НЕГА КИТОБЛАР ЁҚИЛАДИ ?

НЕГА КИТОБЛАР ЁҚИЛАДИ ?

Дониёр Рўзметов

Париж шарқ тиллари ва цивилизациялари кутубхонасида ишлаганимдаги бир даврга оид китобларнинг тарихини айтиб беришни яхши кўраман. 

1937 йилда Парижда "Универсал кўргазма" бўлиб ўтади. Унда собиқ Совет иттифоқи "совет таълим тизимидаги муваффақиятлар"ни кўз-кўз қилиш учун иттифоқдаги барча республика ва миллатларга оид чоп этилган китоблар, Алефбе китоблари, мактаб дарсликлари, романлар ва бошқа китоблардан олиб келади. 

Марказий Осиё учун эътиборли томони, 1929 йилдан бери Марказий Осиё давлатлари, ҳатто Тожикистон ҳам лотин алифбосига ўтган эди. Шу сабабдан 1937 йилда советлар кўргазмада янги лотин алифбосида ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркман ва тожик тилларида ёзилган китобларни ҳам намойиш этадилар. 

Кўргазма тугагач, совет делегациясида тонналаб китобларни қайтариб олиб кетишга пул бўлмайди ва барча китобларни Францияга "совға қилиб" кетадилар. Бу китоблар турли кутубхоналарга, янглишмасам славян фондига берилади.

1940 йилда собиқ совет иттифоқи Марказий Осиё давлатларини мажбурлаб лотин алифбосидан кирилл алифбосига ўтказади ва минтақанинг "лотинча тарихи"ни ўчириб ташлаш учун у даврга оид лотинча китобларни йўқ қилиб ташлайди. 

Билишимча ҳозирги кунда Париж шарқ тиллари ва цивилизациялари кутубхонасида сақланиб қолган китоблар бизнинг лотин алифбосидаги таълим дарсликларимизга оид бебаҳо мерос ҳисобланади...

Александр Македонский Хоразмга келганида мол терисига битилган "Авесто" китобини ёқтирганлигини, китобнинг бир қисмини ёқилишдан қутқариб Ҳиндистон томонларга олиб қочиб кетганликларини ўқиганмиз. 18 асрда француз Анкетил-Дюперрон томонидан топилган Авесто китоби қўлёзмалари туфайлигина мазкур китобнинг мавжудлиги ва унинг ичида нималар ёзилганлигини инсоният қисман билади...


Абу Райҳон ал-Беруний шундай ёзади :

«Қутайба Хоразм ёзуви, ривоятларини яхши биладиган, Хоразмда мавжуд бўлган илмларни ўқитадиган кишиларни кийноқларга дучор этди ва уларни йўқ қилиб юборди. Натижада, бу ривоятлар шунчалик зарар кўрдики, унинг оқибатида ҳатто, ислом тарқалгандан сўнг ҳам хоразмликларнинг тақдирида нималар кечганини аниқлаш мумкин бўлмай қолди... Қутайба бин Муслим ал-Бохилий хоразмлик котибларни нобуд, дин аҳлини қатл этгани, уларнинг китоб ва қўлёзмаларини ўтда ёндирганидан сўнг хоразмликлар хат-саводсиз бўлиб қолиб, ўзлари учун зарур нарсаларни англашда фақат хотираларига таянар эдилар»...


Инсоният тарихида китобларнинг ёппасига ёқилиши ёки йўқ қилинганлигига мисоллар кўп. Четдан қидирмасдан, ўзимизнинг яқин тарихимизга назар солсак ҳам мустақиллик йилларида "совет тарихи"га оид китобларнинг ёқилганлиги ва йўқ қилинганлигига гувоҳ бўлганмиз. 

Дунёнинг турли давлатларида ҳозир ҳам тақиқланган китоблар бор. Узоқ йиллар тақиқда бўлган Гитлернинг "Менинг курашим" номли китоби ҳам 75 йил тақиқдан кейин оммавий доира ихтиёрига ўтди.

Юқорида келтирилган мисоллардан кейин "Инсон нима учун китобларни ёқади ?" деган ҳақли савол туғилади. Китоб қурол эмас, захар эмас, касаллик ёки ғайриоддий бирон нарса эмас. Китоб тарихдан тошларга, терига, ипакка, қоғозга, ёғочга ва кейинчалик турли мато ва материаллар устига, ҳозир интернет саҳифаларига ҳам ёзилган ёзувлар холос. Лекин Александр Македонскийдан бери энг қудратли, ҳеч кимдан қўрқмайдиган ҳукмдорларгача китобларнинг қудратидан қўрққанлар. 

Чунки китоб дунёдаги энг қудратли шахслар ва энг илғор қуроллардан ҳам қудратли кучга эгадир. Шахслар ўлади, қуроллар эскиради ва янгилари чиқади, дунёдаги барча нарсалар ўтади. Аммо китоблар минг йиллар оша янги туғилган авлодларга гапириб, уларга тарихдан сабоқ бериб, уларга илм ва зиё улашишда давом этаверади.

Энг қадимги петроглифлардаги "ҳайбон ови" таввирлари, ассирияликлар битиклари, Бехустун қояси ёки Ўрхун-Энасой қояларидаги ёзувлар, қадимий тангалардаги муҳр ва суратлар, қўлёзмалардаги ўгитлар ва босма нашрлардаги ёзувларнинг барчаси ўша даврдаги инсонларни "гапиртиради".

Масалан мен ушбу сатрларни ёзишнинг ўрнига сизга гапириб беришим ҳам мумкин эди. Унда айтган гапларим энг хотираси кучли инсоннинг хотирасида бир умр, жуда оммалашиб кетса, авлоддан авлодга ўтиб, изи ўчиб кетгунча давом этиши мумкин холос. Бундан ташқари мен гапирсам узоғи билан неча кишига гапиришим мумкин. Энг катта стадионни тўлдириб гапирсам 110 000 киши, бир шаҳар аҳлига гапирсам 1 000 000 кишига гапиришим мумкин холос.

Агар мен айтмоқчи бўлган сўзларим, улашмоқчи бўлган билимларимни ёзадиган бўлсам, мен ушбу гапларни ҳозир ўқийдиган инсонларга ва насиб этиб уларни 100 йил ёки 1000 йилдан кейин ўқийдиган инсонларга ҳам гапиргандай бўламан ва улар тарқаладиган бўлса, сон-саноқсиз инсонларга етиб бориши мумкин. 

Мен бу гапларни менинг гапларим албатта тарқалади деб ёзмаяпман. Мен "мисон учун" деяпман. Масалан Моҳатма Ганди, Нелсон Мандела ёки Гарри Потернинг муаллифи Роулинг китобларини ёзганларида китоблари миллионлаб, миллиардлар инсонларга етиб боришини ва барча тилларга таржима қилиниши билмаганлар. Уларнинг инсониятга айтадиган гаплари бўлган холос ва улар шуларни қоғозга туширганлар.

Ҳозирги кунда қадимги китобларнинг ўгитлари шарофати билан китобларнинг аҳамиятини англаган инсонлар ва китобларни севадиган, қадрлайдиган инсонлар сон-саноқсиз. Шу сабабдан, ёзиладиган китобларнинг сони ҳам кўп. Албатта ҳар бир китоб минг йиллар яшайди деб айтиб бўлмайди. Аммо улардан қай бирлари минг йиллар яшай олса, албатта келгуси авлодларга сабоқ бериш бахтига муяссар бўлади. 

Масалан қадимий Хоразм ёзувига оид бир хумга ёзилган ва бир тахта устига ёзилган ёзувдан бошқа ёзув ва исбот йўқ. Ҳар ҳолда, ҳозиргача топилмаган. Шу ёзувларни ёзган инсонлар 2020 йилда ўз ёзуви бутун бошли цивилизациядаги ёзувнинг ягона исботи бўлишни билганлар деб ўйламайман. Ҳозирда ёзилаётган китоблар ҳам худди шундай. Келажакда нима гаплар бўлишини, қайси китоблар 1000 йилларга етиб боришини ҳеч ким билмайди...


Сўз якунида китоб ёқувчилар мавзусига қайтамиз. Китобларни китобларнинг қудратини англаган ва улардан қўрқувчи "китобофоб"лар ёқадилар. Улар ўзлари ёққан китобларнинг қудратли эканлиги тан олган ва бу китоблар келажак авлодларга гапиришидан қўрққанликларидан уларни ёқишга, йўқ қилишга интиладилар. 

Александр Македонский "Авесто"ни йўқ қилишга уринган бўлса, чунки у "Авесто"нинг қудратини яхши билган ва ўз давлати цивилизациясига хавфли рақобат қилишидан қўрққан. Араблар кўплаб цивилизацияларни йўқ қилиб юборган бўлсалар, чунки улар ўзларининг қучли бўлмаган цивилизацияларини рақобатсиз ривожланишини хоҳлаганлар. Советлар Марказий Осиёнинг лотин алифбосидаги китобларини йўқ қилган бўлсалар, чунки у китоблар Марказий Осиё давлатларига Туркия билан биргаликда лотин алифбосига ўтганлигини ва Совет иттифоқидан мустақил бўлишлари кераклигини эслатиб турган...


Китоблар пичоқ, "Калашников" автомати, ҳатто атом бомбасидан ҳам қудратлидир. Чунки бу қуроллар қадимги китоблар берган билимлар туфайли ихтиро қилинган бўлиб, бу қуроллар ҳақида ёзилган китоблар келгусида улардан ҳам қудратли қуролли яралишига асос бўлади. 

Китоблар яхши ва ёмон мақсадларда ишлатилиши мумкин. Аммо уларнинг барчаси инсонга сабоқлар, хулосалар беради. Кучли диний, сиёсий, фалсафий ёки адабий китоблар инсонларни сеҳрлаб қўйиш кучига эга. Аммо инсон уларни ўқиб ўргангач, билими ортади, қарашлари ўсади, бошқа инсонга айланади. 

Ўқиган китоблари инсонни ким бўлиши, нималар қилишини белгилаб, унинг тақдири ва келажагига таъсир қилиши мумкин. Шу билан бирга, ўқилмаган китобларнинг кўплиги ҳам худди шундай, инсоннинг камолотидаги нуқсонлар сонига тенг бўлиб тураверади.

Берунийнинг "Ўқиганим ва билганим сари ўқимаганим ва билмаганим қанчалар кўп эканлигини тушуниб хижолат тортамен!" деган гапи бежиз эмас. Шу сабабдан, қанча ўқисак ва ўргансак ҳам бу дунёнинг барча китобларини ўқиб, илмларини ўзлаштира олмаймиз. Аммо имконимиз қадар кўп китоб ўқисак, бу ўзимизнинг камолотимизга хизмат қилади ва билимларини ёзиб қолдирсак, бу келгуси авлодларга сабоқ беради. 

Китоблардан қўрқиш ва ёқиш эмас, уларни севиш ва ардоқлаш керак. Биз ўтиб кетамиз, аммо китоблар давом этиб, фарзандларимиз, келгуси авлодларга билимларни ташишда давом этаверади.


"Уч замон" Телеграм каналига аъзо бўлиш ва бошқаларга тарқатиш учун ҳавола

👉 https://t.me/uchzamon

Report Page