Навоийда 5 ёшли қизалоқ мудҳиш жиноятнинг қурбони бўлди
2020 йилнинг 9 июль куни Навоий вилояти Навбаҳор туманида содир этилган мудҳиш қотилликка вояга етмаган ўсмир сабабчи бўлди. 2004 йил Зарафшон шаҳрида туғилган, миллати ўзбек, маълумоти тугалланмаган ўрта, мактаб ўқувчиси, айни пайтда Зарафшон шаҳридаги 6-кичик даҳада истиқомат қилувчи Б.Қ. жорий йилнинг 8 июль куни ота-онаси билан биргаликда Навбаҳор тумани, “Янгиҳаёт” МФЙда истиқомат қилувчи бобосининг уйига меҳмондорчиликка борган. Б.Қ. амакиси – 1985 йил туғилган, миллати ўзбек, Навбаҳор тумани, “Янгиҳаёт” МФЙда яшовчи Э.Т.нинг ўгай қизи, яъни 2015 йил Нурота туманида туғилган, Навбаҳор тумани, “Янгиҳаёт” МФЙда истиқомат қилувчи, вояга етмаган М.А.ни ошхона пичоғи билан бўйин соҳасига уриб, қасддан ўлдирган. Воқеага тасодифан гувоҳ бўлган М.А.нинг онаси, яъни 1988 йил Нурота туманида туғилган, миллати ўзбек, маълумоти олий, 1 нафар фарзанди бор, Навбаҳор тумани, “Янгиҳаёт” МФЙда яшовчи М.Д.га ҳам қўлидаги пичоқ билан бир неча маротаба тан-жароҳати етказиб, воқеа жойидан яширинган. Айни пайда жабрланувчи М.Д. туман Тиббиёт бирлашмасининг “Жонлантириш бўлими”га ётқизилган.
– Оиладаги носоғлом муҳит, руҳият ва онгнинг мўртлиги, меҳрсизлик ҳамда итоатсизлик қонли зўравонликнинг юзага келишига сабаб бўлди, – дейди вилоят ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник И.Тиллаев. – Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ота-онанинг фарзанд тарбиясидаги эътиборсизлиги 5 ёшли қизалоқни қурбонга айлантирди. Ахлоқий ҳамда жисмоний тарбиясизлик ҳар қандай жиноятнинг бош омилидир. Гумонланувчининг жазодан қочишга уриниши, қотилликда ўзини айбдор ҳис этмаслиги уни жавобгарликдан озод этмайди. Навоий вилояти ИИБ ЖҚБ ходимларининг олиб борган тезкор саъй-ҳаракатлари натижасида, гумонланувчи шу куннинг ўзидаёқ қўлга олинди.
Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати