Навоий ИИБ тезкор ходимлари 3 ойлик дилбандини 3 хонали уйга алмаштираётган “какку” она ва “даллол” бобони қўлга олди

Навоий ИИБ тезкор ходимлари 3 ойлик дилбандини 3 хонали уйга алмаштираётган “какку” она ва “даллол” бобони қўлга олди


2020 йилнинг 23 май куни Навоий вилояти ИИБ Т ва ЭҚКБ ҳамда Кармана туман ИИБ ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди. 1987 йил Навоий вилоятида туғилган, миллати ўзбек, маълумоти ўрта-махсус, турмушга чиқмаган, ҳозирда Хатирчи туманидаги “Зарафшон” МФЙда рўйхатда туриб, Навоий шаҳридаги “И.Каримов” кўчасида ижарада вақтинчалик яшаб келаётган фуқаро З.Ў. 2020 йил Хатирчи туманида туғилган, миллати ўзбек, Хатирчи тумани, “Зарафшон” МФЙда рўйхатда турувчи, ёшига етмаган фарзанди Б.Ў.ни бозор нархида тахминий баҳоси 250 миллион сўм бўлган 3 хонали уй эвазига сотаётган вақтда қўлга олинди. З.Ў. ушбу жиноий ишни отаси – 1951 йил Навоий вилоятида туғилган, миллати ўзбек, маълумоти ўрта, оилали – 9 нафар фарзанди бор, айни пайтда Хатирчи туманидаги “Зарафшон” МФЙда истиқомат қилувчи А.Ў. билан шерикчилик асосида содир этганлиги аниқланди ва далилий ашёлар холислар иштирокида расмийлаштириб олинди. Мазкур ҳолат юзасидан Кармана туман ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан ҳозирда терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этмоқда.

 “Данагидан мағзи ширин”, – мақоли меҳрибон бобо-бувилар томонидан одатда севикли ва суюкли набиралар учун қўлланиладиган мазмун ва моҳиятан энг чиройли иборалардан биридир. Бироқ, мағзини пуч кўриб, набирасининг қадр-қимматини арзимас пул эвазига баҳолаб, инсонийлик қиёфасини йўқотган боболарнинг борлиги ачинарлидир. Табиатда жонзотлар орасида учрайдиган бир ҳолат бор: қушлар ичида какку ўз полопонига беэътибор ва бемеҳрлиги сабаб, тухумини бошқа қушлар инида қолдириб, кетаверар экан. Шу боис халқимиз орасида етим-есир болаларга нисбатан “бўзлаб қолган какку боласидек” ибораси қўлланилади. Минг афсуски, ота-она ҳаёт бўлсада, ўз жигаргўшасини “тирикетим” қиладиганлар ҳам бор. Она деб аталмиш буюк номга мушарраф бўлиш, фарзандлар бахту иқболини кўриб яшаш – илоҳий мўжиза ва бахт аслида. Таассуфки, жамиятимизда ушбу улуғ номга доғ туширгувчи номуносиблар ҳам учраб туради. Ҳойу ҳавас, мол-дунё учун ўз дилбандини сотган онанинг виждонсизлиги келажакда фарзанд нафрати ва доғига сабаб бўлиши мумкин.

Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати





Report Page