамоатчилик учун ёпиқ бўлган ва норозиликлар келтириб чиқарган лойиҳа ҳамда пудрат ташкилотларининг рейтинг баллари ва уларни шакллантирган кўрсаткичлар ошкора юритила бошланди.

Жамоатчилик назорати давомида аниқланган камчиликлар ва қонун бузилиши ҳолатлари ҳақида фото ва видео материаллар билан хабар юбориш имконини берувчи “Огоҳ фуқаро” мобиль иловаси ишга туширилди.

Барча қурилиш жараёнини рақамлаштириш мақсадида “Қурилишда давлат назорати” ахборот тизими фаолияти йўлга қўйилиб, у орқали Қурилиш ва уй - жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекциясининг назорат функциялари рақамлаштирилди.

   “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни талабларининг сўзсиз бажарилиши устидан назоратни таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилди.

Мурожаатларнинг муддатида, тўлиқ ва холисона кўриб чиқилишини ҳамда қонунбузилишига йўл қўйган айбдор шахсларнинг муқаррар жавобгарлигини таъминлашга қаратилган назорат тадбирларини тизимли равишда амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари бўйича:

– ноқонуний ҳужжатларга 310 та протест келтирилди, қонун бузилишларини бартараф этиш ҳақида 103 та тақдимнома, 11 млрд. сўм зарарни ундириш ҳақида судларга 299 та ариза киритилди;

– 405 нафар шахс интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилди, қўпол қонун бузилиши ҳолатлари бўйича 207 та жиноят иши қўзғатилди.

Бевосита прокуратура органлари томонидан 126 минг 891 та мурожаатлар ҳал этилди. Фуқароларнинг қабулига, шу жумладан, уларни бевосита прокурорлар томонидан жойларда қабул қилинишига жиддий эътибор қаратилиб, 169 минг 047 нафар фуқароларнинг қабули таъминланди.

Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, қонунлар мазмунини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида прокуратура органлари томонидан 76 минг 360 та, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида 22 минг 525 та тарғибот тадбирлари ўтказилди.

Шу билан бирга, Бош прокуратуранинг расмий веб – сайти ҳамда ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида кенг жамоатчилик учун қизиқарли бўлган маълумотлар, тезкор хабарлар, юқори резонансга сабаб бўлган воқеа ва ҳодисалар ҳақидаги ахборотлар эълон қилиниб келинмоқда.

       Бундан ташқари, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинаётган танқидий мақолалар доимий  равишда  ўрганиб  борилмоқда.

       Прокуратура органлари томонидан ўтказилган мониторингда жами 678 та танқидий мақола аниқланиб, улар  юзасидан  тегишли  чоралар  кўрилган.

       Шу билан бирга, ўтган даврда прокуратура органлари аралашуви талаб  этиладиган танқидий материаллар сони 496 тани  ташкил  этган.

       Ушбу танқидий материаллар прокуратура органлари томонидан белгиланган  тартибда  кўриб  чиқилиб,  барчасига расмий  баёнотлар  берилган.

      Танқидий материаллар бўйича қўпол қонун бузилиш ҳолати бўйича 29 та жиноят иши қўзғатилиб, 32 та фуқаронинг  ҳуқуқлари  тикланган. 

     



Report Page