Навоий вилояти ИИО ходимлари саъй-ҳаракати туфайли “янги меҳмон” ноодатий тартибда уйига кузатилди

Навоий вилояти ИИО ходимлари саъй-ҳаракати туфайли “янги меҳмон” ноодатий тартибда уйига кузатилди


Жорий йилнинг 15 апрель куни Навоий шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Рустам Тўлаев “Севимли” канали Навоий вилояти мухбирига телефон орқали мурожаат этиб, яқин кунда фарзандли бўлганлигини, айни пайтда турмуш ўртоғи ҳамда чақалоқ вилоят туғруқхонасидан чиқишига рухсат этилган, бироқ карантин муддатида шаҳар кўчаларида автотранспорт воситалари чекланганлиги муносабати билан йўл узоқлиги сабабли фарзанди ҳамда турмуш ўртоғини яшаш хонадонига олиб кела олмаётганлигини маълум қилган.

Рустам Тўлаевнинг муаммосига вилоят ИИО ходимлари ижобий ечим топиб, оғирини енгил қилди. ППХ баталёни 1-отряд командири, майёр Маҳмуд Шодиев ҳамда ППХ баталёни ходими, катта сержант Жавоҳир Яҳёевларнинг кўмаги туфайли “янги меҳмон” ноодатий тартибда яшаш хонадонига соғ-саломат олиб борилди. Карантин муддатида ўз хизмат вазифаларини туну кун сидқидилдан адо этиб келаётган соҳа ходимлари ушбу хизмати орқали Рустам Тўлаев ҳамда Дилдора Арабоеваларнинг қувончига қувонч қўшди. Маёр Маҳмуд Шодиев ҳамда катта сержант Жавоҳир Яҳёевларнинг карантин муддатидаги ушбу ноодатий хизмати эътирофга лойиқдир. Биз ишонамизки, Руслан исмли “янги меҳмон”имиз ҳам соҳа фидойилари сингари Ватанга садоқат билан хизмат қиладиган комил фарзанд бўлиб вояга етади.

Навоий ИИБ Ахборот хизмати