Нурота тумани ҳокими А.Файзиевнинг Мустақиллигимизнинг 32 йиллиги байрами муносабати билан туман аҳолисига байрам табриги
Ассалому алайкум, азиз меҳмонлар!
Қадрли тумандошлар!
Бугун навқирон юртимизнинг ҳар бир гўшасида бўлгани каби, туманимизда ҳам Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг шонли 32 йиллик байрамини қалбларда юксак ғурур ва ифтихор, шодлик ва сурур билан қарши олмоқдамиз.
Биз учун энг улуғ ва энг азиз бўлган мустақиллигимизнинг байрам шодиёналари билан Сиз азизларни, Сизлар орқали бутун туманимиз халқини самимий муборакбод этаман.
Ўзининг неча минг йиллик кўҳна тарихига эга, не-не воқеаларни бошидан кечирган халқимиз учун Ўзбекистон мустақиллиги, ҳаётимизни, ғуруримизни тубдан ўзгартирган бу улуғ сана кўп йиллар, замонлар ўтсада, ўз аҳамияти, қадр-қиммати ва моҳиятини йўқотмайдиган, том маънода оламшумул воқеа бўлиб абадий сақланиб қолади.
Ватанимиз Мустақиллигининг 32 йиллиги “Янги ҳаёт учун, янги Ўзбeкистон учун!” шиор остида Ўзбекистоннинг ҳар бир гўшасида кенг нишонланмоқда.
Истиқлолнинг илк кунларидан эътиборан мамлакатимизда олиб борилган кенг қамровли ислоҳотлар туфайли барча ҳудудларда бўлгани каби Нурота тумани да ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, сўнги йилларда туманнинг меъморий қиёфаси тубдан ўзгариб, кўркига-кўрк қўшилмоқда, янги ижтимоий-маданий объектлар, жаҳон андозаларига мос келадиган мехмонхоналар, бир-биридан шинам намунавий лойиҳалар асосидаги уй-жойлар барпо этилмоқда.
Хусусан, сўнги 6 йиллик даври мобайнида ижтимоий соҳани ривожлантириш борасида амалга оширилган самарали ишлар натижасида инвестиция давлат дастури асосида 2 та умумтаълим мактаб янгидан қурилди.
Бундан ташқари, 12 та умумтаълим мактаби, 6 та мактабгача таълим муассасаларида, мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилиб замон талаблари асосида жиҳозланди.
Туманда 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 2017 йилдаги 21,7 фоизни ташкил этган бўлса, мактабгача таълим соҳасини ривожлантириш борасида туманда амалга оширилаётган ишлар самараси ўлароқ ўтган давр мобайнида 89 та янги давлат, давлат хусусий шерикчилиги ҳамда уй боғчаларини ташкил этилиши натижасида қамров даражаси бугунги кунда 70,9 фоизга етказилишига эришилди.
Мустақиллик йилларида юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани сингари аҳолини яшаш шароитларини яхшилаш, мавжуд салоҳият ва имкониятлардан самарали фойдаланиш орқали ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, бунёдкорлик ишларини ташкил этиш, замонавий архитектура ва қурилиш талаблари асосидаги янги инфраструктуравий, ижтимоий-маданий ва бошқа объектларни барпо этиш борасида жойларда кенг кўламли амалий ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, 2023 йилда ҳам бу борадаги ишлар тизимли равишда давом этирилиб, умумий қиймати 59,6 млрд сўм бўлган 59 та лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Йўл инфратузилмасини яхшилаш мақсадида қиймати 30,7 млрд сўм бўлган 26 та лойиҳалар; (7,2 км автомобил йўллари таъмирланди)
Аҳолини узлуксиз равишда электр энергияси билан таъминлаш мақсадида қиймати 6,3 млрд сўм бўлган 13 та лойиҳалар; (40,0 км электр тармоқларни реконструкция қилинди, 28 та трансформатор пунктларини янгидан ўрнатилиб таъмирланди ҳамда 245 та темир бетон таянчлар ўрнатиоди)
Ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида туманда 3 та лойиҳалар амалга оширилиши ҳисобига 5,2 млрд.сўм маблағлар ўзлаштирилиши таъминланади. (Сувлиқ, Жарма Нурфахр МФЙларида 4 та сув иншоотлари қурилиб, 26,9 км ичимлик суви тармоқлари тортилди)
Қадрли тумандошлар,
Барчамизга яхши маълумки кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ривожланиши ҳар бир ҳудуднинг ривожланиши ва аҳоли ҳаётининг фаровонлигининг муҳим омили бўлиб хизмат қилади.
Бугунги кунда бу борада юртимизда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган ташаббускорлар учун барча имкониятлар яратиб берилмоқда.
Таҳлилларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2016 йилда туманда фаолият олиб бораётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари 514 тани ташкил этган бўлса, бугунги кунда улар сони 1768 тага етиб, қарийб 3,5 баробар кўпайганлигини гувоҳи бўлишимиз мумкин.
Албатта кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида қабул қилинган мақсадли дастурлар муҳим аҳамият касб этади.
Шу нуқтаи назарда рақамларга эътибор берадиган бўлсак, 2017-2022 йиллар давомида тасдиқланган дастурларга мувофиқ саноат, қишлоқ хўжалиги ҳамда савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида умумий қиймати 463,0 млрд.сўмлик 624 та лойиҳалар амалга оширилиб 2596 та иш ўринлари яратилган.
Жорий йилда ҳам саноат, қишлоқ хўжалиги ҳамда савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида умумий қиймати 286,0 млрд.сўмлик 48 та лойиҳалар амалга оширилиб 524 та иш ўринлари яратилиши белгилаб олинган.
Мамлакатимиз Президентининг яқинда тадбиркорлар билан ўтказган очиқ мулоқотида белгилаган вазифалари ҳамда соҳа равнақи йўлида тақдим этган енгиллик ва қулайликлари туманимизда ҳам тадбиркорлик ривожи йўлида янги имкониятлар эшигини янада кенгроқ очиши, шубҳасиз, албатта!
Қулай ва жозибадор инвестициявий муҳит, экспортёр корхоналарни молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларининг жорий этилиши маҳсулотлар экспорти ҳажмларининг ошишига, номенклатураси ва географияси кенгайишига хизмат қилмоқда. 2016 йилга солиштирганда, туманимизнинг экспорт ҳажми 10 бараварга, жалб қилинган хорижий инвеститциялар ҳажми эса қарийиб 20,5 млн АҚШ долларига ўсиб 23 та хорижий инвестициялар асосидаги қўшма корхоналар фаолияти йўлга қўйилди.
Бу каби ютуқлар, шубҳасиз, ҳурматли юртбошимизнинг Нурота туманига алоҳида эътибори ва амалий ёрдамларининг тимсолидир.
Иқтисодиётимизнинг етакчи тармоғига айланиб бораётган Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли томорқасидан самарали фойдаланиш бўйича биргина 2023 йилнинг ўзида тижорат банклари томонидан 876 нафар юридик ва жисмоний шахсларга оилавий тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйилиши учун 21,2 млрд сўм имтиёзли кредитлар ажратилган бўлса, Ёшлар дафтарига киритилган 508 нафар ёшларга 1,792 млн.сўмлик, Аёллар дафтарига киритилган 2322 нафар эҳтиёжманд хотин-қизларга жами 1,8 млрд сўмлик маблағ ажратилди.
Қадрли тумандошлар,
Ўтган давр мобайнида кўҳна ва узоқ тарихий аҳамиятга эга бўлган Нурота туманида эришилган юксак марралар ҳақида узоқ гапиришимиз мумкин.
Бугун биз қўлга киритаётган бу юксак марраларнинг илдизи, замини нимада, деган саволга хар биримиз хеч иккиланмасдан, буларни барчасининг замирида аввало мустақиллик деб аталган бебахо неъмат, халқимизнинг фидокорона мехнати, унинг тобора юксалиб бораётган онгу тафаккури, эртанги кунга бўлган ишончи, эзгу орзу-интилишлари мужассам, деб катта ғурур ва ифтихор билан айтишимиз табиийдир.
Оллохнинг назари тушган, Ўзбекистон деб аталмиш гўзал ва бетакрор ўлкада туғилиш, унинг бағрида камол топиш хар кимга хам насиб этмайди. Ана шу хақиқат азиз ёшларимизни қалбидан, юрагидан чуқур жой олишини, Ватан севгиси, Ватанга садоқат туйғуси уларга умурбод ёр бўлишини истардим.
Фурсатдан фойдаланиб, Сизларни ва бутун туманимиз аҳлини энг улуғ, энг азиз байрамларимиздан бири, қутлуғ айём – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 32 йиллиги билан яна бир бор самимий муборакбод этаман.
Сизларга мустаҳкам соғлик, бахту саодат, Ватанимиз равнақи ва халқ фаровонлигини ошириш йўлидаги масъулиятли ва шарафли фаолиятларингизда улкан муваффақиятлар тилайман.
Мустақиллик нашидаси ҳар бир инсон қалбини нурларга тўлдирсин. Мамлакатимиз тараққиётнинг ойдин йўлидан юксаклик сари дадил одимлайверсин.
Халқимиз омон, Мустақиллигимиз абадий бўлсин!
Эътиборингиз учун раҳмат.