Устоз, "нормалний" болаларга ҳам дарс берасизми?
Дониёр РўзметовПойтахтимизнинг чеккароқ мавзеъларидан бирида жойлашган мактаблардан бирида педагогик амалиёт ўтганман. Яъни француз тили ўқитувчиси бўлиб дарс берганман. Мактаб чеккароқда жойлашганлиги учун бўлса керак, ўқитувчилар бу мактабда кўп ишлаб қолмас эдилар. Бундан ташқари, мактабда ўқувчиларнинг интизомлари борасида муаммолар бор эди. Амалиётдаги айрим талабалар катта синф ўқувчилари билан калтаклашиб, мактабдан кетиб қолганларига ўзим гувоҳ бўлганман. Аммо мен мактабга номигагина амалиёт ўтиб кетиш учун эмас, аксинча ҳақиқий ўқитувчи бўлиб ўқувчиларимга таълим бериш учун келган эдим. Менинг ҳаётдаги тамойилим шундай : Бирон ишни килсам, сидқидилдан оxиригача қиламан ёки уни умуман килмайман. Мен соҳталикни ёмон кўраман. Ҳуллас, дастлаб ўқувчиларнинг тарбияси билан шуғулланишга тўғри келди. Бунинг учун биринчи навбатда уларнинг юрагига қулоқ тутиб кўрдим. Суҳбат тахминан мана бундай кечди :
- Биз ҳеч қачон француз тилини ўргана олмаймиз. Бундан ташқари бизга француз тилининг кераги йўк...
- Нимага ўргана олмас экансизлар? Ҳозирги замонда чет тилини билиш хаммага керак. Мана мен ўргатаман сизларга француз тилини ...
- Э, бизга хеч ким ўргата олмайди. Марказдаги мактаблар барибир биздан кучли. Биз ҳеч қачон улардай бўла олмаймиз...
- Ким айтди буни сизларга? Сизларнинг бошқа болалардан кам жойингиз йўк. Келинглар бир нарсага келишиб оламиз. Мен дарсларимни ўтавераман. Сизлар эса дарсда яхши қатнашасизлар ва мен нима вазифа берсам, барчасини қолдирмасдан бажарасизлар. Мен сизларга француз тилини ўргана олишларингизни ва марказдаги мактаблардан кам эмас эканликларингизни исботлаб бераман. Келишдикми?
- Келишдик...

... Бизни пойтахтимиздаги ногирон болалар мактабларидан бирига олиб боришди. Мақсад бўлғуси педагогларни ногирон болалар билан учраштириш эди, менимча. Мактабда хар хил даражадаги ногирон болалар бор эди. Кимнингдир қўли, кимнингдир оёғи, кимнингдир бошқа тана азосида муаммолар бор эди. Лекин уларнинг миялари жойида эди. Уларни кўриб, менинг юрагим юмшаб кетди. Билсам, уларда француз тили дарси ўтилмас экан. Мактаб директори билан гаплашиб, мактабга келиб ҳафтада бир марта француз тилидан беғараз дарс бериб кетишга келишиб олдим. Мактаб директори ҳар хил синфлардан ҳоҳловчи болаларни йиғиб, менга бир синф бола қилиб берди. Дарслар бошланди. Болалар билан илк суҳбатимиз таҳминан қуйидагича бўлиб ўтди:
- Устоз, "нормалний" болаларга ҳам дарс берасизми? Улар биздан анча кучлидирлар-а?
- "Нормалний", "нормалний эмас" деган гапларни қаердан олдингизлар? Сизларнинг барчангиз бир хилсизлар...
- "Нормалний" деб ногирон эмас болаларни айтяпмиз. У болаларда бизга ўхшаб соғлик билан муаммолар йўк. Шунинг учун биз билан қийналсангиз керак деб айтяпмиз...
- Авваламбор, сизларга "нормалний", "ненормалний" деган гапларни айтишни ман этаман. Билиб қўйинглар, сизларнинг барчангиз бир хилсизлар. Ундан кейин, келинглар, бир нарсага келишиб оламиз. Мен сизларга дарсларимни ўтавераман. Сизлар эса дарсларда яхши қатнашасизлар ва мен нима вазифа берсам, барчасини қолдирмасдан бажарасизлар. Мен сизларга барча болалар билан бир хил эканликларингизни, сизлар ҳам француз тилини улардай ўргана олишингизни исботлаб бераман. Келишдикми?
