Навоий вилояти ҳокими К.Б.Турсуновнинг НАВОИЙЛИК ҒАЛЛАКОРЛАРГА табриги

Навоий вилояти ҳокими К.Б.Турсуновнинг НАВОИЙЛИК ҒАЛЛАКОРЛАРГА табриги


Шартнома лафз - орият устун! Аҳдига содиқ, мўл ҳосил олишнинг ҳадисини олган омилкор деҳқонларимиз эндиликда ваъдаларига вафо қилиб, режадаги хирмонни яратишга эришдилар. Чунки, мамлакатимизда ғалла мустақиллиги йўлида олиб борилган изчил саъйи-ҳаракатлар самараси ўлароқ бой тажриба тўпланиб, дала деҳқончилик ишларининг беназир тизими яратилди. 

Бугун эса вилоятимизда амалий ишларнинг узвий давоми сифатида 211 минг тонналик улкан хирмон яратилди.

Муваффақиятнинг омиллари кўп. Сўз шу хусусда кетар экан, энг аввало давлатимиз раҳбари бошчилигида қишлоқ хўжалигида олиб борилаётган ислоҳотлар, ғалла етиштириш бўйича илғор тажрибалардан унумли фойдаланиш, соҳада моддий-техник базани мустаҳкамлаш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини соғломлаштириш, пировард натижада ерга бўлган деҳқон муносабатини тубдан ўзгартириш, яъни масъуллик ҳиссини ошириш имконини бераётганлигини алоҳида таъкидламоқ зарур. 

Ғаллачиликда кластер тизимига ўтганлиги мўл ҳосил етиштиришда катта ўрин тутди. Чунки, мавсум давомида 9 та ғаллачилик кластер корхоналари томонидан 854 та фермер хўжаликларининг 38 минг гектар ғалла майдонларига моддий техник ресурслар, минерал ўғитлар белгиланган муддатларда етказиб берилди.

Натижада агротехника тадбирлари ўз вақтида сифатли ўтказилиши 211 минг тонндан ортиқ мўл ҳосил гаровини таъминланиб давлат омборларига 82 минг тонна товар дон сотилиб, 9,9 минг тонна уруғлик жамғарилмоқда. Кластер ва фермер хўжаликлари ихтиёрида 120 минг тоннага яқин дон қолдирилди. 

Шунингдек, ғаллачиликда кластер тизимининг жорий этилиши вилоятимизда етиштирилган донни қайта ишлайдиган корхоналарни кўпайишига ва аҳолини ун маҳсулотларига бўлган талабини янада яхшилашга хизмат қилмоқда.

Фермерларимиз бугун ўз фаолиятларида янги сифат босқичига ўтганлиги айни ҳақиқат. Қатор имтиёзлар, минерал ўғитлар, ёқилғи мойлаш маҳсулотларининг тизимли таъминоти йўлга қўйилганлиги, ёхуд молия муассасаларининг кўмаги ва бошқа хизмат кўрсатувчи ташкилотлар барча- барчаси деҳқонга қанот бўлмоқда. Бир сўз билан айтадиган бўлсак, бугун барча ўзини шу ишга дахлдор деб билган борки, унинг масъулиятини ҳам ҳис қилади албатта. 

Бу йил об ҳаво шароити ноқулай кечган бўлсада, вилоятимизда ғалла тез фурсатларда ўриб, йиғиштириб олинди. Кўп йиллик тажрибалар натижаси сабаб бу йил ҳам ғалла ўрим йиғим ишлари отряд усулида ташкил этилди. Ғалла ўрим ишларига жалб этилган 103 та юқори унумли комбайнларни ҳар бирини бир отрядга бириктириб 103 та отрядлар шакллантирилди. 

Ушбу ўрим йиғим ишларини тизимли ташкил этишда вилоят Ички ишлар, Миллий гвардия, Фавқулотда вазиятлар ва Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг жонбозлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Бу йил фермер хўжаликларимизга 155 млрд. сўмдан ортиқ имтиёзли кредит маблағлари ажратиб берилди.

Мана шундай рағбат ҳамда унга муносиб меҳнатни йилдан- йилга ҳосилдорликнинг ошишини Конимех, Қизилтепа, Навбаҳор, Хатирчи туманлари мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

Вилоятимизда ғаллачиликнинг ҳадисини олган илғор фермерларимиз кўпчиликни ташкил этади.

Хусусан, Конимех туманидаги “Аймекен”, “Учқун нарқул ўғли”, “Шамши ата”, Қизилтепада “Аҳад бобо”, “Даврон” “Ванғози агро экспорт” МЧЖ, “Халим Абром Акром пахтакори”, Навбаҳорда “Сафо Севди”, “Хондамир Ибрат”, “Буганбой”, “Очилова Инобат”, “Навбаҳор сайқали камоли”, Хатирчида “Норхол эллик боши”, “Турсунов Камолиддин”, “Муртаза карвон орзуси”, “Усмон додо Суннат”, “Ният кафолат”, Карманада “Бахром Ризо”, “Ато Бўтаев”, “Амирхон Бурхон” фермер хўжаликлари ғалла майдонларидан ўртача 80-90 центнердан ҳосил олишга эришди. Бу каби фермерларни яна кўплаб келтиришимиз мумкин.

Йил сайин ҳалол меҳнат орқасидан даромади кўпайиб, имкониятлари кенгаяётган фермерларимиз аҳолининг фаровон турмуш тарзига хизмат қилувчи замонавий маданий-маиший иншоотлар, янги-янги ўқув биноларини барпо этишга ҳам баҳоли қудрат бош қўшмоқдалар.

Албатта, тўкисликда хислат кўп. Ғалласи мўл элнинг кўзи тўқ, рисқи бутун, фикри теран, лафзи ҳалол, мақсадлари эзгу бўлади. Шундан бўлса керак, дон маъмурчилик тимсоли саналади. Одамларнинг бошини қовуштириб, меҳр-оқибатга, инсонийлик ва диёнатга чорловчи омил ҳам аслида ана шу тушунча билан боғлиқдир. Сизларни ана шундай эзгу ниятларга омил бўлган неъмат- улкан ғалла хирмони яратилгани билан яна бир бор табриклайман! Хонадонларингиз обод, оилангиз тинч, ўзингиз соғу саломат бўлинг! Ҳалол меҳнатингиздан топган- тутганингиз яхши кунларингизга буюрсин!

Ғалабаларингиз муборак бўлсин. Хирмонларингизга барака берсин!


Report Page