Нотариал ҳаракатларга “таймер” қўйилди: бу нима учун керак?
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Нотариал палатасиҲар бир нотариал ҳаракатни тўғри, сифатли, келажакда низолар келтириб чиқармайдиган тарзда расмийлаштириш маълум малака, меҳнат ва вақтни талаб қилади. Нотариус шунчаки муҳр босувчи котиб эмас, давлат қонунлари асосида ҳуқуқий хизмат кўрсатувчи масъул шахсдир. Бу ўзига хос масъулиятли ва маълум жараёнларни тақозо қилади.
Нотариал ҳаракат қандай бажарилади?
Дастлаб фуқаролар тақдим этган ҳужжатлар ва билдирган маълумотлари асосида нотариус ёрдамчилари битим лойиҳасини тайёрлайди. Шундан сўнг битим тарафлари ва унга алоқадор шахсларнинг тўлиқ иштирокида нотариус ҳузурида нотариал ҳаракатни расмийлаштириш жараёни ўтказилади.
Нотариал расмийлаштириш жараёни қуйидаги мажбурий босқичлардан иборат бўлади:
1) тарафларнинг шахсини расмий ҳужжатлардаги маълумотлар ва фотосуратга қараб аниқлаш;
2) иштирокчиларнинг муомала лаёқатини электрон базадаги маълумотлар орқали текшириш, уларнинг битим тузиш вақтидаги руҳий ҳолатини, битим бўйича эрки-иродасини, яъни тазйиқ ёки босим ўтказилмаганлигини, ўз хоҳиши билан амалга ошираётганлигини суҳбат қилиш орқали аниқлаш;
3) битим объекти бўлган мулкнинг сотувчига тегишлилигини ҳужжатлар асосида текшириш, мулкка умумий биргаликдаги (эр ёки хотин) ёки улушли эгалар бор ёки йўқлигини электрон базадан ва тарафлардан сўраб текшириш, текшириш натижасини бошқа тарафга маълум қилиш, уларни битим матнида акс эттирилганлигини текшириш;
4) мулкнинг умумий биргаликдаги ёки улушли эгалари бўлганда уларнинг ҳам шахси, муомала лаёқати, тузилаётган битимга ихтиёрий розилигини аниқлаш ва буни ёзма тасдиқлаш;
5) битим мазмуни, шартлари, ундаги тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини, битим тузишдан келиб чиқиши мумкин бўлган оқибатларни тарафларга бирма-бир тушунтириш;
6) битим тарафлари розилигида тузилган матнни улар тўлиқ ўқиб, танишишини таъминлаш;
7) битим матнини тарафларга имзолатиш ва электрон базага уларнинг бармоқ изларини қўйдириш ҳамда электрон базада ҳаракатни тасдиқлаш;
8) битимнинг барча нусхаларига нотариус имзоси ва муҳрини қўйиш ҳамда тасдиқланган битимнинг асл нусхаларини тарафларнинг ҳар бирига тарқатиш.
Бу жараён узлуксиз тарзда шахсан нотариуснинг ўзи
ва битимга алоқадор шахслар иштирокида амалга оширилиши шарт, бегона шахслар қатнашишига йўл қўйилмайди.
Агар ушбу жараёнларнинг бирортасига амал қилинмаса, битим суд томонидан бекор қилиниши ёки ҳақиқий эмас деб топилишига асос бўлади.
Масаланинг муҳим томони шундаки, агар нотариус ўз мажбуриятини тўлиқ бажармаса, бундан фуқаролар йиллаб тўплаган пулидан, уй-жойидан ёки автомашинасидан ажралиб қолиши, тарафлар ўртасида муносабатлар бузилиши, судларда ойлаб сарсон бўлиши мумкин.
