Нуз.уздаги "Фан ва дин..." мақоласига муносабатим

Нуз.уздаги "Фан ва дин..." мақоласига муносабатим

Жамшид Муслимов

А. “Фан ва дин...” мақоласи нима ҳақда

Б. Менинг ушбу мақола юзасида фикрларим

В. Хулосалар


А. “Фан ва дин...” мақоласи нима ҳақида?


Nuz.uz да чиққан “Ўзбекистонда фан ва дин: қандай ва қаерда чегара ўтказиш лозим?”

(“Наука и религия в Узбекистане: как и где провести между ними границу”, 06.10.2020, Баҳодир Мираимович Бобожонов, Мадаева Шахноза Амануллаевна) мақоласини ўқиб муносабатимни билдиришимни бер неча бор сўрашди.

Мақолани ўқиб чиққанимда асосий марказий мавзуни тутиб олишга бошида қийналдим, чунки бир масаладан мағзи чақилмай бошқасига ўтиб кетавериш, марказий мавзу сарлавҳа қўйилган саволдан анча кенгроқ эканлигини аглаш билан бўлди. Шунинг учун мақолани бироз тартибга солиб тушуниш учун асосий нуқталарини тезис (“Executive Summary”) кўринишида жамладим:


1. Диний тафаккурдаги талабалар ОТМда ақидаларига зид кўринган назарияларга қарши очиқ қарши чиқмоқдалар. Бу мафкуравий тоқатсизлик аломатининг келиб чиқиши давлатнинг динга нисбатан бўлган яқин ўтмишдаги сиёсати бўлиб кўринсада унинг асл сабаблари анча мураккаб.


2. Миллатнинг маънавий уйғониши диний туйғуларнинг тирилиши билан ёнма ён бўлиб, жамиятда турли низоларнинг манбаи бўлмоқда. Бу ҳолат айниқса ёшлар ўртасида кенг тарқалган. Улар диннинг радикал кўринишига берилиб ўз қарашларини дунёвий бошқарув шаклига (“светская форма правления”), миллий урфларга ва шунга ўхшашларга (“и т.п.”, sic) нисбатан бетоқатлик ҳодисалари сабабли мавзуни мамлакат хавфсизлигига буриш тўғри бўлади.


3. Диндор ёшлар ОТМни битиргач жамиятга ўзлари яхши тушунмаган Исломни таълим дастурларига ва диний мафкурани (“религиозная идеология”) киритишга уринадилар.


4. Савол қўйишимиз керак: диннинг жамиятимизга қанчалик узоққа бостириб киришини қабул қила оламиз? Бу жараён яна қандай муаммоларни келтириб чиқаради? Академик (олий таълим ва фан) соҳаларида қандай муқобилликлар (альтернативы) киритилиши керакки, диний идеологиялар билан рақобатлаша олса?


5. Мақоладан мақсад, исломофобик кайфиятларни қўзғаш эмас балки мамлакат иқтисодининг ривожига ҳисса қўшадиган рационал фикрловчи мутахассисларни етказадиган таълим тизимини сақлашдир.


6. Мустақил Ўзбекистоннинг илк йилларида давлат тўқнашган муаммолар тарихига экскурсия.


7. Диний радикализмга қарши мафкуравий курашда диний аргументацияни асосий қурол қилиб олишнинг стратегик хатолиги (“едва ли назовешь стратегически продуманными”), ҳуқуқнинг устуворлигига урғу берилмаслиги хато эканлиги.


8. Ислом давлатнинг экстремизга қарши кураш қуроли бўлиши билан бирга у жамият ҳаётининг барча жабҳаларига сингиб кетишига олиб келди. Бу эса идеология, таълим, фан, маданият ва бошқа соҳаларда муаммоларни келтириб чиқармоқда ва хатто дин миллий удумларни (Наврўз байрами) инкор қилишигача бормоқда, таълимда эса исломдан олдинги маданий меросга нисбатан менсимаслик кайфиятлари туғилмоқда ва ҳ.к.


