Навбатчилик қисмлари кўмагида 2 мингга яқин жиноят фош этилди

Навбатчилик қисмлари кўмагида 2 мингга яқин жиноят фош этилди

Ички ишлар вазирлиги

Ички ишлар вазирлиги марказий навбатчилик қисмига Сурхондарё вилоятида содир бўлган босқинчилик жинояти ҳақида хабар келиб тушди. Маълум бўлишича, тунги соат 02.00 да Музработ туманида яшовчи фуқаро Б.Чориевнинг яшаш уйига ниқоб кийган номаълум шахслар кириб, уни қўрқитиб, 3 миллион сўм пули, 50 АҚШ доллари ва уяли телефонини олиб кетган.

 Навбатчилик қисми смена бошлиғи Б.Абдушукуров вилоят ички ишлар бошқармаси раҳбарлари орқали жабрланувчи томонидан гумондорлар ҳақида берилган кўрсатмалар тўғрисидаги маълумотларни олган. Гумонланувчиларни электрон базаси орқали текшириб, зудлик билан шахсини аниқлаган. Маълумотларни эса барча ички ишлар органлари тизимига узатган. 

Натижада жиноятни содир этган Б.Ҳусанов ва Ж.Ҳайдаров Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида жойлашган “Умакай” йўл-патруль хизмати масканида ушланиб, уларга нисбатан қонуний чоралар кўрилган.

 Навбатчилик қисмига янги инновацион технологиялар жорий этилгани жиноятларни тезкор фош этишда қўл келмоқда. Шу билан бирга, навбатчилик қисмларига жиноят ва ҳодисалар содир бўлган жойларга ходимлар зудлик билан етиб бориши учун 330 хизмат автомашинаси ажратилган. Жорий йилнинг ўтган даврида навбатчилик қисмлари ходимларининг саъй-ҳаракати натижасида 2 мингга яқин жиноят тезлик билан фош этилди. 

“Хавфсиз шаҳар” концепцияси доирасида инсоннинг ташқи қиёфасини тезкорлик билан аниқловчи ва бошқа инновацион видеокузатув камераларини ўрнатиш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, “Йўл ҳаракати қоидалари бузилишини қайд қилиш бўйича автоматлаштирилган тизим” лойиҳаси асосида шаҳарлар марказий чорраҳалари, гавжум жамоат жойларида видеокузатув мосламалари ўрнатилган.

 Мисол учун, Тошкент шаҳри Олмазор туманида 120, Юнусобод туманида 250 дона инсон юзи ва автотранспорт воситаси давлат рақамини аниқловчи видеокузатув мосламаси ўрнатилиб, ҳудудий ички ишлар бўлимларига интеграция қилинган. 

Фуқаролар ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида мамлакатимиз бўйлаб жами 247 минг 922 видеокузатув мосламаси ўрнатилган. Шундан 154 мингдан ортиғи замонавий инновацион видеокамерани ташкил этади. Уларнинг 2,2 мингдан зиёди ички ишлар органлари навбатчилик қисмларига интеграция қилинган. 

Соҳа вакиллари томонидан туну кун кузатув ташкиллаштирилиб, ҳар қандай ҳуқуқбузарликларга нисбатан тезкорлик билан тегишли чоралар кўрилиши таъминланмоқда. Бу эса, ўз навбатида, ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олди олинишига, содир этилганларини тезкор фош этишга имконият яратмоқда. 

Қайд этиш ўринлики, 2019 йил биринчи чорагида республика бўйича содир бўлган умумий жиноятлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан сезиларли даражада камайган. Бу ўринда жиноят ва ҳодисалар ҳақидаги аризаларни ўз муддатида қайд этиш ва тегишлилиги бўйича йўналтириш билан шуғулланаётган навбатчилик қисмлари (102) ходимларининг салмоқли ҳиссаси бор.

Элдор Ҳакимов,
ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари
билан алоқалар бошқармаси бош инспектори.

ЎзА

Report Page