Нобель васвасаси

Нобель васвасаси

Тарих ва сиёсат

15-22 июль кунлари бўлиб ўтган Бутунжаҳон немис тили олимпиадасининг финал босқичида ўзбекистонлик ўқувчи қиз ғолибликни қўлга киритди. Қарийб ўттиз йил давомида аёл-қизларнинг таълим олиш ва меҳнат қилиши учун рўмолни ечиши талаб қилинган, бироқ сўнгги даврда бироз енгилликлар берилиши ортидан жамиятда мастура аёл-қизларнинг дунёвий билимлардан кучли салоҳиятга эга эканликлари тобора ошкор бўлмоқда. 

Бироқ, исломофоблар томонидан, ҳалигача миллий ва диний урф-одатимиз, анъаналаримиз ва маданиятимизни камситиш, уни обрўсизлантириш, керак бўлса, тақиқлаш мақсадида дин билан дунёвий манфаатларини қарама-қарши қўйиш, дунёвий муваффақиятнинг гарови сифатида диндан юз ўгириш кераклиги уқтириб келинмоқда. Бунинг учун эса турли сабаблар кўрсатилади.

Нобель мукофоти совриндорлари орасида биронта мусулмоннинг йўқлиги қўштирноқ ичидаги ана шундай сабаблардан бири сифатида кўрсатилади. 

Дарҳақиқат, замонавий дунёвий фанлар бўйича оламшумул ютуқларни тақдирлаб борувчи энг таниқли мукофот бўлган Нобель мукофотининг орасида мусулмонлар деярли йўқ. Биринчидан, бу ислом динининг муаммосими? Иккинчидан, бу ислом динидан воз кечиш ёки диний фонни камайтиришга асосли сабаб бўладими? Учинчидан, Нобель мукофоти ҳақиқатдан ҳам инсон саодатининг рамзими? Келинг шу саволларга жавоб излаб кўрайлик.

Нобель мукофотига 1901 йилда асос солинган бўлиб, ҳар йили физика, кимё, адабиёт ва тинчлик каби йўналишларда оламшумул ишларни бажарган олимларни тақдирлаб келади. Бугунги кунга қадар Нобел мукофоти совриндорлари энг кўп АҚШ (411 нафар), Британиядан (137), Германия (115) давлатларига тўғри келади. Мусулмон мамлакатлари орасида Тунис, Туркия, Эрон, Покистон, Жазоир давлатларидан 2 нафардан, Бангладеш, Ироқ, Ливан, Марокаш, Фаластин ва Йаман давлатларидан бир нафардан олимлар ушбу мукофотни қўлга киритганлар. Умуман олганда, Нобель мукофоти совриндорларининг ярмидан кўпи АҚШ, Британия ва Германия мамлакатларига тўғри келади. 

Хўш, Нобель мукофоти олганлар сонининг кўплиги мамлакат иқтисодиётининг рамзими? Халқаро валюта фондининг маълумотларига кўра, Нобель мукофотини энг кўп қўлга киритган АҚШнинг номинал ялпи ички маҳсулоти ҳажми 2023 йилда 26.9 триллион АҚШ долларини ташкил этган. Иккинчи ўринни эса, 19.4 триллион АҚШ доллари билан Хитой эгаллаган. Ваҳоланки, бугунги кунга қадар 411 нафар америкалик олим Нобель мукофотини қўлга киритган бўлса, Хитойдан атиги 8 нафар олим ушбу ютуққа сазовор бўлган. Ваҳоланки, иқтисодий жиҳатдан Хитойдан юз баробар кам салоҳиятга эга бўлган Венгрия давлатидан Хитойга нисбатан икки баробар кўп олим Нобель мукофотини қўлга киритган. 

Шу тариқа таҳлилни давом эттирсак Нобель мукофоти сонининг мамлакатнинг иқтисодий, ижтимоий ва ундаги инсонларнинг бахт кўрсаткичлари билан деярли алоқаси йўқлиги маълум бўлади. Бироқ, мамлакатнинг илм-фан ва инновацияларга сарфлаган ҳаражати миқдори билан Нобель мукофотини олганлар сонининг нисбати ўртасидаги алоқани кўриш мумкин. Масалан, АҚШ ҳукумати ҳар йили қарийб бир триллион АҚШ долларига тенг маблағни илм-фан ривожи ва инновацияларга йўналтиради. Эҳтимол, АҚШ ҳукумати бизнинг йўлдан бориб, аёл-қизларни рўмолини ечтириш методини қўллаганида балким бундан ҳам кўп америкалик Нобель мукофотини олар эди-ю, фақат америкаликлар бизнинг тактикамиздан ҳали воқиф эмасдирлар.

