Марказий Осиё иттифоқи : НИМА ? ҚАНДАЙ ? ҚАЕРДА ?
Дониёр РўзметовАйрим инсонлар "Иттифоқнинг пойтахти", "Бош штаби" ёки "Маркази" ҳақида гапиряптилар. Бу менга "Марказий Осиё иттифоқининг институционал тузилиши ҳақида фикр билдиришга ва нима, қандай ва қаерда жойлашишига оид таклифларни беришимга имкон беради.
Авваламбор, бир нарсани тушуниш керак : Иттифоқ ўз номин билан иттифоқ, яъни у марказлашган ёки федерацияларга бўлинган яхлит давлат эмас. Аксинча, у тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга давлатларнинг бирлашмаси ҳисобланади. Шу сабабдан, бу иттифоқда пойтахт, бош штабга ўхшаган, бирон ҳудудга устунлик берадиган марказий аппарат бўлмайди. Иттифоқнинг бошқарув ва маъмурий институтлари бир нечта бўлиб, улар турли давлат ҳудудларида жойлашиши мумкин бўлади.
Таҳлилларда айтилганидай, Европа иттифоқининг тажрибаси Марказий Осиё давлатларига хизмат қилиши мумкин.
Европа иттифоқининг асосий институтлари Европа кенгаши, Европа парламенти, Европа вазирлар кенгаши, Европа комиссияси ва Европа иттифоқи суди, Европа Марказий Банкидир. Бу институтларнинг ҳар бири ўз йўналишларига кўра ваколатлар ва муҳимликка эгадир. Улар турли давлатларда жойлашган :
Европа кенгаши : Брюссель, Белгия
Европа вазирлар кенгаши : Брюссель, Белгия
Европа комиссияси : Брюссель, Белгия
Европа парламенти : Страсбург, Франция
Европа иттифоқи суди : Люксембург, Люксембург
Европа Марказий Банки : Франкфурт, Германия
Европа иттифоқида иккита бош давлат Германия ва Франция эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Аммо бу иккала давлат, ўз эголарини илгари суриб, иттифоқнинг институтлари ўзларининг пойтахтларида жойлашиши керак деб талашганларида, керакмас жойдан муаммо яратиб, иттифоқни қуришдай буюк орзуни барбод қилган бўлар эдилар. Шу сабабдан улар ақлли қарорга келиб, иттифоққа ўз пойтахтларини аралаштирмаганлар ва асосий институтларни Белгия ва Люксембургга жойлаштирганлар. Германия ва Францияда жойлашган парламент ва банкни ҳам пойтахтга эмас, бошқа шаҳарга жойлаштирганлар. Натижада бехуда ҳасадлар, келишмовчиликлар, "сеники-меники" деган тортишувларга чек қўйилган.
Бундан ташқари, Иттифоқ ва Миллий масалар бошқа-бошқа институтлар орқали бошқарилади. Шу сабабдан, миллий пойтахтлар миллий институтларни ўзида жамлаши табиий. Аммо у ерга Иттифоқнинг ҳам институтларини жойлаштириш керак дегани эмас.
Энди, Марказий Осиё иттифоқи масаласига қайтамиз. Иттифоқ велосипедни қайта ихтиро қилиши шарт эмас. Европа Иттифоқининг институтларини (зарур бўлса маҳаллий муҳитга мослаштириб) кўчириб қўйиш мумкин. Ўзи шундоқ ҳам Марказий Осиёнинг аксарият давлатлари қоғозда бўлса ҳам Франциянинг 5-республикаси моделининг нусхаси ҳисобланади. Қирғизистон парламентар республика тузумига интиляпти, барибир у тузум ҳам Франциянинг 4-республикасининг нусхаси ҳисобланади. Шундай экан, Европа иттифоқидан нусха олиш муаммо туғдирмайди.
Шундан келиб чиқиб, Марказий Осиё иттифоқининг институтларини қуйидагича тузиш мумкин :
- Марказий Осиё кенгаши
- Марказий Осиё вазирлар кенгаши
- Марказий Осиё комиссияси (ижро ҳокимияти, ҳар давлатдан бир комиссар)
- Марказий Осиё парламенти
- Марказий Осиё банки
- Марказий Осиё суди
Ва ҳоказолар.
1994 йилда "Марказий Осиё иттифоқи" илк бор тузилганида давлатлар Бишкекда "Марказий Осиё банки"ни тузишган ва ҳатто ҳисобига 9 миллион доллар пул ҳам қўйишган. Кейинчалик иттифоқ барбод бўлгач, банк ҳам ёпилиб кетган.
Демак, ўша пайтдаёқ давлатларимиз ақллилик қилиб, институтларни турли давлатларга жойлаштириш амалиётини бошлаган эканлар. Бу сафар ҳам банкни Бишкекка жойлаштириш зарар қилмайди.
Хоҳлаймизми, йўқми, инкор қиламизми, тийилиб айтмай турамизми, Марказий Осиёда ричаг давлатлар Ўзбекистон ва Қозоғистон эканлиги сир эмас. Туркманистон олдинги сафарларда ҳам нейтрал давлат бўлиб қолишни маъқул кўрган ва бу сафар ҳам шундай қилиш эхтимоли бор.
Шу сабабдан, Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳар бири бир институтни ўз ҳудудига, пойтахтлардан бошқа шаҳарга жойлаштириши мумкин. Масалан, Қозоғистон Олма-Ота шаҳри ёки Туркистон вилоятига Марказий Осиё парламентини, Ўзбекистон эса Марказий Осиё кенгашини Самарқандга жойлаштириши мумкин. Марказий Осиё суди Душанбе шаҳрига ёки Тожикистон танлайдиган бирон шаҳарга жойлашиши мумкин. Вазирлар кенгаши ва Комиссия ҳам узоқ бўлмаган қайсидир шаҳарга жойлаштирилиши мумкин. Умуман олганда, иттифоқ тузилгач, унинг институт ва хизматлари шунчалар кўп бўладики, барча давлатларга етиб қолади ва уларни бўлиб олиш учун талашишга ҳожат қолмайди.

Бошқа томондан, Тошкент мисолида олинса, марказлаштирувнинг оқибатида вазирликлар, элчихоналар, идора ва агентликлар, парклар ва аэропортлар ҳам шаҳарнинг ичида жойлашганлиги учун унинг ичига бошқа институтларни ҳам киритилиши шаҳарни баттар тиқилинч қилиб юборади. Унинг ўрнига, институтларнинг янги шаҳарларда жойлаштирилиши мазкур шаҳарларда инфратузилмалар яратилишига хизмат қилади.
"Уч замон" Телеграм каналига аъзо бўлиш ва бошқаларга тарқатиш учун ҳавола
👉 https://t.me/uchzamon