Навоийда давлат бюджетидан 1,2 млрд. сўм маблағ тежаб қолинди

Навоийда давлат бюджетидан 1,2 млрд. сўм маблағ тежаб қолинди



Навоий вилояти Хатирчи туманида қиймати 1,2 млрд. сўмлик адлия биносининг давлат - хусусий шерикчилик асосида қурилиши эвазига давлат бюджети маблағлари тежаб қолинди. Жорий йилнинг 2 июнь куни бино расман очилиб, иш фаолияти бошланди. Таъкидлаш жоизки, бу республикада давлат -хусусий шерикчилик асосида қад ростлаган илк адлия бўлимининг биносидир. Туман марказида жойлашган икки қаватли мазкур иншоотда туман адлия бўлими билан бир қаторда нотариус фаолият олиб бормоқда.

-“Мен автотранспорт воситасини сотиб олгандим, у билан боғлиқ хужжатларни расмийлаштириш мақсадида бугун нотариусга мурожаат қилдим. Масалам жуда тез ҳал этилди. Бу ерда аҳоли билан ишлашда қулайлик яратилган экан. Кузатиб турдим, хизматлар электрон шаклда олиб борилаяпти. Ҳатто дам олиш учун ҳам шароитлар ҳам мавжуд. Шундай чиройли бинода юрган сари баҳри дилим очилиб, ходимларнинг муомаласидан, хизматидан рози бўлиб чиқиб кетаяпман” - дейди Хатирчи тумани фуқароси Ўткир Эшимов.


Бу ерда давлат ташкилоти ва идораларига ҳуқуқий ахборотларни тарқатиш, қонунчиликдаги янгиликларни тушунтириш учун махсус жиҳозланган ўқув хоналари ҳам ташкил этилган. Шунингдек, бинода умумий овқатланиш шахобчаси фаолияти ҳам йўлга қўйилиб, унда 10га яқин ёшлар иш билан таъминланди.

-Ҳудудларда адлия бўлимларининг ташкил этилиши фуқароларга қулайликлар яратмоқда. Мурожаатларни ҳал этишда ортиқча оворагарчиликларнинг олди олинаяпти. Қолаверса, қонун хужжатларини ижрочиларга етказиш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, ҳуқуқни қўллашда бир хил амалиётни жорий қилишда ҳам сезиларли ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Мазкур замонавий бинода адлия бўлими фаолиятининг давом эттирилиши эса аҳолига ҳуқуқий хизмат кўрсатиш сифатини янги босқичга кўтариш учун замин яратади- дейди Хатирчи туман адлия бўлими бошлиғи Шерзод Абдураҳмонов.

Навоий вилояти адлия бошқармасига жорий йилнинг ўтган даври мобайнида фуқаролар томонидан 981 та ариза ва шикоятлар келиб тушган, шулардан 642таси ижобий ҳал этилган, қолганлари эса ҳуқуқий тушунтиришлар орқали қаноатлантирилган. Вилоят миқёсида фақатгина фуқароларнинг мурожаатларига асосан жами 351 та даво аризаси киритилган бўлиб, унга кўра аризачилар фойдасига 308 млн. сўм миқдоридаги пул маблағлари ундириб берилган.

Фуқаролар мурожаати нотариал идораларда ҳам тизимли тарзда ҳал этилмоқда. Биргина, жорий йилнинг биринчи чораги давомида вилоят миқёсида 27 мингдан ортиқ нотариал ҳаракат амалга оширилди. Бунда айниқса, аҳоли кўчмас мулкларни бошқа шахсга ўтказиш, автотранспорт воситаси билан боғлиқ ишончномалар бериш, меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома бериш, тадбиркорлар эса асосан кредит гаров сингари масалаларни ҳал этишда нотариус хизматидан кенг фойдаланишмоқда. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 2 мингга яқин тадбиркор мурожаати ижобий ҳал этилди, айни пайтда улар ўз фаолиятини белгиланган тартибда давом эттириб келмоқда.  

Мазкур замонавий бино аслида инсонларнинг мурожаатларини ҳал этиш, оғирини енгил қилиш учун яратилган бир қулайликдир.Бу ердаги ободлик эса кишиларнинг кайфиятига ижобий таъсир этмоқда. Биргина, ҳовли юзида барпо этилган мўъжазгина фавворанинг ҳудуд бўйлаб салқинликни таъминлаши, бинога ва ер майдонига ўрнатилган чироқларнинг тунда ҳам тонгдагидек ҳудудни ёритиб туриши энг аввало, халқнинг ислоҳотлардан розилигига эришиш йўлидаги яна бир ҳаракатдир.




 


Report Page