Нурафшон умр

Нурафшон умр

Buxoro.uz

Инсон умри бир чақнаб сўнган юлдуздек тез ўтади. Бироқ  ҳаётлик чоғида бажарган хайрли амаллари, савоб ишлари элу-юрт хотирасида абадий сақланиб қолади. Бундай инсонлар бу ёруғ оламдан ўтгандан кейин йиллар ўтиши билан улар қилган эзгу амаллар тобора ойдинлашиб, тўлалигича янги-янги маъно ва мазмун, моҳият касб этиб бораверади. Зеро, донишманд шоирларимиздан бири Мақсуд Шайхзода айтганидек, “Умрлар бўладики, тиригида ўликдир. Умрлар бўладики, мангуликка тирикдир”. “Бухоро халқаро аэропорти” МЧЖ директори, Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши депутати, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Баҳронов Тоҳир Саидович ана шундай элпарвар инсонлардан бири эди. 1959 йил 21 апрелда Бухоро шаҳрида таваллуд топган Тоҳир Баҳронов 1986 йилда Бухоро давлат педагогика институти, 1996 йилда Санкт-Петербург фуқаро авиацияси академиясини сиртдан ўқиб тугатди. Меҳнат фаолиятини 1976 йилда Бухоро сув хўжалиги бошқармаси киномеханиги ёрдамчиси сифатида бошлаб, Бухоро “ХАТП-11” автокорхонаси ҳайдовчиси (1977-1978), Бухоро авиаотрядининг ташиш бўлими диспетчери (1980-1982), Бухоро шаҳар авиаагентлиги бошлиғи (1982-1985), Бухоро аэропорти йўловчилар ташишни ташкил қилиш хизмати бошлиғи, директор ўринбосари (1985-1997) лавозимларида ишлади. Мақсадга интилиш, хақиқатгўйлик, инсонпарварлик, ишчанлик. Бу хислатларнинг барчаси Тоҳир Баҳроновда мужассам эди. Айни шу фазилатлари боис у 1997 йилда “Бухоро халқаро аэропорти” ДУК директорлигига тайинланди. Катта ҳаётий тажрибаси туфайли Бухоро аэропортини ривожлантиришда сермаҳсул меҳнат қилди. Қарийб 25 йиллик раҳбарлик йиллари давомида Ўзбекистон аэропортлари тарихида жонкуяр ва фидоий соҳа ходими сифатида ёрқин из қолдирди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати (1999-2004), Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши депутати (2014-2019), Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси (2014-2019) сифатида ҳам  ижтимоий муаммоларни қисқа фурсатда атрофлича ўрганиб, ижобий ечим топишида ташаббус кўрсатди. Сайловчиларининг дарду ташвишини эшитиш, чигал масалаларни бартараф этишга доим интилиб келди. Одамларнинг турмуш тарзи яхшиланишига муносиб ҳисса қўшди. Эл-юртга меҳр-садоқат билан чин дилдан хизмат қилди. Бундан ташқари, фаол жамоатчи сифатида вилоятимиздаги бунёдкорлик ишларида иштирок этди. Тоҳир Баҳронов атрофдагиларга яхшилик улашиши, ишга масъулияти, юқори интизом ва ташкилотчилиги билан нафақат Бухоро вилоятида, Ўзбекистон Либерал демократик партиясининг республикадаги фаоллари орасида катта ҳурмат қозонган эди.

Чинданда унинг иш тажрибаси, ҳаёт мактаби баланд эди, кўплаб шогирдлари бугун турли соҳаларда фаолият юритмоқда, устозининг эзгу ишларини давом эттирмоқда.

У турмуш ўртоғи Гулчеҳра Ҳамдамова  билан икки ўғил, икки қизни муносиб тарбиялаб юрт корига ярайдиган инсонлар қилиб вояга етказишди.

Афсуски, бешафқат ўлим бугун оиланинг таянчи, фарзандларнинг суянчи бўлган, ажойиб дўст ва камтарин инсон, ташкилотчи раҳбар Тоҳир Баҳроновни 61 ёшида орамиздан олиб кетди. Т.Баҳроновнинг порлоқ хотираси вилоят жамоатчилиги, яқинлари, дўст-биродарлари, шогирдлари қалбида абадий яшайди.

Бухоро вилояти ҳокимлиги Тоҳир Баҳроновнинг вафоти муносабати билан унинг оила аъзолари, яқинларига таъзия изҳор этиб, ҳамдардлигини билдиради.