Ҳозирда ёшларнинг илмий салоҳияти, дунёқараши ва маҳоратини ўлчовчи кўплаб халқаро мезонлар бор. Бутунжаҳон немис тили олимпиадасидан ташқари, бугун минглаб мастура аёл-қизларимиз IELTS, SAT каби сертификатларни, дастурий инжиниринг, спорт ва санъат соҳасида улкан ютуқларни қўлга киритаётгани рост. Ушбу натижалар, албатта, бизнинг ўттиз йиллик ишончимизнинг хато бўлганини кўрсатиб берди. Эҳтимол, Нобель мукофоти совриндорларини кўпайтириш учун АҚШ бизнинг тактикамиздан эмас, биз АҚШнинг тактикасидан фойдалансак яхшироқ натижаларга эришармиз?

Масаланинг яна бир жиҳати шундаки, Нобел мукофотини олиш йўлидаги саъй-ҳаракатларимизни “мусулмонлар орасидан Нобель совриндорлари чиқмаган” деган мезон билан бошласак ҳамда шу сабабдан диний эркинликларни чеклаш, миллий ва диний қадриятларимизни обрўсизлантириш каби муросасиз йўлдан борсак, давлат сифатида диндан юз ўгирсак, кино, театр, спорт ва бошқа кўнгилочар соҳаларга ҳам ҳудди шу усулдан кетишимиз керак эди. Зеро, бугунгача бирорта футболчининг маҳоратли ўйини учун Нобель олганини кўрмаганмиз. Бироқ, давлат сифатида маданият ва спорт соҳасига ҳазилакам маблағ сарфланаётгани йўқ.

Аслини олганда, Нобель бир баҳона, асл муаммо эса исломофобия эканлиги кундай равшан. Аммо, мамлакатда Нобель совриндорларининг кўплигининг ўзи жамиятга фаровонлик келтиришга асос эмаслиги маълум. 

Куни кеча дунёнинг энг бой кишиси, Tesla, SpaceX каби йирик юқори технологик компаниялар эгаси бўлган америкалик тадбиркор Илон Маск ижтимоий тармоқда “менинг ўғлим ўлди” деб баёнот берди. Маскнинг давосига кўра, алдов йўллари билан унинг ўғлини жинсий етилишини олдини олувчи воситаларни қабул қилишга кўндиришган. Акс тақдирда, ўғли ўзига суиқасд қилиши мумкинлигидан огоҳлантирилган. Натижада, Илоннинг эркак бўлиб етишолмаган ўғли жинсини ўзгартириб, ўзини аёл деб эълон қилган. 

Илон АҚШнинг жинс билан боғлиқ сиёсатини “вирус” деб баҳолаб, уни “замонавий цивилизация”га таҳдид деб баёнот берган. Маскка кўра, бундай вирус аслида “инсонларни тафриқага ажратиб, ўзаро адоват ва ўзини ёмон кўриш" уруғини сепади. Илон Маск ўзи яшайдиган, АҚШнинг энг тараққий этган штатларидан бири бўлган Калифорнияда, агар мактаб ўқувчиси ўз жинсини ўзгартиришни истаса ва унга ҳаракат қилса, бу ҳақда ота-онани огоҳлантиришни тақиқловчи қонун қабул қилинганидан кейин, ушбу штатдан кўчиб кетишга қарор қилганини ҳам маълум қилди. 

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, жамиятнинг тараққиёти, унда яшаётган инсонларнинг бахт-саодати фақатгина Нобель мукофотида ёки бойликда эмас, балки унинг инсонийлик, гўзал-хулқ атвор, қадриятлар билан зийнатланишида ҳамдир. Шунинг учун ҳам, инсонни иқтисодий фаровон қилиш уни маънавиятидан мосуво қилиш билан бўлмаслиги керак.

Балки, тўғри имкониятлар берилса, маънан комил инсонлар қадриятли жамиятни барпо этишга катта ҳисса қўшади. Зеро маънавиятли инсонлардан болаларни “ўлдирувчи” сиёсатчилар чиқмайди.


© Тарих ва сиёсат

Report Page