Навоий вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Нормат Турсуновнинг Наврўз байрами муносабати билан вилоят аҳлига байрам ТАБРИГИ

Навоий вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Нормат Турсуновнинг Наврўз байрами муносабати билан вилоят аҳлига байрам ТАБРИГИ

https://t.me/navoiuz_official Навоий вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати.


 Қадрли навоийликлар, азиз юртдошлар!

  

 Мана, барчамизга қувонч ва шижоат бағишлаб, қалбларимизни эзгу ният ва орзуларга тўлдириб юртимизга Наврўзи олам кириб келди. Ушбу қадимий байрамнинг руҳи ва фалсафасида мужассам бўлган борлиқни асраб-авайлаш, табиат билан уйғун бўлиб яшаш, меҳр-оқибат, хайру саховат, бунёдкорлик, бағрикенглик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик сингари юксак ғоялар бугунги кунда янада теран мазмун ва аҳамият касб этиб бормоқда.

 Ана шу муродбахш онларда вилоятимизнинг барча меҳнаткаш ва бағрикенг халқини ва вилоятимиз меҳмонларини янгиланиш ва яшариш айёми, яратувчанлик ва гўзаллик рамзи, шарқона янги йилимиз – Наврўзи олам билан чин қалбимдан қутлайман!

 Миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир ватандошимиз ўзининг ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини тобора чуқур англаб бораётган Янги Ўзбекистон шароитида Наврўз том маънода умумхалқ байрамига айланиб, айни кунларда вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида, қишлоқларида, маҳалла ва овулларида "Ассалом, Наврўз – янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!" деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида улкан завқ-шавқ ва кўтаринки кайфиятда нишонланмоқда.

 Юртимизда ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш, инсон қадрини улуғлашдек буюк мақсадларни амалга оширишга қаратилган кенг кўламли демократик ислоҳотлар жараёнида барча миллий қадриятларимиз қатори Наврўз умумхалқ байрами ҳам ўзига хос маънавий таянч бўлиб хизмат қилмоқда.

 Байрам кунларида вилоятимиздаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фахрийлари, кекса авлод вакилларини ҳар томонлама эъзозлаш, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Меҳр дафтари”га киритилган ҳамда кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга беғараз ёрдам кўрсатиш каби хайрия тадбирлари оммавий ҳаракатга айланиб бораётгани қувонарлидир.

 Зотан, Наврўз кўнгилларимизга энг покиза туйғулар, орзу-умидлар жойлаб, улкан ютуқ ва марралар сари шижоатга чорлайди. Ушбу қутлуғ айём кунларида эртанги кунга бўлган ишончимиз янада мустаҳкамланади, барча бошлаган ва режалаштирган ишларимизни ҳалол, сифатли ҳамда ўз муддатида бажаришга бўлган масъулиятимиз янада ошади.

 Истардимки, ана шу ишонч ва масъулият барчамизга ҳамиша куч ва ғайрат бағишлаб турсин!


Қадрли юртдошлар!


Барчангизни яна бир бор уйғониш, янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми - Наврўз байрами билан чин қалбимдан табриклайман!

Ушбу янги кун жонажон юртимизга тўкин-сочинлик, ҳар бир хонадонга қут-барака олиб келсин!

Эзгу ният ва амаллар, меҳр-оқибат, меҳнатсеварлик ва шижоат қалбларимизни ҳеч қачон тарк этмасин!

 Наврўзи олам ҳаммамизга муборак бўлсин!

Report Page