Нуронийлар иштирокида саёҳат ва маданий тадбирлар бўлиб ўтди

Нуронийлар иштирокида саёҳат ва маданий тадбирлар бўлиб ўтди

MOQQV

Сўнгги йилларда юртимизда нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, саломатликларини асраш борасида давлатимиз томонидан муҳим ишлар амалга оширилмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ, кўпни кўрган отахону онахонларнинг ёшлар маънавиятини юксалтириш, маҳаллалар ва оилаларда ҳамжиҳатликни таъминлашдаги ўрни ва иштироки ортиб бормоқда.

Жорий йилнинг 21 декабрь куни Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Республика “Нуроний” жамғармаси ҳамда Тошкент вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган қатор маданий ва саёҳат тадбирларида нуронийларнинг жамиятдаги турли масалаларни ҳал этишдаги ўрни алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Тадбир давомида Тошкент вилояти ҳудудида истиқомат қилаётган 450 нафардан зиёд ижтимоий фаол кексалар, меҳнат фахрийлари ҳамда Нуроний жамоатчилик кенгаши аъзолари иштирокида Қибрай туманида жойлашган “Янги Ўзбекистон” боғига саёҳат ташкил этилди. Саёҳат иштирокчилари бу ерда шонли тарихимиз ҳамда бугунги кунни ўзида мужассам этган бадиий экспонатлар ҳамда бу ерда олиб борилган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишишди.

Пойтахтимизда жойлашган “Табассум” ресторанида нуронийлар иштирокида ташкил этилган “Дийдор ширин” концерт дастури ҳам унутилмас воқеаларга бой бўлди. Тадбирда сўз олганлар бугунги кунда давлатимиз томонидан кексаларга кўрсатилаётган эъзоз ва ғамхўрликлар, ёшлар учун яратилаётган шароит ва имкониятларга алоҳида тўхталиб ўтишди.

Шундан сўнг тадбир иштирокчилари учун Ўзбекистон Миллий академик драма театрида “Уруш одамлари” номли спектакл намойиши бўлиб ўтди. Иккинчи жаҳон урушининг бутун инсоният қаторида халқимиз ҳаётига таъсири, инсонларнинг машаққатли ҳаёт тарзи бадиий йўналишда очиб берилган ушбу саҳна асари томошабинларда катта таассурот қолдирди.

 


Report Page