Оҳангаронда 23 та лойиҳа амалга оширилади

Оҳангаронда 23 та лойиҳа амалга оширилади


Жорий йилнинг 13 ноябрь куни Президентимиз чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва ипакчилик тармоқларини янада ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишини ўтказган эди. Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 23 октябрдаги фармони билан Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси қабул қилинган эди. Ушбу ҳужжат доирасида замонавий ёндашув асосида соҳа модернизацияси бошланди.

Хусусан, бугун Оҳангарон туманида жойлашган Ўзбекистон темир йўллари "Gulobod-meva" хўжалигининг чорвачилик, наслчилик ва бўрдоқичилик бўлимида Тошкент вилоятининг Оҳангарон, Ўрта Чирчиқ, Бекбод, Бўка ва Пискент тумани чорвадорлари (қорамолчилик) учун ўқув-семинари ташкил этилди. Семинарда соҳани янада ривожлантириш учун зарур бўлган чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда бу борада илмий ёндашувни кучайтириш масалалари ҳақида сўз борди.

Маълумки, Оҳангарон тумани вилоятимизнинг чорвачиликка ихтисослашган ва бу соҳада ўзига яраша катта тажрибага эга туманлардан бири ҳисобланади. Туманда 146 та чорвачилик йўналишида фаолият олиб борувчи ердан фойдаланувчилар бор. Уларга 49 073 гектар ер майдони ажратилган (шундан 123 та фермер хўжалиги, 42 248 гектар) бўлиб, фермерларда 10 779 бош йирик шохли мол (7 335 бош сигир) мавжуд. Бугунги кун ҳолатига кўра, аҳоли билан қўшиб ҳисоблаганда эса 66 379 бош йирик шохли мол бор.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 октябрдаги 890-сонли қарорига асосан, туманда жами 23 та лойиҳа тасдиқланган бўлиб, шундан 13 таси қорамолчиликка ихтисослашган ва келажакда 44 500 бош қорамол келтирилиши белгиланган. Қарор ижроси доирасида 23 та лойиҳага қурилиш ер ости майдонлари учун жами 100 гектар ер, хусусан, қорамолчилик учун 76 гектар ажратилган. Ажратилган ер майдонларининг 10 тасида тадбиркорларнинг ўз ҳисобларидан қурилиш ишлари бошлаб юборилган.

Мазкур лойиҳалар амалга ошиши натижасида туман чорвадорлари томонидан 10 528 тонна гўшт, 98 115 тонна сут, 180 тонна жун етиштириш имкони туғилади. Тошкент вилоятида бир йилда 883 159 тонна сут маҳсулоти етиштирилаётган бўлса, лойиҳалар доирасида туманнинг ўзида ушбу кўрсаткич 98 115 тоннани ташкил этиши кутилмоқда. 1728 та янги иш ўринлари яратилади. Озуқа базасини ривожлантириш мақсадида, 13 та лойиҳага 7683 гектар суғориладиган ер майдони 55 810 гектар лалми пичанзор ва яйловлар ажратилади. 42 200 тонна беда, 46 020 тонна маккажўхори, 10 042 тонна лавлаги, 33 280 тонна сомон жамғарилиб, озуқа базаси шакллантирилади.

Шунингдек, жорий йилда "Ҳар бир оила – тадбиркор" дастури доирасида чорвачилик йўналишидаги 512 та лойиҳага 16 320 млн. сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилган.

Семинар иштирокчилари ўзаро тажриба алмашиш асносида, "Gulobod-meva" хўжалигининг чорвачилик, наслчилик ва бўрдоқичилик бўлимида амалга оширилаётган ишлар ва эришилган ютуқлар билан яқиндан танишиш имконига эга бўлишди.

Ўқув-семинарда "Ўзбекчорва" наслчилик агентлиги Бош директори Абдурасул Абдуллаев, вилоят ҳокимлиги қишлоқ хўжалиги котибият мудири Фурқат Қодиров,  Оҳангарон тумани ҳокими Абдувоҳид Турдибоев, Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти Оҳангарон бўлими бошлиғи Нуриддин Рўзибоев ва илмий ходими Шодмон Мадраҳимов иштирок этди.


Оҳангарон туман ҳокимлиги Ахборот хизмати.

 

📡 @ohangaronthokimligi

Каналга уланиш: ⤵️

https://t.me/joinchat/AAAAAFX7jNb2k287TXSHIQ


Report Page