Навоийшунос ва адиб Акром Малик «Илҳом» мукофоти танловида ғолиб бўлди. У «Spark» билан тақдирланди
Адиблар хиёбонида «Катта адабиёт байрами» ҳафталиги доирасида «Илҳом» мукофоти республика танловининг совриндорларини аниқлаш ва тақдирлаш маросими бўлиб ўтган. Бу ҳақда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, мазкур танлов адиблар ҳаёти ҳамда ижодини ўрганиш, уларнинг асарларини таржима қилиш, шу асосда тадқиқотлар ўтказиш, кино ва саҳна асарлари яратиш каби маънавий-маърифий, илмий-ижодий жараёнларда энг юқори натижаларга эришаётган ёшларни излаб топиш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида ОТМда таҳсил олаётган ёки фаолият юритаётган ёшлар ўртасида ўтказилган.
Қайд этилишича, танловда 1-ўринга Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети 2-босқич магистранти Акром Маликов муносиб топилган. У «Spark» автомобили билан тақдирланган.
2-ўринга Тошкент давлат шарқшунослик университети жамоаси лойиқ кўрилиб, уларга 30 миллион сўм пул мукофоти топширилган.
3-ўринни Фарғона давлат университети талабаси Қобилжон Шерматов ҳамда Қорақалпоқ давлат университети таянч докторанти Малика Палимбетова қўлга киритган. Уларнинг ҳар бирига 15 миллион сўмдан пул мукофотлари тақдим этилган.
Бундан ташқари, яна олти нафар ёшларга рағбатлантирувчи мукофот сифатида қимматбаҳо совғалар берилган. Шунингдек, танлов ғолибларига махсус диплом ва статуэткалар топширилган.
Танлов ғолиблари ва совриндорларига мукофотларни Ўзбекистон Республикаси президенти маслаҳатчиси А.Абдувоҳидов ҳамда бош вазир ўринбосари Б.Мусаев топширган.
Маълумот учун, Aкром Малик 2016 йилнинг июл ойида МХХ томонидан қамоққа олинган, Жиноят кодексининг 159-моддаси (конституцион тузумга тажовуз) ҳамда 244-моддаси (жамоат хавфсизлигига таҳдид) билан айбланиб, 6 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. У 2020 йил 27 август куни озодликка чиққан. Акром Малик ёшлар орасида энг кучли навоийшунос тадқиқотчилардан бири ҳисобланади.