9. Зиддиятларни енгиш мақсадида “соф ислом”, “ҳақиқий ислом”, “секуляр ислом” каби тутруқсиз иборалар ўйлаб топилмоқда. Гуруҳларга ажратиш дин доираси ичидан пайдо бўлиши табиий жараён, ташқаридан бундай ишни қилишнинг самараси йўқ. Муаммоларга жавобан ҳанафия мазҳабининг мотуридия ақидавий йўналиши “тўғри ислом, диний мерос” деб талқин қилиниши асосий йўл деб белгиланиши боши берк кўчага олиб келади. Сабаби – муаммо исломнинг қайси оқимини танлашда эмас балки давлат дунёвийлик принципларига содиқ тура олмаётганида, бу биринчидан, ва иккинчидан... ислом динининг кўп асрлардан бери шаклланиб келаётган талқинлар (силсила, уламолар ижмо институти, фиқҳ матнлар корпуси) тизими тикланмай туриб динга қизиқувчи ёшлар тўғридан тўғри интернетда ёйилган матнлар таржималарга мурожаат қилишяпти ва хориждаги диний таълим муассасаларни битирган муллалар интернет дарсларига эргашишяпти, бу муллалар эса “тўғри ислом” дарслари кўринишида хатарли ғоялар тарғиботини олиб бормоқдалар.


10. Таълим соҳасида кўпгина фанлар “исломлаштириш” жараёни кетмоқда. Аниқ фанлар диний илмлардан ажратилган бўлиши лозим. Тарихий меросимиз фаннинг динилайштирилишига баҳона эмас. Ижтимоий фанлардаги диний компонент бўлишига қаршилик муллифларда йўқ эканлиги, шундай бўлсада “теологик фанлар магистри/доктори/профессори” деган ном билан ажратилгани яхши.


11. Давлатнинг Исломга миллий мерос деб суяниши (1) ва Исломнинг ўзини диний экстремизм/терроризмга қарши восита қилиниши (2) ва (3) шу икки йўналишд сиёсат олиб боришда муллаларнинг сиёсий қувватини оширишга олиб келиш хатарига таалуқли саволларга тезроқ жавоб бериш керак.


Юқорида – икки муаллифнинг мақоласини мухтасар қилиб баён қилишга урундим. Мен тарафдан йўл қўйилган нотўғри талқин, жиддий тўлиқсизлик ва ноаниқлик ўтганини кўрсатиб берганларга олдиндан миннатдорчилик билдираман.


Қуйида эса мақоланинг сарлавҳасидан бошлаб, мен тушуна олган фикрларга ўз фикримни баён қиламан:


Б. мавзу бўйича Фикрларим

0. Фан ва Дин сунъий дихотомияси

Муаллифлар мақоланинг сарлавҳасини бир оз чалкаш бергандек кўринди. Мен дин ва фан ўртасидаги чегаралар ҳақида гап кетганда аллақачон аниқлаштирилган илмий чегараларни тушунаман. Аслида мақоланинг мавзуси бошқа. Ҳақиқий сарлавҳа: “Ислом факторининг давлат сиёсатидаги ва жамиятдаги хавотирга солувчи ўрни” бўлиши керак эди. Чунки мақолада ечим йўқ, балки ички муроқабадан ўтмаган (не отрефлексированные) хавотирлар берилган. Менга “ислом фактори” деган тушунча ёқади, чунки “ислом фактори” бу бутунлигича Ислом дегани эмас. (Ислом фактори деб мен Ислом дини билан боғлиқ бўлган ҳодисалар ҳақида ўйлаганда зеҳниятимиздаги автоматик, чала мулоҳаза қилинган реакцияларнинг у ёки бу кўринишдаги таъсир кучини тушунаман). Бу мавзуга чуқурлашмай икки муаллиф тўхталмаган, лекин ўқувчилар англашлари лозим бўлган масалада тўхталаман.


Фан, хоҳ у аниқ, хоҳ ижтимоий бўлсин диний илмдан ўзининг услублари, тамоилларига кўра кескин фарқ қилади. Замонавий фан – эмпирик (мунтазам хиссий кузатув) услублар ва кучли мантиқ қоидалари (математика шунга киради) аппарати устига қурилган. Шубҳа остига олиб текшириш, фальсификация тамоилларига жиддий риоя қилиниши фанни инсониятнинг бошқа соҳаларидан кескин ажратиб туради шу жумладан диндан ҳам.


