Нажмиддинов Лазиз Муҳиддинович

Нажмиддинов Лазиз Муҳиддинович

Buxoro.uz
Нажмиддинов Лазиз Муҳиддинович

Шафқатсиз ўлим моҳир шифокор, Ғиждувон тумани Тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Нажмиддинов Лазиз Муҳиддиновични 49 ёшида орамиздан олиб кетди. 

Лазиз Нажмиддинов 1971 йил 11 январда Ғиждувон тумани, “Гулистон” МФЙда туғилган. Ўрта умумтаълим мактабини муваффақиятли тамомлаганидан сўнг Самарқанд давлат Тиббиёт институтига ўқишга кирган. Маълумоти бўйича мутахассислиги – даволаш иши. Ёш истеъдод соҳиби меҳнат фаолиятини 1993 йилдан Бухоро шаҳар касалхонаси жарроҳлик бўлимидан бошлаган. Амалиёт билан бирга Бухоро давлат Тиббиёт институтининг жарроҳлик кафедраси клиник ординатори, ассистенти сифатида таҳсилни давом эттирган.  

Тиббиёт соҳаси ёш мутахассиси 2002 йилда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиали директорининг вақтинча тез ёрдам ва фавқулодда вазиятлар бўйича муовини, 2007 йилдан мазкур муассаса директорининг янги технологиялар бўйича ўринбосари, 2009 йилдан филиалнинг 2-хирургия бўлими мудири, 2016 йилдан эса РШТЁИМ Бухоро филиали директорининг янги технологиялар бўйича ўринбосари масъул вазифаларида муваффақиятли фаолият юритди. Шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож бўлиб касалхонага ётқизиладиган беморлар дардига ўзининг бор билим ва салоҳияти, тўплаган тажрибасидан келиб чиқиб малҳам бўлди. Таъбир жоиз бўлса, 26 йиллик фаолияти давомида муассасага оғир тан жароҳатлари билан тушган ўнлаб беморлар айнан “қўли енгил” нажоткорлари саъй-ҳаракати туфайли ҳаётга қайтган десак, муболаға эмас. 

Ўз касбига бўлган меҳри, изланувчанлиги боис Лазиз Нажмиддинов 2017 йилдан буён Ғиждувон тумани Тиббиёт бирлашмасига раҳбарлик қилиб келаётганди. Унинг бевосита ташаббуси, елиб-югуриши туфайли тиббиёт муассасасининг қатор бўлимлари қайта таъмирланиб, моддий-техник аҳволи талаб даражасида такомиллаштирилаётганди. Янгиланишлар баробарида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатига бўлган эътибор кучайтирилди.

Лазиз Нажмиддинов касбига нечоғли муносабатда бўлган бўлса, оиласи, фарзандларига ҳам худди шундай меҳри бўлакча эди. Турмуш ўртоғи Муяссар Наврўзова билан биргаликда бир ўғил, икки қизни оқ ювиб, оқ тараб вояга етказиб,  эл қаторига қўшди. 

Бухоро вилояти ҳокимлиги оғир жудолик кунларида марҳумнинг яқинлари, оила аъзоларига сабр-бардош тилаган ҳолда чуқур ҳамдардлигини билдиради.

Report Page