Нуронийлар беллашганда

Нуронийлар беллашганда

Каримберди Тўрамурод

25 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида кекса авлод вакиллари ўртасида “Ёшлар мураббийси” кўрик-танлови бўлиб ўтди.

танловнинг илк шартлари баҳоланмоқда...

  Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил18 февралда “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш юзасидан Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини ҳамда ёш авлодни халқимизнинг кўп асрлик анъаналарини ҳурмат қилиш, уларни Ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишидаги ўрнини янада ошириш мақсадида ташкил этилди.

Кўрик танловнинг 1-босқичи маҳаллаларда, 2-босқичи секторларда, 3-босқичи шаҳар ва туманлар миқёсида ўтказилди. 4-босқич эса, вилоят миқёсида бўлиб ўтди.

1-шартда иштирокчилар ўз маҳаллаларида ёшлар тарбияси ва уларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширган ишлари ҳақидаги тақдимотни слайдлар ёрдамида англатишди.

2-шартда   ҳар бир иштирокчи ёшлар тарбиясига оид муаммоли ҳолатлар билан боғлиқ саволларга жавоб беришди.

3-шартда иштирокчилар ёшлар билан самарали мулоқот олиб бориш бўйича ўзларининг нотиқлик санъати, шеърият, миллий санъат турлари каби соҳаларда ижодий салоҳиятларини намойиш этишди.

Танлов қизғин давом этмоқда...

Кўрик-танловда нуронийларнинг чиқишларини нуфузли ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди. Хизматкорингиз Каримберди Тўрамурод ҳам ана шу ҳакамлар сафида бўлди. ва ўз одати бюўйича, топшириқни уддалай олмаган иштирокчиларига аямасдан 2 баҳо ҳам қўйди...

Қаттиққўл ҳакам...

Отахонлар ўртасида қуйидаги нуронийлар ғолиб бўлди:

1-ўрин: Бозор Ҳасанов, 179 балл – Нарпай тумани;

2-ўрин: Шамаматов Бахриддин, 174 балл – Каттақўрғон шаҳри; 

3-ўрин: Қулматов Жуманқул, 173 балл – Булунғур тумани.

Онахонлар ўртасидаги ғолиблар:

1-ўрин: Умарова Норбуви, 185 балл – Булунғур тумани;

2-ўрин: Мирзаева Зебор, 184 бал – Пахтачи тумани;

3-ўрин: Тешаева Башорат, 178 бал – Каттақўрғон шаҳри.

Кўрик-танлови ғолиблари ҳамда ва иштирокчиларига вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси номидан қимматбаҳо совғалар, “Диплом”лар ҳамда “Ташаккурнома”ларни “Нуроний” жамғармаси раиси Саидаҳмад Усмонов топширди.

Тақдирланганлар

 Кўрик-танлов давомида вилоят “Баркамол авлод” маркази тарбияланувчилари ижро этган куй-қўшиқ ва рақслар олқишларга сазовор бўлди.

Доирачилар ансамблининг чиқиши

Кўрик-танлов “Нуроний” жамғармаси ташкил қилган “Бир пиёла чой устидаги суҳбат” билан ниҳоясига етди. 


Report Page