Навоийда тадбиркорнинг 21 миллион сўмлик телефонларини тунаган талончи топилди

Навоийда тадбиркорнинг 21 миллион сўмлик телефонларини тунаган талончи топилди


Хатирчи тумани ИИБга 1995 йил Хатирчи туманида туғилган, миллати ўзбек, маълумоти ўрта, тадбиркор, ҳозирги кунда ушбу тумандаги “Бинокор” МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро В.У. ариза орқали мурожаат этиб, номаълум шахс “Хатирчи деҳқон бозори”да жойлашган, унга тегишли бўлган савдо дўкони эшигининг қулфини ғайриқонуний равишда бузиб, дўкондаги умумий қиймати 21 миллион сўмлик ўн дона “Samsung” ва бир дона “Red Minod” русумли уяли телефон аппаратларини ўғирлаб кетганлигини маълум қилган. Туман бўлими ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тергов ҳаракатларига асосан, ушбу қоидабузарликни 1986 йил Самарқанд вилоятида туғилган, миллати ўзбек, маълумоти ўрта, оилали – 3 нафар фарзанди бор, айни пайтда Нарпай тумани “Сарбозор” МФЙда яшовчи Н.К. содир этганлиги аниқланди. Мазкур ҳолат юзасидан Н.К.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Барча мамлакатда, барча динда қораланувчи иллатлардан бири ўғриликдир. Бировнинг ҳаққига хиёнат қилиш, нопок луқма билан рўзғор тебратиб, бутун умр “ўғри” деган тамға остида яшаш иснод аслида. Бироқ, виждон амрига хилоф равишда енгил-елпи ҳаёт кечириш истагида бўлган айрим инсофсиз ва диёнатсиз кишиларнинг қилмиши сабаб, уларнинг оила-аъзолари ҳамда яқинларининг ҳам юзи шувут бўлмоқда. 34 ёшни қарши олган Н.К. ҳам 3 фарзанднинг отаси бўлишига қарамасдан, зиммасидаги масъулиятни, фарзандларига шахсий намуна эканлигини теран англаб етмади. Натижада содир этган қилмиши сабаб қўни-қўшни, маҳалла-кўй олдида боши хам бўлди. Эндиликда қоидабузарнинг хатти-ҳаракатига қонуний баҳо берилиб, айбдор қилмиши учун жавобгарликка тортилиши айни ҳақиқат.

Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати



Report Page