- Келишдик...
... Жаҳон тиллари Университети роман-герман филологияси факультетида битта удум бор эди. Педагогик амалиётнинг якунида талабалар ўз ўқувчилари билан келиб, факультетнинг мажлислар залида биронта бадиий чиқиш (қўшиқ, рақс, саҳна кўринишлари ва ҳоказо) қилиб беришлари керак эди. Факультет маъмурияти, домлалар ва барча талабалар томоша қилишарди. Мен Француз маданият марказидан олган мусиқий материаллар ёрдамида 5 минутлик саҳна кўриниши тайёрладим. Саҳна кўриниши тўлик француз тилида бўлиб, унда деярли бутун синф иштирок этди. Иштирок этган 23 нафар ўқувчининг орасида синфнинг аълочилари ҳам, синфнинг ҳамма "бу одам бўлмайди" деб таъриф берган "иккичи" ўқувчилари ҳам бор эди. Саҳна кўринишини тайёрлаш билан бирга ўқувчиларнинг француз тилига муҳаббатлари ортди ва билим савиялари ҳам кўтарилди. Ҳуллас, факультетдаги тадбирга учта "маршрутка"ни тўлдириб бордик. Одатда бундай тадбирга 1 ёки 2 нафар ўқувчини олиб келиб қўя қолишади холос. Бизнинг саҳна кўринишимиз шунчалар профессионал даражада ижро этилдики, тадбир якунида ҳакамлар бизнинг мактабнинг номини ва менинг ўқувчиларимни алоҳида таъкидлаб табриклашди. Шунда, 2 ой олдин "биз марказ ўқувчиларидай бўла олмаймиз" деб тушкун ҳолатда бўлган ўқувчиларим мени ўраб олиб қувончдан сакраб туша бошладилар. "Устоз, биз биринчи ўринни олдик" деб хурсанд бўлишарди улар. Улар ўзларининг бошка болалардан кам эмас эканликларини аввало ўзларига, қолаверса бошқаларга исботлаб берган эдилар...
... Ногирон болалар мактабидаги ўқувчиларимга дарслардан ташқари француз тилида шеърлар, қўшиқлар ва рақсларни ўргатиб борар эдим. Чунки ана шундагина чет тилини ўрганиш қизиқ ва осон бўлади. Бир куни одатдагидай мактабга дарс ўтишга бордим. Синфга киришим билан ўкувчиларим тетак-тетак килиб, олдимга югуриб келиб, мени ўраб олиб хурсандчиликдан сакраб туша бошладилар. Мен нима гаплигини тушуна олмай ҳайрон эдим. Ва улардан нима бўлганлигини сўрадим. Улар эса бири-олиб бири қўйиб, нима бўлганини гапириб беришди.
- Биз телевизорга чиқдик, устоз. Телевизордагилар биздан қўшиқ, шеърлар биласизларми дейишган эди. Биз "ҳа, биламиз" дедик. Кейин бизни телевиденияга олиб боришди. Соғлом болалар билан бирга биз ҳам французча шеър ва қўшиқларимизни айтиб бердик. Биз хам телевизорга чиқдик. Ура...Ура...Ура...!
... Ушбу иккала ҳолатни эсласам ҳозиргача кўзларимга қувонч ёшлари келади. Дунёда болаларнинг шодлиги, хурсандчилигини кўришдан ортиқ бахт йўк. Болалар шод, олам гулистон! Айтмоқчи бўлганим, дунёдаги барча болалар бир хил. Америкада ҳам, Хитойда хам, Африкада ҳам, Ўзбекистонда ҳам бола бу бола. Болаларни ҳеч қачон пойтахт ва вилоят болаларига, марказ ва чекка мактаб болаларига, соғлом ва носоғлом болаларга ажратилишларига йўл қўймаслигимиз керак. Бундай ишончни биз аввало болаларнинг ўзларига бера олишимиз керак. Ундан кейин уларни ғалабалар сари етаклаш ва бир олам қувонч ҳадя этиш хеч гап бўлмай қолади. Болаларимизнинг умрлари узун, бахтлари бутун, келажаклари порлоқ бўлсин!
(2016 йил)
"Уч замон" каналига аъзо бўлиш учун ҳавола👉 https://t.me/uchzamon