Навоийда карантин даврида укага тан жароҳати етказган оқибатсиз ака жавобгарликка тортилди

Навоийда карантин даврида укага тан жароҳати етказган оқибатсиз ака жавобгарликка тортилди


2020 йил 11 апрель куни Хатирчи тумани ИИБга туман марказий шифохона ҳамшираси телефон орқали мурожаат этиб, 1990 йил туғилган, Хатирчи тумани “Олтинсой” МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро К.А. тан жароҳати олган ҳолда касалхонага ётқизилганлигини маълум қилган. Туман ИИБ ҲПБ ходимларининг олиб борган суриштирув натижаларига кўра, К.А.га 1984 йил Хатирчи туманида туғилган акаси К.Б. ўзаро оилавий келишмовчиликлар натижасида уриб тан жароҳати етказганлиги аниқланди. Мазкур ҳолат юзасидан К.Б. қонуний тартибда жазога тортилди.

Меҳр-оқибат оилада фарзандлар гўдаклигидан шакллантириладиган ва қон-қонга сингиб кетадиган асл қадрият, аслида. Аканинг укага нисбатан тан жароҳати етказганлигини ўрганиш жараёнида аниқланган сабаблар ва оқибатлар эса кишининг энсасини қотиради. Таъбир жоиз бўлса айтишимиз мумкинки, Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” асарида келтирилган “Бир онадан алвон хил бола туғилади” ибораси айни ҳақиқат эканлиги сўзимиз исботидир. К.А. ҳамда К.Б.ларнинг томирида бир ота-она қони оқишига қарамасдан, жиловланмаган жаҳл, бесамар ишлатилган куч ҳамда муносабатлардаги меҳрсизлик уларни душманга айлантирди. Эт билан тирноқни ажратиб бўлмаганидек, сўнгсиз азоблар оловида қоврилган онанинг изтиробларию, кул бўлган кўнглини тасаввур этиш мушкул... 

Афсуски, карантин муддатида зерикиш ва руҳий зўриқишни ваъж қилган ҳолда, жаҳлни бошқара олмаслик, иродасизлик ҳамда шошқалоқлик натижасида иймон-эътиқоднинг асосини ташкил этувчи сабр-тоқатни унутган қондош жигарларнинг бир-бирига тазйиқ ўтказишини инсонийлик хатти-ҳаракати сифатида оқлаб бўлмайди.

Навоий ИИБ Ахборот хизмати




Report Page