Нусрат Муродов: Ўзгаришни ўзимиздан бошласак...

Нусрат Муродов: Ўзгаришни ўзимиздан бошласак...

Buxoro.uz

Бу йил ўнлаб миллатимиз фидойилари қурбонликлари эвазига келган қимматбахо неъматимиз — Мустақиллигимизга 29 йил тўлмоқда. Қарийб чорак асрдан зиёд вақт ўтган бўлсада, мустақиллик тантанаси кечагидек қувончларимизни безайди. Қалбларимизга олам-олам бахт, бетакрор ҳис-туйғуларни бағишлайди. Нега биласизми? Чунки эркинлик, мустақиллик ўрнини босувчи одамга бу қадар ёқадиган бирор бошқа туйғу йўқ.

Узоққа бормайлик, сўнгги йилларда рўй берган ўзгаришларни олайлик. Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев ўтмишда йўл қўйилган хатоларни бартараф этиб, кўплаб танқидларга учраган тақиқларни бекор қилди, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига доир қатор амалий чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилди. Сўз эркинлиги ва ҳукумат фаолиятининг очиқлиги таъминланаётгани, қўшни давлатлар билан алоқалар мустаҳкамланаётгани, юртимизда республикамизнинг халқаро майдондаги имиджини тубдан ўзгартиришнинг кафолати ва гарови сифатида баркамол авлод таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратилаётгани, ёшлар эртанги кунимизнинг, давлатимиз ва жамиятимиз тараққиётининг муҳим манбаи, бош омили, етакчи кучи сифатида майдонга чиқаётгани юқоридаги фикрларимиз далолати, албатта.    

Ютуқларимиз ҳақида тўлқинланиб гапиришим мумкин. Айниқса, олий таълим соҳасининг ислоҳ қилинаётгани бехад қувонтиради. Жаҳоннинг нуфузли олий таълим даргоҳларининг филиаллари юртимиздаги вилоятларда, чекка ҳудудларда ҳам ташкил этилмоқда. Бошқа мамлакатда ўқиш, таҳсилни юртимизга кўчириш каби ишлар ҳам соддалаштирилмоқда. Умумтаълим мактабларида “IТ” хоналари ташкил этилиб, замонавий компьютер жиҳозлари билан таъминланмоқда. Амалга оширилаётган тарихий бунёдкорликлар ва янгиланишларни биргина филиалимиз мисолида олсак, сўнгги икки йилда талабалар ва педагог жамоамиз учун қатор муваффақиятлар даври бўлди десак, муболаға эмас.

Масалан, икки йилда 3 нафар талабамиз Абу Райҳон Беруний номидаги, 2 нафар талабамиз мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги, яна 2 нафар ёш иқтидор эгаси Бухоро вилояти ҳокими стипендияси соҳибларига айландилар. Таълим даргоҳимизнинг Сув хўжалиги ва мелиорация таълим йўналиши бакалавриат босқичи битирувчилари Жамшид Шукуруллаев ҳамда Нозимжон Тешаевлар  Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендияси совриндорлигини қўлга киритишган. Ирригация ва қишлоқ хўжалиги тармоқларини такомиллаштиришда илмий-амалий тадқиқотларини изчил олиб бораётган ёш олимларимиздан икки нафари ўтган йили фан доктори илмий унвонига эга бўлган бўлса, яна беш нафар шогирдимиз ўз йўналишларида фалсафа доктори илмий диссертацияларини муваффақиятли  ҳимоя қилди. Худди шундай, ўнга яқин ёш иқтидор эгалари айни кунда илмий раҳбарлари кўмагида ўқув-амалий изланишлар, тадқиқотлар билан бандликларини кўриш мумкин.  

Ютуқ ва натижаларимиз туб ислоҳотлар дебочасидир. Энг муҳими, тўғри йўлда эканимиздан мамнунмиз. Ҳеч нарса ўз-ўзидан қўлга киритилмайди. Юқоридаги ютуқларимиз замирида ҳам таълим даргоҳимиз моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, фарзандларимизни муносиб касб-кор эгалари сифатида камолга етказиш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ётибди, албатта. Давлатимиз эътибори ва ғамхўрлиги остида филиалимизда сўнгги икки йилда амалга оширилган қурилиш-бунёдкорлик ишлари, янгиланишлар хусусида ҳам тўхталиш жоиз.

2019 йилдан бошлаб бош ўқув биномиз, иккинчи ўқув биномизни таъмирлашга 275 миллион сўм, ахборот ресурс маркази ва иситиш тизимини шай ҳолатга келтириш учун 524 миллион сўм маблағ сарфланди. Айни кунда эса ўқув-лаборатория базасини модернизация қилиш лойиҳасига мувофиқ, филиалимизда Технопарк компуси ташкил қилинмоқда ва қурилиш-пудрат корхонаси “Пешкў қурилиш-ҳамкор инвест” МЧЖ томонидан бундаги ишлар кеч кузда ниҳоясига етказилиши кўзда тутилган. Умуман, жорий йилда таълим даргоҳида кечаётган қурилиш-таъмир ишларига 1 миллиард 140 миллион сўм маблағ молиялаштирилган.  

Бундан ташқари, Президентимизнинг 2017 йил 20 апрель куни қабул қилинган “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ гидротехника иншоотлари ва насос станциялари йўналишида дунёнинг нуфузли давлатларида ишлаб чиқарилган замонавий ўқув лаборатория жиҳозлари келтирилганлиги, ўқув хоналарининг видеопроекторлар билан жиҳозланганлиги ҳамда ахборот ресурс марказининг 25 мингдан ортиқ фондга бойитилганлиги таълим сифатини юқори босқичга олиб чиқмоқда, десам муболаға бўлмайди. Қолаверса, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб кредит-модуль тизимига ўтилиши олий таълимнинг жаҳон стандартларига яқинлашишига бир қадам бўлди. Қайд этиш ўринлики, кредит-модуль тизимига ўтиш – давр талаби. Бу тизимда ўқитувчиларни талабалар танлайди. Танлов фанлари сони кўпайтирилади, яъни талаба ўз йўналиши бўйича танлаб ўрганиши мумкин бўлган фанлар сони кўп бўлади.

Шу ўринда айтиш лозимки, мамлакатимизнинг келажакда қандай қудратга эга бўлиши ҳар биримиз, орзу-интилишларимиз ва албатта, фарзандларимизга муносабатимизда яққол кўринади. Шу маънода, ўзгаришни ўзимиздан бошласак, ўғил-қизимиз таълим-тарбиясига ҳаёт-мамот масаласи сифатида қарасак, ҳаётимиз янада фаровон, мамлакатимиз янада қудратли, юртимиз эса саодат масканига айланади.

Нусрат Муродов,
Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Бухоро филиали директори

Report Page