Диний илмнинг пойдевори эса Худо тарафдан пайғамбарлар орқали инсониятга юбориган ваҳий (откровение, revealation) бўлиб, уни инсон ўзининг ички дунёси билан қабул қилади ёки инкор қилади. Демак, бу ишониш, имон келтириш масаласидир.


Диний ҳақиқатлар фан услублари билан мавҳ қилинмайди. Инсон ўз кузатувлари ва мантиқий ақли билан эгаллай олмайдиган ғайбий борлиқни фақат ваҳий очиб бера олади.


Шунингдек, фан илми ваҳий орқали ўрганилмайди. Қуръон ва Ҳадисда карра жадвали, кимёвий унсурлар, физик қонуниятлари баёни топилмайди. Диний манбанинг мақсади ваҳийни етказишдир. Инсон ўз тажрибаси билан топиши лозим бўлган маълумотлар фан доирасига киради.


Албатта диний мавзулар фаннинг мавзулари билан учрашмайди дегани эмас. Мисол учун аниқ ижтимоий фан у ёки бу диний қарашни ўзининг ўрганиш объектига айлантириши мумкин, аммо диншунослик ваҳийнинг ўрнини босишга даъво қилмайди албатта.


Дин ҳам аниқ фанларни яхшилаб ўзлаштиришга тарғиб қилиши (зеро бу инсониятга яхшилик келтиради, ваҳий эса эзгуликка чақиради), илмий тажрибаларда мураккаб масалаларда диний ёндашув (этик вазифасини ўтиш билан) қўлланиши мумкин.


Юқоридаги фарқларни яхши англаган шахс дин ва фан ўртасидаги сунъий зиддиятга тушиб, чалкашиб қолмайди.


1. Жанжал қилиш шартми?


ОТМлардаги рўй бераётган талаба ва академик тизим ўртасидаги зиддият дин ва фан ўртасидаги принципиал фарқни англамасликдан келиб чиқади. Муаллифлар мақоласида жуда қизиқ мисол келтиришган, Миллий Университетда эволюция назарияси бир талабанинг ақидаси билан тўқнашиб жанжал бўлган экан, бу ҳолат Ўзбекистондаги билим юртларида тез учраб турар экан, БААда эса (замонавий мусулмон, араб давлати) талабалар эса замонавий фан назарияларига нисбатан бундай реакция билдиришмас экан. Шу жойда муаллифлар яхшилаб мулоҳаза қилиб ўтсалар бўларди, ахир “нега ундай?” деган савол кўндаланг турибдику. Фикримча бунга асосий сабаблар:

Биринчидан, Ўзбекистондаги жанжалкаш талабаларнинг дин ва фан ҳақида тушунчалари жуда саёзлиги бўлса,

Иккинчидан, “ё фан, ё дин! Ҳақиқий фан динни инкор қилади!” деган кескин қараш баъзи ОТМ муаллимларида учраб туради, совет идеологиясининг реликт қолдиқлари катта авлод академик қатламида чуқур ўтирибди.


БАА талабалари, аксари яхши диний таълим кўрган бўлиб, советча анъаналарга дуч келмайди ва табиийки кескин низо туғилмайди. Яна бир муҳим нуқта, фанни динга зид қўйиш кўпроқ христиан догмалари яккахонлигини ағдариш тарихига туташади, сабаби фанни диний иҳота қилиш ўрта аср христанлигига ҳос ҳолат. Ислом ақидаси эса моддий табиат ва ижтимоий ҳаётни ўрганиш соҳаларини чеклашга интилмайди. Албатта турли зиддиятлар, фалсафий баҳслар бўлган лекин Европадаги дин ва фан ўртасидаги жангларга умуман ўхшатиб бўлмайди. Ислом дини фанга нисбатан анчагина тоқатлидир, фақат исломни чала билан диндорлар фанни инкор қиладилар, фақат радикал атеизм ва совет пропагандаси таъсиридан чиқа олмаганлар фанни динга қарши қўядилар.