Афсуски, айрим фуқаролар ҳам иши тез битишини кўзлаб иложи бўлса нотариус ҳеч нарсани тушунтирмасдан битимга имзо ва муҳрини қўйиб беришини истайди. Огоҳ бўлинг! Нотариусда расмийлаштириладиган мулкий битимларнинг аксарияти бўйича даъво муддати чегараланмаган. Улар бўйича ҳатто 50-100 йилдан кейин ҳам низолашиш мумкин. Нотариал расмийлаштириш жараёнига риоя қилинмаганлиги ёки тарафларнинг битимни тўлиқ тушунмасдан имзолаганлиги оқибатида судларда ҳар йили ўн минглаб низолар кўриб чиқилади.
Айрим нопок нотариуслар фуқаро манфаатидан кўра бойлик тўплашни афзал билиб, қайд этилган мажбуриятларини тўлиқ бажармасдан, баъзан “конвейер” усулида фақат имзо ва муҳр қўйиш билан чекланиши ҳолатлари кузатилган. Ваҳоланки, битимнинг мураккаблигига қараб пуллик хизмат нархи ҳам юқори бўлади.
Адлия вазирлиги ва Нотариал палата ўтказган мониторингда нотариус ҳузурида битимни расмийлаштиришда унинг мураккаблигига қараб камида 3 дақиқадан 10 дақиқагача вақт сарфланиши маълум бўлди. Хусусан, уй-жой ва автотранспортни олди-сотди, айирбошлаш, ҳадя шартномаларини расмийлаштиришга камида 5 дақиқа, уй-жой ипотека ва гаров шартномаларини расмийлаштиришга камида 10 дақиқа вақт сарфланади.
Нотариусларни қонунга риоя этишини ва фуқаролар ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида ҳар бир ҳаракатни электрон дастурда тасдиқлашдан олдин тушунтириш учун битимнинг мураккабилигига қараб 3 дақиқадан 10 дақиқагача вақт белгиланди.
Бу каби мажбуриятларни бажариш бошқа мамлакатларда ҳам мавжуд. Хусусан, Германияда кўчмас мулк олди-сотди шартномасини расмийлаштириш учун ҳужжатлар қабул қилингандан сўнг, тарафларнинг қарори қатъийлигини билиш учун ўйлаб келишга 2 ҳафта муҳлат берилади. Францияда эса, уй-жой олди-сотди шартномасини тасдиқлаш учун нотариусга мурожаат қилингандан бошлаб 5-7 кун давомида дастлабки шартнома тузиш учун тайёргарлик кўрилади. Дастлабки шартнома тузилгандан кейин қонунчилик бўйича тарафларга ўйлаб келиш учун камида 10 кун муҳлат берилади. Францияда бу жараён учун 3 ойгача вақт сарфланиши мумкин.
Албатта бу ўзгариш бойлик ортидан қувган айрим нопок нотариуслар ва улар атрофидаги “уддабурон ўртакашлар”га ёқмайди. Улар “бюрократия” ва “расмиятчилик” бўляпти деб аҳолини чалғитишга ҳаракат қилади.
Нотариуснинг асосий вазифаси фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, битим юзасидан келиб чиқиши мумкин бўлган низоларнинг олдини олишдир. Фуқаролар ҳам нотариал идорада расмийлаштириладиган битимларнинг жиддийлигини тушунган ҳолда муносабатда бўлиши керак.
Адлия вазирлиги ва Нотариал палата нотариатнинг мақсад ва вазифалари ҳамда қонунларда белгиланган талаблари бажарилиши учун барча чораларни кўради.
Малакали нотариал хизматни узун навбатларсиз олиш мумкинми?
Албатта, мумкин. Бунинг учун e-notarius.uz сайти орқали олдиндан электрон навбатга ёзилиш ёки ўзингизга яқин нотариус ҳақида маълумот олиб ҳаракат қилиш тавсия этилади.
Бугун республикада 900 яқин нотариус фаолият юритаётган бўлиб, битта нотариусга кунига ўртача 15 тадан нотариал ҳаракат тўғри келмоқда ва бу аҳоли эҳтиёжларини тўлиқ қондиришга етарлидир.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги
Ўзбекистон Нотариал палатаси