Навоий вилояти ҳокими Кобул Бекназарович Турсуновнинг табриги

Навоий вилояти ҳокими Кобул Бекназарович Турсуновнинг табриги

Ассалому алайкум, ҳурматли анжуман иштирокчилари!

Муҳтарам дўстлар!

Бугун мамлакатимиз ва миллатимиз тарихи саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан битилган унутилмас кун!

Бугун биз нафақат ўзаро сўзлашув ва мулоқотда, мактубот ва китоботда, ҳатто нуфузли ҳалқаро минбарларда ҳам ўзимизни, ўзлигимизни, миллатимизни намоён этишга имкон бериб, бизни бийрон сўзлатган она тилимиз – ўзбек тили байрами куни!

Дунёда қайсики миллат ва элатнинг ростмана мавжудлиги аввало унинг ўз она тили билан белгиланади.

Шу маънода асрлар давомида жонажон юртимиздан етишиб чиққан буюк аллома ва авлиёсифат аждодларимиз дунё тамаддуни бешикларини тебратганликлари ҳам бежиз эмас.

Даврлар силсиласига назар ташлар эканмиз, заминимизнинг улуғлари юрт шаъни, миллат орини аввало она тилимизнинг куч-қудрати билан ҳимоя қилишни ўзларининг муқаддас бурчи деб билишган.

Бугун инсоният шундай бир даврга қадам қўйдики, бунда тил ва миллат, маданият ва маънавият, иқтисодиёт ва сиёсатнинг глобаллашуви шиддат билан давом этмоқда.

Манфаатлар тўқнашувида эса нафақат тил, балки миллат ва халқлар ўзлигидан йироқлашмоқда, десак муболаға бўлмайди.

Ҳолбуки, айни пайтда дунёда 6 мингдан ортиқ тил мавжудлиги аниқланган бўлса, уларнинг 90 фоизи йўқолиб кетиш арафасида тургани барчамизни жиддий мулоҳаза ва мушоҳадага чорлаши лозим.

Зеро, 31 йил муқаддам буюк миллатимизнинг она тили бўлмиш ўзбек тилига давлат тили мақоми берилгани шунчаки оддий воқелик эмас эди.

Ўша давр солномасига нигоҳ ташласак, бу том маънода халқимиз тарихида унутилмас жасорат, миллат эрки ва озодлиги йўлидаги шиддатли бир қадам эканлигига амин бўламиз!

Негаки, суронли даврлар исканжасида Шарқу Ғарб цивилиза-циясининг тамал тошларини қўйган миллатимизнинг бетакрор намоёндалари, буюк алломаю, давлат ва жамоат арбобларини етиштирган халқимиз ўз тилини йўқотиш арафасига келиб қолган эди, десак хато бўлмайди.

Шоядки ўтган давр мобайнида ўзбек тилининг нуфузи ошди. Энг муҳими Она тилимиз — умуммиллат мулки эканлигини англаб етдик. Унинг қадр қимматини, қийматини юракдан ҳис қилдик. Қаҳрамон шоиримиз Эркин Воҳидов таъбири билан айтганда:     “Мен ўзбекман деган ҳар бир инсон ўзбек тили учун қайғурмоғи керак.

Тил ёлғиз мутахассисларнинг мулки, хусусий томорқаси эмас, уни бойитиш, гўзал қилиш, хас-хашаклардан тозалаш, унутилган, маъноси ўзгарган сўзларни тиклаш ҳамманинг иши” эканлигини том маънода англай бошладик.

Ваҳоланки, бундан 5 аср муқаддам Низомиддин Мир Алишер Навоий ҳазратлари ҳам “Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз” дея бонг урганлари бежиз эмас.

Юртбошимизнинг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва ушбу Фармон асосида “Ўзбек тили кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун қабул қилинганлиги аждодларимизнинг асрлар давомидаги армонларининг рўёби дейиш мумкин.

Шу ўринда мамлакатимиз мустақиллигининг шонли тарихи саҳифаларида ўчмас из қолдирган, таъбир жоиз бўлса, она тилимизнинг қаддини ва қадрини дунё узра юксакларга кўтарган кун барчамизнинг қалбимизда бир умр муҳрланиб қолса, ажаб эмас.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 23 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг  75-сессиясида юқори даражадаги умумсиёсий мунозараларда Ўзбекистон тарихида илк марта ўзбек тилида нутқ сўзлагани юртдошимизнинг кўксида ифтихор, қалбида ғурур туйғуларини жўштирди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз!

Дунёда ўз она тилини улуғламаган, унинг шаъни, обрўси учун курашмаган халқ ҳеч қачон ўзлигини намоён эта олмайди.

Азиз юртдошлар!

Дунёда халқлар, миллатлар кўп, лекин улар орасида саноқлигина қисми ўз она тилида сўзлашиш имконига эга.

Бунинг ўзиёқ барчамизда шу юрт, шу ватан, шу миллат фарзанди эканлигимиздан кўнглимизда фахрланиш туйғуларини уйғотиши табиий, албатта. 

Улуғ маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг таъбири билан айтганда, “Миллий тилни йўқотмоқ миллатнинг руҳини йўқотмоқдир”.

Шундай экан уни келажак авлодларга бекаму кўст, бор жозибаси, гўзаллиги билан етказиш нафақат соҳа мутахассислари, балки ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.

Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, “Ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим.”

Она тилимиз – бу миллатимизнинг кўзгуси, халқимизнинг маданияти, асрлар давомида қадрият даражаси сари юксалган урф-одатлари, турмуш тарзи, тарихини намоён қилувчи воситаси, юрт келажагини белгилаб берувчи бебаҳо бойликдир.

Шундай экан, давлат ва миллатнинг ўзлиги, унинг шаъни ва қадр қимматини намоён этувчи энг олий тимсол она каби муқаддас тилимизни асраб авайлайлик!

Эътиборларингиз учун раҳмат!







Report Page