2. “Хавфсизлик аргументацияси”


дейди муаллифлар. Муҳим тузатиш: Ислом биз йўқлигимизда ҳам бу миллат, бу мамлакатда индивид миқёсидан тортиб, ижтимоий ҳаётгача сингиб бўлган, у биздан аввал бўлган, ҳозир бор, биздан кейин ҳам бўлади. Исломнинг таъсири тоталитар совет тизими ҳам буткул йўқ қила олмади. Ислом илми институтлари (ваҳий ва ваҳийни талқин қилувчи силсилалар – уламолар, мактаб мадрасалар) йўқ қилингани рост. Лекин мусулмончилик, “исломий фактор” нури хатто ўзбек миллатига мансуб компартия аъзоларининг кўпида сақланиб қолаверган. Ислом, фалсафий жаргонда айтганда, ўзбек жамиятининг «имманент компоненти”дир. Буни айтишимдан мақсад, баъзан бирон ички омил ташқаридан келиб қолган ёт унсур, деб қаралса фикр хато оқим билан кетиб қолади. Фикримча, муаллифлар айнан ўша хатони қайтаришган ва шунинг учун ўзлари истар-истамай ижобий натижа бермаган “хавфсизлик устуворлиги”ни биринчи ўринга қўйганлар. Бу боши берк кўчага олиб келади, муаллифларнинг тили билан айтганда. Шу билан бирга муаллифлар ечим ипининг учини интуитив тутиб олгандек кўринади...


3. Фан бу элитар клуб!


Фан таълими тизимига диндор (Исломни яхши тушунмаган, фан бўйича билимлари саёз) ёшлар ўзларининг исломнинг тор талқинини тиқиштиришига хавфига муаллифлар урғу бердилар. 


Бунга айтамиз: авваламбор илмий фан муассасаси ўзини ўзи тартибга сола оладиган ташкилот бўлиши керак, дин ва фан ўртасидаги табиий чегараларни муассаса раҳбарияти ва илмий коллегия ўзлари белгилаб ички тартибни ўрнатишлари лозим, ва керак бўлса бу тартибни судда химоя қила олишсин. Нима учун фан олимлари ўзларининг ички муаммоларини давлат назоратига ташлашлари керак? Ўйлашимча, муаммонинг негизи динда эмас балки ўзини ўзи идора қила билмасликда. Бугун диндор ўқув тартибига раҳна солаётган экан, эртага бирон радикал сўлчи, радикал миллатчи худди шундай ҳаракатлар қилишлари мумкин. Идеологиялар бозори очиқ ва у қайнаб ётибти, ёшлар қалби ва мияси осонгина аланга олиб кетаверади. Бу муаммога бутун жаҳон ОТМлари дуч келади ва уларни бартараф этиш тажрибаси ортирилган. “Хавфсизлик аргументига” суянавермай реал иш билан шуғулланган афзал деб ҳисоблайман. 


4. Антитаналар


Радикал диний тарғиботга қарши антидот – (а) фан принципларига содиқ қолиш,(б)диний ҳиссиётларга хужум қилмаслик , (в) очиқ ва аниқ идора тартибларинини жорий қилиш, уларни қабул қилмаганлар бу муассасани тарк этишлари мумкин, чунки илмий муассаса ўзига хос элитар клуб бўлиши лозим. Диний ҳиссиётга ҳужум қилиш деганда эволюция назарияси ёки астрофизик назарияларини ўқитишни эмас балки очиқдан очиқ “эволюция мутлоқ ҳақиқат, сенинг дининг сафсата!” каби кескин ибораларни ишлатилишдан тийилиши керак, буни истамаган профессор муассасадан кетказилиши лозим (бундай мисоллар кўплаб бўлган, бошқалар айтиб беришлари мумкин, муаллифлар негадир бу ҳақда индамадилар). Шу билан бирга “эволюция назарияси менинг диний туйғумга тегяпти”, “мусулмон бўлсангиз буни ўқитманглар!”, каби талабни жанжал қилиб илгари сураётган талаба билан хайрлашиш керак, тамом. Жанжалкаш профессор, жанжалкаш талаба ўзларининг ҳақ эканликларини судда химоя қилиб кўришсин. Эволюция назариясини динга кескин қарши қўйиш мусулмон даъватчиларига христиан креационистларининг керагидан ортиқ таъсиридандир. Афсуски бизнинг юртимиздан диний мутафаккирлар етишмовчилиги мавжуд, эволюция моҳиятини диндорларга тушунтириб берадиган, жуда бир тор диний талқин тарафдорларигина илмий назариялар билан жанг қилишаётганлигини тушунтирадиганлар йўқ! Диний тафаккур сиёсий босим остида узоқ йиллар ушлаб турилиши сўзи ўтадиган мутафаккирлар етилиб чиқилишини бўғиб қўйган эди. 


