Наврўзда айрим кўча ва йўлларда ҳаракатнинг чекланиши сабабли айланма йўллар ташкил этилади

Наврўзда айрим кўча ва йўлларда ҳаракатнинг чекланиши сабабли айланма йўллар ташкил этилади


Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Ички ишлар вазирлиги ЖХД Ахборот хизмати раҳбари Музифа Султонова маълум қилди.

Мамлакатимизда ҳар йили халқимизнинг қадимий тарихи, бой маданияти ва эзгу қадриятларини ўзида яққол мужассам этган “Наврўз байрами” энг ардоқли миллий байрам сифатида кенг нишонланиб келинади. Жорий йилда “Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз” бош ғояси асосида байрам тадбирлари ўтказилиши белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли ҳужжатларига кўра, Наврўз умумхалқ байрами тадбирларига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ички ишлар органлари томонидан ташкилий, профилактик, тезкор-қидирув ва бошқа чора тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, республика ҳудудида жами 200дан ортиқ объектларда байрам тадбирлари ўтказилиши белгиланган. Фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, ИИВ, МГ, ФВВ ходимлари ва ҳарбий хизматчилари, шунингдек тиббиёт ходимлари ҳамда жамоатчилик вакиллари  сафарбар этилди. Байрам тадбирлари ўтказиладиган барча жойларнинг техник мустаҳкамлиги, тайёргарлик даражаси ҳамкор вазирлик ва идоралар билан мукаммал кўрикдан ўтказилмоқда. Тадбир ўтказиладиган объектларда 600 дан ортиқ назорат ўтказиш жойлари, психолог хоналари ва 140 дан ортиқ БИО ҳожатхоналар ташкил этилади. Байрам тадбирлари ўтказиладиган объектлар атрофига видеокузатув камералари ўрнатилиб, ИИВ нинг мониторинг ва мувофиқлаштириш марказига интеграция қилинган.

Халқ сайиллари ўтказиладиган жойларнинг атроф-ҳудудлари жисмонан, техник ва махсус воситалар билан тўлиқ беркитилади ва камида 150м узоқликда автотураргоҳлар ташкил этилиб, назоратга олинади. Зарурий ҳолатларда айрим кўча ва йўлларда ҳаракатнинг чекланиши сабабли, айланма йўллар ташкил этилади.

Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган жойларда байрам тадбирлари ўтказилишига ҳамда ушбу жойлардаги носоз аттракционлар ва бошқа ўйин қурилмаларнинг ишлатилишига йўл қўйилмаслиги назоратга олинган ва ҳар бир табдир объектида маҳаллий ҳокимлик, соғлиқни сақлаш ва бошқа идора ва ташкилотлар вакилларининг навбатчилиги ташкил этилади.

Байрам тадбирлари ўтказилаётган вақтда электроэнергия, газ, сув, ободонлаштириш ва бошқа мутасадди ташкилотлар ҳар қандай вазиятга шай ҳолатда бўлиши ҳамда туну-кун навбатчилиги ташкил этилиши белгиланган.

 Шунингдек, байрам муносабати билан Тошкент шаҳар ҳамда республикамизнинг барча йирик шаҳарлари ва туман марказларида жойлашган деҳқон бозорлари, йирик савдо комплекслари ва чакана савдо шохобчаларида ташкил этилган “Махсус ярмарка савдолари” атрофида жамоат тартибини сақлаш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш чоралари ташкил этилган.

Азиз юртдошлар ва юртимиз меҳмонлари ЎзР ИИВ номидан барчангизни кириб келаётган Наврўз  байрами билан муборакбод этамиз. Белгиланган тадбирларни тинчлик ва осойишталик билан, юқори савияда ўтказиш учун барчамиз масъулият билан ёндошайлик. 

Report Page