Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари Конституция даражасида ҳимоя қилиниши керак!

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари Конституция даражасида ҳимоя қилиниши керак!

А.Сафарова, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти масъул ходими

Сўнгги йилларда дунё ҳамжамияти ногиронларнинг ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини тан олишда муҳим ютуқларга эришди.

Маълумот учун: Бугунги кунда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан дунё бўйича 7 млрд аҳолидан 1 млрд киши ногиронлиги бўлган шахс сифатида яшааётганлиги қайд этилган.

Жумладан, БМТнинг Бош Ассамблеяси томонидан 2006 йил

13 декабрдаги резолюцияси билан “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция” ҳамда “Ногиронларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияга Факультатив протокол” қабул қилинган. Уларда ногиронларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қадр-қимматларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш, шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларини ва бу ҳуқуқлардан бошқалар билан тенг равишда фойдаланиш имкониятларини кафолатлаш тамойиллари белгилаб қўйилган. “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция” ногиронларнинг ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари, хусусан уларнинг яшаш, фуқаролик, ҳуқуқий ҳимояланиш, таълим олиш, саломатликларини сақлаш, бошқалар билан тенг равишда меҳнат қилиш, сиёсий, ижтимоий, маданий ҳаётда, бўш вақтни ўтказиш, дам олиш ва спорт билан шуғулланишда иштирок этиш, ўзлари ва оиласи учун етарлича турмуш шароитига эга бўлиш ва ижтимоий ёрдам ҳуқуқлари эътироф этилган ва уларни амалга оширишнинг ҳуқуқий кафолатлари белгиланган.

Ўзбекистон Республикасида “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция” 2021 йил 7 июнда ратификация қилинган. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси ногиронлиги бўлган шахслар ўз ҳаётининг барча соҳаларида бошқалар билан тенг равишда ҳуқуқ лаёқатига эга эканлигини тан олади.

Қайд этиш керакки, “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция”ни ратификация қилган мамлакатлар ўз қонунчилигида ногиронларни ҳуқуқларини кафолатлаш мажбуриятини олади. Конституция барча мамлакатлар қонунчилигиннг асосий негизи эканлигидан  келиб чиқиб, бугунги кунга келиб, БМТга аъзо давлатлар Конституцияларида ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим (28%), соғлиқни сақлаш (26%) ва умумий тенглик (24%) соҳасидаги ҳуқуқлари бевосита кафолатланган[1].

Масалан, Германия Конституциясининг 3-моддасида ҳеч ким жинси, ота-онаси, ирқи, тили, ватани ва келиб чиқиши, эътиқоди ёки диний ёки сиёсий қарашлари туфайли афзал кўрилмаслиги ёки камситилиши мумкин эмаслиги, шунингдек, ҳеч ким ногиронлиги сабабли камситилмаслиги белгиланган[2].

Ирландия Конституциясининг 40-моддасида, Канада Конституциясининг 15-моддасида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари бошқалар билан тенглиги алоҳида белгиланган[3].

Ногиронларнинг ҳуқуқларини қонунчиликда акс эттириш борасида мамлакатимизда 2020 йил 15 октябрда Ўзбекистон Республикасининг “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинган бўлсада, ногиронларнинг ҳуқуқлари Конституция даражасида кафолатланмаган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ногиронлиги бўлган шахсларга оид норма мавжуд эмас. Конституцияси

18-моддасида Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги, имтиёзлар фақат қонун билан белгиланиб қўйилади ҳамда ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шартлиги белгиланган.

Аммо, мазкур норма мазмунан ногиронлик белгисини қамраб олмайди.

Юқоридагиларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 18-моддасини “Ногиронлик белгисига кўра камситишга йўл қўйилмайди” мазмунидаги норма билан тўлдириш таклиф этилади.

Ўзбекистон Республикаси “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддасида ногиронлик белгисига кўра камситилишга йўл қўймаслик принципи мустаҳкамланган.

Унга кўра, ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан ҳар қандай ажратиб қўйиш, истисно этиш, четлатиш, чеклаш ёки афзал кўриш, шунингдек ногиронлиги бўлган шахсларнинг объектлар ва хизматлардан фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратишни рад этиш тақиқланади.

Ногиронлиги бўлган шахслар учун имкониятлар тенглигини таъминлашга ҳамда уларни жамият ва давлат ҳаётига жалб этишга қаратилган махсус чоралар бошқа фуқароларга нисбатан камситувчи чоралар ҳисобланмайди.

Қайд этиш керакки, ушбу принцип ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашнинг энг асосий принципи ҳисобланади ва Конституцияда тўғридан-тўғри белгиланиши мақсадга мувофиқ.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги

Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти масъул ходими

А.Сафарова

[1] https://harvardhrj.com/wp-content/uploads/sites/14/2016/09/Constitutional-Rights-of-Persons-with-Disabilities.pdf

[2] https://www.gesetze-im-internet.de/englisch_gg/englisch_gg.html#p0018

[3] https://harvardhrj.com/wp-content/uploads/sites/14/2016/09/Constitutional-Rights-of-Persons-with-Disabilities.pdf



Report Page