5. Экономизм... яна ўша экономизм...


Муаллифлар ниятлари холис ва эзгу эканлигини таъкидлаб

“иқтисод равнақи учун ҳаракат қиладиган мутахассислар етилиши”

мақсадларига киришини айтадилар. Бу шаблон иборами ёки ҳақиқатдан ҳам иқтисодий мақсад биринчи ўринда эканлигини аниқ била олмайман. Аммо бу жуда характерли бурилиш. Асосий мавзудан четланаётганимдек кўринсамда мен учун мунозарадаги муҳим симптом бўлиб кўринди. Бу ҳақда узун мақоламнинг Хулоса қисмида тўхталаман.


6. 1990-ва 2000-йиллар тарихий экскурсиясида, ўқувчиларим ижозати билан тўхталмайман. Чунки мақола чўзилиб кетяпти, асосий, аҳамиятли фикрларга эътиборни сақлашни истардим.


7. Динни қурол қилиш яраймайди... диндорлар учун ҳам, давлат учун ҳам.


Давлат диний радикализм қарши курашда “ҳақиқий, тинч исломни” восита қилиш ва бунда ҳуқуқий аспектга паст эътибор берилиши мумаммосини муаллифлар кўтарганлар. Юқорида айтиб ўтилган Исломий омилнинг ўрни улканлиги сабабли ҳам давлат айнан шундай йўл танлаши мен учун табиий кўриняпти, шу билан бирга муаллифларнинг Ҳуқуқ масаласига эътибор паст кўрилгани хато эканлигига мен мутлақо қўшиламан, ва шу билан бирга муаллифлар ўзлари Ҳуқуқий тамоил – Қонунлар Устуворлигига оз аҳамият бераётганликларига эътиборларини қаратаман. Мақола бошдан оёқ идеологиялар кураши парадигмасида ёзилган, айниқса динийлик ва дунёвийлик ўртасидаги оғир кураши марказга чиқарилиб, “хавфсизлик барча нарсалардан устуворлиги” тузоғидан чиқа олишмаган. Мен ракурсни айнан Қонунлар Устуворлиги тарафга буришни таклиф қилган бўлар эдим ва бу ҳақда Хулоса қисмида гапираман.


8. Жамиятдаги зиддиятлар


Бу зиддиятлар жамият келишиб олган қонун устуворлиги тамоили билан енгилади. Ҳеч қандай “диннинг бостириб киришига қарши сиёсат” ва “тўғри исломни бошқа исломий талқинларга қарши қўйиш сиёсати” билан ижтимоий низоларни бартараф қилиб бўлмайди.


9. Кераксиз тарафкашлик 


Муаллифлар айтганидек давлат Ислом таълимотларининг бирон оқимини танлаб олиб уни бошқа талқинлардан устун қилиб олиши сиёсати хатодир, мен бу фикрга қўшиламан. Мисол қилиб келтирилган "Мотуридия" ақидаси қадимда муътазила ва бошқа фалсафий оқимлар ўртасида илоҳиётга оид назарий полемикалари натижасида хосил бўлган догматик тизимдир. Давлат бу ёки бошқа теологик мазҳабни “давлатнинг диний сиёсати” асоси қилиб олиши ҳеч қандай зиддиятларни хал қила олмайди ва аксинча муаммоларни чуқурлаштириб юборади. Давлат позицияси қонун устуворлиги, инсон эркинлиги химояси бўлиб қолиши лозим эди. Теологик бахсларга аралашиб, баъзиларни “тўғри йўлдаги мазҳаб”, бошқаларни эса “адашганга” чиқариб инквизиторлик ролини олиш давлатни ўрта асрларга ирғитиб юборади.

