Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсуновнинг Рамазон ҳайити муносабати билан вилоят аҳлига байрам табриги

Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсуновнинг Рамазон ҳайити муносабати билан вилоят аҳлига байрам табриги


Қадрли юртдошлар!

        Бутун ислом олами қаторида дину диёнатли, эътиқоди мустаҳкам халқимиз ўз сабри-қаноати, маънавий салоҳияти ва Яратган эгам амрига итоатини синовдан ўтказиб, эзгу ниятлар билан кутиб олаётган муборак Рамазон ҳайити билан сиз азизларни, чин қалбимдан самимий табриклайман!

Эзгулик ва инсонпарварлик, меҳр-шафқат каби буюк фазилатлари янада ёрқин намоён бўладиган ушбу шукуҳли дамлар барчамиз учун муборак ва шу кунларга етказгани учун аввало, Аллоҳ таолога беҳисоб шукроналар бўлсин!

        Бу байрам инсон қадрини улуғлашнинг ёрқин намунаси сифатида дунё аҳлини ўзаро аҳилликда, дўст ва биродар бўлиб, тотувлик ва ҳамкорликда яшашга даъват этадиган қутлуғ айём десак зарррача муболаға эмас. Бинобарин, у мамлакатимизда инсон қадри, эътиқодига ҳурмат ва эҳтиром ҳамда диний ҳуқуқ ва манфаатларга ҳурматнинг ифодаси ҳамдир. Шу маънода сўнгги йилларда мамлакатимизда диний қадриятларимизни тиклаш, бебаҳо илмий-маънавий меросимизни ўрганиш ва тарғиб этиш борасида улкан ишлар амалга оширилиб, юртдошларимиз ўз эътиқодига содиқ ҳолда эзгу амалларни бажараётганлиги, муқаддас масканларни зиёрат қилиб, ҳаж амалларини адо этаётганлиги мамлакатимизда тинчлик осойишталик ва юртда фаровонлик барқарорлигининг ёрқин тасдиғидир.

        Жорий Рамазоннинг айни кўклам - уйғониш ва яшариш даврига тўғри келиб, юртдошларимизнинг уни адо этиш баробарида она табиатга уйғун ҳолда кенг кўламдаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга оширганлиги,  табаррук қадамжолар обод этилиб, пурвиқор тоғлардан тортиб, бийдай чўлликларга қадар янги-янги боғ-роғлар, бепоён саксовул ўрмонзорларни барпо этганлиги дину диёнатимиз собитлигининг намунасидир, десак янглишмаймиз.

        Рамазон биродарлик, эзгулик, хайру саховат ва меҳр-оқибат ойи. Унинг  файзу тароватидан баҳраманд бўлиб, жамиятимизда ўзаро ҳурмат ва аҳиллик муҳитини мустаҳкамлаш, муҳтарам нуронийлар, аёллар ва болаларга меҳр ва эътибор кўрсатиш, эҳтиёжманд инсонларга беғараз ёрдам бериш сингари савобли ишларни амалга оширилди. Шу бир ой ичида кўрсатилган саховатпешалик амаллари, кексаларнинг ҳолидан хабар олиш каби тадбирларни санаб адоғига етиш мушкул. Албатта, ҳалол меҳнати ортидан топган-тутганини қариндош-уруғлари, маҳалладоши ёки юртдошининг оғирини енгил қилиш учун холис ният билан ҳадя этган, меҳр-оқибатли, инсоф-диёнатли ва жонкуяр инсонларга Яратганнинг ўзи ажру мукофотини бериши шубҳасиз.

 Бундай олижаноб мақсад ва эзгу амаллардан мақсад битта(ягона) - халқимизни ҳаётдан рози қилишга қаратилган ислоҳотларимизнинг маъно-мазмуни – Рамазонга ҳар томонлама уйғун ва ҳамоҳанг эканлигидир. Бу каби эзгулик тадбирлари давом этмоқда.

Азиз Юртдошлар!

     Она юртимизнинг келажаги буюк ва ёруғ, халқимиз ҳаёти янада фаровон, Президентимизнинг раҳнамолигида амалга оширилган барча хайрли ишлар бардавом бўлишини Аллоҳ таолодан сўраб дуолар қилайлик.  Ер юзига Аллоҳнинг раҳмати ёғилиб турган ушбу саодатли айёмда барча мўмин-мусулмонларимизни, Рамазон ҳайити билан яна бир бор чин қалбимдан муборакбод этаман! 

     Нияти пок, мақсадлари улуғ халқимизнинг ушбу саодатли онларда қилаётган тоат-ибодатлари ва дуолари ижобат бўлсин!

     Парвардигори олам доимо йўлимизни ҳам, юзимизни ҳам ёруғ қилсин! Юртимизни, элимизни турли бало-қазолардан Ўзи асрасин! Ватанимиз тинч, халқимиз соғ-саломат бўлсин!

Рамазон ҳайити барчага муборак бўлсин!

 

 

 




Report Page