«Нажот Таълим» да грантда ўқиш учун юборилган хатлар сарҳисоби
«Нажот Таълим» маркази томонидан IT га қизиқувчилар учун марказда 6-12 ой бепул таълим олиш имкониятини берувчи грант эълон қилинганидан хабарингиз бор. Грантни қўлга киритишнинг йўли эса оддий эди. Махсус ҳавола орқали марказга нима учун айнан сиз грантга лойиқ эканлигингизни исботлаб берувчи мотивацион хат ёзиш. Мотивацион…!
Марказ тизимига қизиқувчилар томонидан жами 544 та хат келиб тушди. Масъул жамоа билан хатлар бирма-бир ўқиб чиқилди. Шахсан мен, хатларни 2-марта қайта ўқиб чиқишни истадим ва ўқидим.
Хўш, «Нимага асосланиб суҳбатга чақирилди?», деган савол кўп кишида туғилаётган бўлиши мумкин. Грант соҳибларини эълон қилганимиздан сўнг, баъзи изоҳларда шундай саволларни кўряпмизки, халқимизда ҳали бери «Мотивацион хат», «Саралаб суҳбатга чақириш» деган тушунчалар йўқ экан. Бундай ҳолат кишини таажжублантирмай қолмайди…
Мотивацион хатларни вақтни кетказиб 2-марта ўқиб чиққанимнинг асосий сабаби эса бирор бир кишини кўздан қочирмаслик эди.
Хатлар турлича бўлди. Хатлардан олам-олам таассуротлар қолди. Баъзи хатларни ўқиб эса ёшларнинг савияси қандай қилиб шунчалик тушиб кетди, нимага, қачон, қандай қилиб деган ҳайрат пайдо бўлди...
Мотивацион хатлар орасидан:
• кенг мулоҳаза билан ёзилган хатлар;
• креативлиги юқори даражадаги, ўқиганда малолланмайдиган чиройли ёзилган хатлар;
• ютуқлари, ҳаёти, муаммолари ва мақсадларини ифодалайдиган хатларни ўқидик.
Шулар билан бирга:
• мотивацион хатнинг қонун қоидасига риоя қилиб йўлланган хатлар бор-йўғи 4 дона эканлиги;
• имло қоидаларига тўлиқ амал қилиб ёзилган хатлар эса 3 доналиги;
• мотивацион хат нималигини тушунмай, паспорт нусхасини «Хат» қилиб юборганлар;
• дафтарнинг варақига «ГРАНД МEНИКИ» деб ёзиб, суратга олиб юборганлар;
• ғиж-ғиж имло хатоларига бой бўлган «Статус» ли расмлардан иборат «Хат» лар келганлиги;
• бир қаторгина гап билан ёзилган «Мотивацион» хатлар;
• баъзи мотивацион хатлар «Олтин балиқ тутиб олсам 3 та тилагимни айтаман», деган мазмундалиги;
• хат ёзганда бизга эмас, кўпроқ ўзларига мотивация бериб қўйганлик ҳолатлари;
• видео ва аудио мурожаатлар кузатилди...
Мамлакатимизда таълим сифати юқори даражада эмаслигини биламиз, лекин бунчалик оқсоқланиб қолганлигини пайқамаган эканмиз. Бу эса энг ачинарли ҳолатдир.
Ҳозирги ўсиб келаётган авлоднинг кўпчилиги ҳамма нарсани омадга боғлаб қўйганлиги яққол сезилди. Улар бирор иш қилиб, бирор бир натижага меҳнат билан эришишни ўрнига, ўз келажагини ғойибдан яхши бўлиб қолишини кутиб ўтиришибди. Ҳаракатда барака бўлганидек, вақтида ўқиб, изланиб, илм олиб, сўнг олий поғоналарга эга бўлиш кераклиги ҳақида ўйлаб ҳам кўришмайди. Ёзилган хатларнинг баъзисида, телефонда статуслардан бошқа нарсани ўқимаган, китобга умуман яқинлашмай туриб, ўзидан-ўзи «Илмли» бўлиб қолган файласуфдек, бизга ҳаёт фалсафасидан «дарс» ўтган ҳолатлари ҳам кузатилди. Бу ҳам етмаганидек, ўқувчиларни грант ўринларига адолат билан танлашни талаб ҳам қилиб қўйишган.
