Нобель мукофоти лауреатлари тадқиқот натижаларини Ўзбекистонда қўллаш: Тошкент вилоятининг Бўка ва Чиноз туманларида эксперимент ўтказилмоқда

Нобель мукофоти лауреатлари тадқиқот натижаларини Ўзбекистонда қўллаш: Тошкент вилоятининг Бўка ва Чиноз туманларида эксперимент ўтказилмоқда

EconomyPress

Иқтисодий ривожланиш фани иқтисодиёт назариясидан ўтган асрнинг иккинчи яримида ажралиб чиқди. Аксар иқтисодчи олимлар иқтисодий ўсишнинг ўзи иқтисодий ривожланишни таъминлаши учун етарли эмаслигини, бунинг учун даромадларнинг тақсимланиши, институционал муҳит, экология, инсон капитали ва мамлакатда амалга ошириладиган барча ижтимоий-иқтисодий чора-тадбирлар аҳоли турмуш даражасини оширишга хизмат қилиши кераклиги тўғрисида бир тўхтамга келишган.

Йиллар ўтгани сайин камбағалликни қисқартириш мавзуси долзарблашиб, иқтисодий ривожланиш назариясининг асосий муаммоларидан бирига айланиб борди ва иқтисодчилар томонидан кўплаб тадқиқотлар ўтказилишига, назарияда янги йўналиш ва қарашларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлди.

Камбағалликни қисқартириш бўйича амалга оширилган ишларнинг ривожланётган мамлакатларда амалий жиҳатдан қўлланилиши АҚШ олимлари А.Банержи, Э.Дюфло ва М.Кремер (2019 йил Нобель мукофоти лауреатлари) томонидан ўтказилган эксперементларда ҳам ўз аксини топган.

Олимлар ривожланаётган мамлакатларда қуйидаги асосий йўналишларда қатор эксперементлар олиб борган:

- камбағалликни қисқартишга қаратилган чора-тадбирлар жойлардаги шарт-шароитлардан келиб чиққан ҳолда аниқ тажрибалар асосида ишлаб чиқилиши;

- арзон ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, бепул эмлаш ҳамда соғлом турмуш тарзини шакллантириш;

- аҳолининг таълим олиш давомийлиги ва таълим сифатини ошириш;

- ижтимоий ҳимоя тизими ва муҳтожларни моддий қўллаб-қувватлаш;

- микрокредитлаш ва тадбиркорликка руҳлантириш;

- камбағалликни қисқартиришда психологик факторларнинг ролини ошириш;

- ривожланаётган мамлакатларда камбағалликни қисқартириш бўйича институционал чекловларнинг мавжудлиги ва бошқалар.

Ўзбекистон Республикасида камбағалликни қисқартириш йўналиши 2020 йилда давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
“Ҳар қандай мамлакатда бўлгани каби бизда ҳам кам таъминланган аҳоли қатламлари мавжуд. Турли ҳисоб-китобларга кўра, улар тахминан 12-15 фоизни ташкил этади. Бу ўринда гап кичкина рақамлар эмас, балки аҳолимизнинг 4-5 миллионлик вакиллари ҳақида бормоқда”.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев

Мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш йўналиши нисбатан янгилигини инобатга олиб, уни қисқартириш учун амалга ошириладиган инструмент ва усулларни реал ҳолатдан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқиш, белгиланган мақсадга эришишни осонлаштиради. Шундан келиб чиқиб, жаҳоннинг илғор мамлакатлари тажрибаси, Банержи, Дюфло ва Кремернинг камбағалликни қисқартириш бўйича тадқиқот натижалари асосида республиканинг вазирлик ва идоралар мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, улар томонидан Тошкент вилоятининг Бўка ва Чиноз туманларида камбағал ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини турмуш шароитини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигини баҳолаш мақсадида жойларга чиқиб эксперимент кузатувлари ўтказилди.

Ишчи гуруҳи аъзолари 8 кун давомида Бўка туманидаги барча маҳаллаларда 10-12 тадан жами 504 та, Чиноз туманидаги барча маҳаллаларда 10-12 тадан жами 648 та, умумий ҳисобда 1152 та уй хўжаликларида кузатувларни амалга оширди.

Кузатувлар давомида уй хўжаликлари таркиби, яшаш шароитлари, истеъмол харажатлари, реал даромадлари, узоқ муддат фойдаланадиган воситалари, уй хўжалиги аъзоларининг моддий неъматлар ва ижтимоий хизматлардан фойдалана олиш имкониятлари, жумладан, бепул тиббий хизматдан фойдаланиши, фарзандларининг таълим олиши сифати, моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда тадбиркорлик ташаббуслари ўрганилди.

Шунингдек, эҳтиёжманд оилалар фарзандларининг ёшига нисбатан бўйи, вазни ўлчанди ҳамда дарсларни ўзлаштириши ўрганилди. Психологлар томонидан эҳтиёжманд оила аъзолари билан индивидуал суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг психологик портретини шакллантириш ва камбағалликдан чиқариш бўйича руҳий рағбатлантириш ишлари амалга оширилди.

Кузатувлар якуни бўйича олинган маълумотлар асосида Ўзбекистонда камбағаллик чегарасини аниқлаш, “яшаш минимуми” ва “истеъмол саватчиси” бўйича ҳисоб-китоб ишларини якунига етказиш, аҳолининг базавий истеъмол харажатлари ва камбағаллик чегараси мезонини ҳисоблашни амалиётга жорий этиш ҳамда республикада камбағалликни қисқартиришга йўналтирилган стратегик чора-тадбирларни ишлаб чиқишда фойдаланиш режалаштирилган.



Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги

Ахборот хизмати