 

Муаллифлар айтганларидек, ёш мусулмонлар хориждан туриб узатаётган хавфли “дарсларга” берилиб кетяптилар. Бор факт, аммо муаллифлар сабабларини чуқурроқ таҳлил қилиб ўтирмадилар. Муаллифлар давлат диний аргументацияни радикализмга қарши ишлаяпти, дейдилар. Яхшилаб кузатилса ҳукумат “диний аргументациядан” расмий домлалари орқали ижтимоий норозилик кайфиятларини бостириб туриш учун ҳам кенг фойдаланмоқда, бу эса акс эффект беряпти. Расмий имомнинг “шукур қилиш”, “пошшо амри вожиб”, деган чақириқлари ижтимоий босим остидаги ёш мусулмон асабига тегади, у ҳақиқат излаб интернетдан ёки бошқа жойдан адолат тараф турган исломни қидиради ва давлатни ёмонлайдиган даъватчиларга учрайди. Мана шу омил нима учун муаллифлар назаридан қочди? 

 

“Расмий домлалар” қатлами мавжуд бўлгани билан у салмоқли, замонавий фикрловчи диний мутафаккирлар ўрнини боса олмаяпти, бу қатлам ижтимоий референт ролини жуда сустлик билан ижро этмоқда. Расмий домлалар ўзларига бўлган ишончсизлик кайфиятини “ташқи қора кучлар”, “сохта-салафийлар”, “ғарб разведкаси” кирдикорлари билан тушунтириш билан чекланадилар. Иқтисодий, ижтимоий тушкунликка тушган, коррупция хуружидан, табиат ва саломатлик ҳаётидаги жиддий инқирозлардан азоб чеккан аҳолига малҳам бўладиган сўз топа олмаётибтилар.... Жамиятда содир бўлган адолатсизлик ҳолатлари юзага чиққанда Қонун устуворлигини талаб қилишда нормал шижоатни сўндиришга уринадилар. 

 

Афсусларки, давлат тарафидан қувватланган расмий домлалар ёш онгларга аксилилмий, конспирологик назариялар сингдиришда фаол бўлаётганликлари кўриняпти. Муаллифлар радикалликка мойил диндорлар хатаридан огоҳликка чақирар эканлар, конспирологик ва ғайриилмий, псевдоилмий назарияларни тиқиштиришларига ҳам тайёр турсинлар. 


10. Фаннинг "динийлашуви" ҳақида 3- ва 4-бандлар остида фикримни айтдим.


Бу саволларга нисбатан мен юқорида қисман жавоб бериб ўтдим, асосий таклиф-хулосаларимни мақоланинг давомида ёзаман.


Хулосалар


Муаллифлар мақоласи диннинг фан/таълим билан тўқнашиб қолиши билан чекланмаган, анчагина кенгроқ, ижтимоий кўламда муаммони ўртага ташлганлар деб ҳисоблайман. Муаллифлар бу оғриқлар ҳақида фикр юритар эканлар кузатаётган воқеликка нисбатан ташқаридан қарганларида “Биз қандай жамиятда яшашимиз лозим?”, деган саволга жавоб топмай туриб, “хавфсизлик аргументацияси”га ўтиш тўғри эмас, НИМАНИНГ хавфсизлиги масаласи муаллақ тургани мен учун ойдек равшан.


Биз қандай жамият қурмоқдамиз? Мана шу саволга жавобни хаёлда ушлаб турибгина ижтимоий муаммоларга ечим топа оламиз. Мақола муаллифлари жамиятнинг қандай бўлишини таклиф қиладилар? Қисқагина "дунёвий давлат", деган ибора билан гапни қисқа қилишга эриши мумкин холос. 


Қуйида мен бу саволга кенгайтириброқ жавоб бераман.


Мен истардимки, Ўзбекистон жўғрофий маънода эмас балки сиёсий маънода Республика бўлишини. Республика формати диндор ва диндан узоқроқ фуқаролар манфаатига зид келмаслигига ишонаман, фақат жуда тор олганлар республикачилик ва дин бир бирига зид дейдилар. Дин билан фанни бир бирига қарши қўйиш қанчалик хато бўлса, репсубликачилик ғоясини диний эътиқодга зид кўриш шундай хатодир.