Биз бу ҳолатларни нега айтяпмиз?! Мақсадимиз камчиликни ифодалаб, бировни камситиш эмас. Агар бировни камситиш, ёки шарманда қилиш ниятимиз бўлганида, бошқача йўл тутган бўлар эдик. Мақсад иқтидорларни топиш, уларга имконият бериш эди.
Хатларни саралаётганда бир нечта омилларга эътибор қаратдик:
• мотивацион хат тўғри ёзилганлигига;
• грантга талабгорнинг соҳа бўйича эришган ютуқлари бор ёки йўқлигига;
• дунё қараши, фикрлаши, мақсадларига;
• креативлигига;
• ҳеч бўлмаганда бошқа соҳадан бўлса ҳам, қандайдир натижага эришганлигига;
Бундан ташқари, саралаш омилларига тўғри келмаган бўлса ҳам, бир варақдан кўпроқ ёзганларни, жўяли фикрлар берганларни ва бизни қизиқтира олган барчани чақирдик.
Айтадиган умумий хулосамиз ижобий:
• иштирокчилар айтишганидек, мотивацион хат орқали саралаб олишни йўлга қўяётган ташкилотчилардан эканлигимизга;
• ёшларга имкон бераётганлар қаторида бўлаётганимизга;
• ёшларнинг ҳаракати, қизиқиши борлигига;
• орзулар ушалаётганига хурсандмиз!
Асосийси умид бор, катта умид бор!
Хўш, мотивацион хат аслида қандай ёзилиши керак? Бу саволга қуйидаги маълумотлар билан жавоб беришга ҳаракат қиламан.
1. Кўпроқ маълумот олинг!
Ақлли инсон бирор бир ишга/ўқишга мотивацион хат ёзмоқчи бўлса, энг аввало, ўша жой ҳақида маълумот излайди. Уларга қандай одам керак, нима талаблар қўйилган - барчасини зийраклик билан ўрганиб чиқади. Мотивацион хат ёзиш учун резюменинг ўзи етарли эмас. Унга дунё қараши, фикрлари ва мақсадларини ҳам киритиб ўтиши керак. Шунда хатнинг қанчалик юқори савияда ёзилганлиги билинади.
2. Мотивацион хат шахсий бўлиши керак!
Мотивацион хатингизни сўралган жойга мосланг. Бошқа бировдан ёзиб бериши учун илтимос қилманг. Чунки бу дарров билиниб қолади. Бизга келган хатларда ҳам буни пайқаш унчалик қийин бўлмади. Берилган саволларнинг жавоблари ва хат ёзилган услубни солиштирганимизда, бу яққол кўзга ташланиб турди. Сизнинг хатингиз сизнинг шахсий услубингизни ва шахсиятингизни акс эттириши керак.
3. Ортиқча баландпарвоз гапларсиз, аниқ ва лўнда қилиб ёзинг!
Номидан кўриниб турибдики, мотивацион хатнинг мақсади сизнинг билим савиянгизни ходимлар билан ишловчи менежерига (HR) кўрсатишингиздир. Сиз нимани қидираётганингизни ва нимани таклиф қилишингиз кераклигини содда ва аниқ тушунтиринг. Муҳим бўлган нарсага ёпишиб олинг, қолганлари кейинги босқичда кўриб чиқилади.
4. Кучли жиҳатларингизга эътиборингизни қаратинг!
Мақсадингиз - сизни суҳбатга таклиф қилишларини исташ! Шундай экан, кучли томонларингизни бир нечта жумлаларда қайд этинг. Суҳбат давомида эса сизнинг заиф томонларингиз ёритилади. Лекин ҳеч қачон мотивацион хатда кучли жиҳатларингизни суҳбатда айтиб беришингизни ёзманг. Чунки, мотивацион хат сизнинг ким эканлигингизни кўрсатиб берувчи ягона имкониятдир. Агар уларда яхши таассурот қолдирмасангиз, суҳбатга таклиф қилинмайсиз. Сизнинг мотивацион хатингиз ва резюмеларингиз етарлича эътиборни жалб қилиши керак.
5. Резюмени ҳисобга олинг!
Ўзингизнинг резюмеда ёзган нарсаларингизни ўз мактубингизда яна қайта такрорлаб ёзманг. Шахсиятингизни қизиқарли қилиб кўрсатинг ва ўзингиз ҳақингизда гапириб, хатингизга қўшимча қиймат беринг.
6. Тўғри мувозанатни топинг!