Мен хоҳлардимки, Ўзбекистонда энг асосий қадрият инсоннинг ҳаёти ва унинг ҳуқуқий, эътиқодий, мулкий, ижодий, сиёсий эркинликлари бўлиши лозим.

Мен хоҳлардимки, ўзбек жамияти хилма хил қадриятлар, қарашлар бир бирининг эркинликларини чекламай яшашига интилиши, ўзаро зиддиятларни қонун ва одил суд тергови асосида хал қилинишини.

Ҳукумат қонунлар ва аҳолига берган ваъдаларига бахоли қудрат риоя қилиши орқали легитимлигини ушлаши керак. Легитимликни сақлаш учун “расмий” клерикал қатламга мурожаат қилмаслигини лозим. Бу барча давлатларда учрайдиган норозилик кайфиятларини янада радикаллаштиради (ҳам келирикал қатламни ёқлаган, ҳам уларга кескин қарши чиққанлар тарафидан) ва муаллифлар айтиб ўтган оғриқли муаммоларни чуқурлаштириб юборади. Давлат ҳуқуқшунос, ҳуқуқбон, сиёсий амалдор бўлиши керак, ҳеч қандай подшоҳ эмас.

Давлат мазҳаблараро зиддиятларда бирон тарафга ўтмаслиги, низоларга фақат ва фақат қонун нуқтаи назаридан ёндашиши лозим.

Илмий эркинликка диний ё мафкуравий важлар билан қарши чиқлишига йўл қўйилмасин. Илмий тадқиқотларга оид биоэтика, экологик, инсонийлик чегараларини ижтимоий фаол қатламлар, уларнинг диндор бўлиши бўлмаслигидан қатъи назар, тарафидан белгиланиши лозим. Зарур бўлса бу чегаралар қонунлаштирилиши лозим.

Қонунчиликда – эркин ватандошларнинг (ситизенлар, фуқароларнинг) иштироки устувор бўлиши лозим.

Бирон диний, сиёсий, маданий фаолият инсон ҳаётига ва эркинликларига раҳна солсагина давлат кескин чора кўриши мумкин.

Жамият ўз эркинлигини иқтисодий манфаатлардан устун кўра билса, шубҳасиз, ҳам маънан, ҳам иқтисодий равнақ топади. Иқтисодий манфаатни барча мавзуларда биринчи ўринга қўйявериш вульгар марксизмдан қолган асоратлигини тушуниб етайлик.


Жамият ўз эркинлиги ва қонунларни хавфсизлик баҳонасидан устун кўра билса, шубҳасиз, ҳам эркин, ҳам кучли хафсизлик тизимга эга бўлади. Хавфсизликни барча мавзуларда биринчи ўринга қўйявериш бизни авторитар ва кейинчалик тоталитар муҳитга киритиб юборади.


Кўриниб турибтики, юқоридаги тамойиллар Ўзбекистон Конституцияси руҳидан келиб чиққан, агар уларга риоя қилиш марказий ўринга қўйилса муаллифлар кўтариб чиққан мавзулар юқорироқ даражада кўтарилиб энг самарали, сифатли ечим топилар эди. Қонунийлик ва Инсон Ҳуқуқларига таянилмас экан яқин 27 йиллик, совет даври, чор империяси даври, беклик ва амирлик давларидаги хатоларни шубҳасиз қайтараверишга маҳкум бўламиз. 


Юқори поғоналарга кўтарилайлик, республика тамоилларини ўрганиб амал қилайлик, илмий тарққиётни қадрлаб эътиқодий эркинликларни тўсмайлик. Шунда социал референт бўла оладиган еткачи шахслар, жумладан диний мутафаккирлар синфи етишиб чиқади ва адолат ва мунтазамлик истаган ёш қалблар маргинал тарғиботчилар тузоқларига тушмайдилар.


"Фан ва дин..." мақоласи муаллифларига улар кўтарган муаммолар мунозараси ана шу поғанада муҳокама қилишини таклиф қиламан ва уларга ўта муҳим мавзуларни кўтарганликлари учун миннатдорчилигимни билдираман.


Жамшид Муслимов


Report Page