Ҳаддан ташқари такаббур бўлманг. Сиз шунчалик «Зўр» бўлганингизда, иш ёки ўқиш учун бировга мурожаат қилмаган бўлар эдингиз. Компанияни ерга уриб, ўзингизни нақадар бебаҳо эканлигингизни мақтанганингиз ҳеч кимга ёқмайди. Шу билан бирга, ўзингизни тескари баҳоламанг, ёки жуда камтар кўринманг. Шароитингиз яхши эмаслигини баҳона қилиб, грант учун бировларнинг раҳм-шафқатини келтиришга ҳаракат қилманг.
7. Мақсадингизни аниқ тушунтиринг!
Агар бу сиз учун тўғри иш деб ўйласангиз, нима учун айнан сизни танлашлари кераклигини аниқ тушунтиринг. Талаб қилинган фазилатларга қаранг ва улар сизга қандай мос келишини далиллар билан ёзинг. Аравани қуруқ олиб қочманг!
8. Касбий мақсадларингиз ҳақида гапиринг!
Амбицияларингизни ижобий томонга йўналтиринг. Шунингдек, нимага эришганлигингиз ва сиз ғурурланадиган нарсалар ҳақида гапиринг. Лекин асло «Шу юртда туғилганингиз, динингиз, ёки ота-онангизнинг фарзанди эканлигингиз» дан фахрланишингизни ёзманг. Бу ҳар бир инсонда мавжуд бўлган табиий ҳис-туйғулар ҳисобланади.
9. Айтганингизни қўллаб-қувватланг!
Ўзингизни жамоада ишлай оладиган, ёки масъулиятли киши, деб таърифлаш етарли эмас. Сийқаси чиққан бундай жумлалардан сақланинг ва нега ўзингизни ушбу хусусиятларга эга деб ҳисоблаётганингизни тушунтиринг. Мисоллар келтиринг.
10. Мотивацион хатингизга дид беринг!
Дид ва фаросат инсонни ҳар доим бошқалардан ажратиб турадиган хусусият ҳисобланади. Мотивацион хатингиз қанчалик тартибли ва дид билан ёзилган бўлса, шунчалик диққатни тортади. Иложи бўлса, хатингизга турли ранглар ва шакллар билан дизайн ҳам беринг. Бу сизни мотивацион хатга қанчалик жиддий ёндашганингизни ва кучли фантазияга эга эканлигингизни намоён қилади.
11. Имловий хатоларга эътиборли бўлинг!
Кишининг қай даражада саводли эканлигини имлосидан ҳам сезиш мумкин. Агар хатингиз хатоларга тўла бўлса, у ўз мазмунини ҳам йўқотиб қўяди. Чунки, уни ўқиган инсоннинг фикр-у хаёли сизнинг хатоларингизни тўғрилаш билан банд бўлиб қолади.
12. Электрон почта манзилингизни бачкана сўзлар билан очманг!
Ҳозирги кунда, айниқса IT соҳасида грантга топшираётганлар учун E-mail энг муҳим нарсадир. Уни иложи борича исм-шарифингиз билан очинг. Blatnoy@mail.ru ёки kisulya@list.ru каби электрон почталар сизнинг савиянгиз пастлигини кўрсатиб қўяди.
Асосийси, мотивацион хатни бир ўтиришда ёзиб қўйманг. Маълум муддат танаффус қилиб, сўнг яна бир бор қайта ўқиб чиқинг. Бундай усул янги ғоялар ва таклифлар киритишингизга ёрдам беради.
Ҳеч нарса осон бўлмайди. Агар сиз мотивация хатига жиддий ёндашсангиз, танлаган ўқишингиз ҳам сиз ҳақингизда жиддий ўйлайди ва айнан сизни грант учун лойиқ кўради.
Жамоа қўлидан келганини қилди. Керак бўлса, ходимларимиз ўз эҳтиёжларидан воз кечиб, шу ишда иложи борича холис бўлишга ҳаракат қилишди.
Барчага, хусусан:
• Грантга ариза топширган талабгорларга;
• Суҳбатга келиб қатнашганларга;
• «Нажот Таълим» раҳбарияти, ходимлари ва масъул жамоага ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Иштирокчиларни ва барчани:
• мағлубиятдан қўрқмасликка;
• мақсад сари ҳаракатда бўлишга;
• ўз устида кўпроқ ишлашга;
• асосийси эса, мағлуб бўлгандан кейин қўйилган мақсаддан воз кечмасликка чақираман!
Грантга қабул қилинган 17 соҳибларни яна бир бор табриклайман!
13.03.20