Насриддин Маҳмудов—60 ёшда

Насриддин Маҳмудов—60 ёшда


Инсон бу ёруғ оламда албатта, ўз қараши, тамойили, мезонларига эга, нимагадир ишониб, эътиқод қилиб яшайди. Ана шу ишонч ва садоқат унинг умрига мазмун, ҳаётига маъно бағишлайди. Ўзи танлаган йўлдан собитқадамлик билан боришига рағбат уйғотади. Эзгу мақсадларига эришишига қатъий ишонч туғдиради. Ана шундай холис ва тўғри йўлдан бориб, кўпларнинг хайрихоҳ дўсти, ҳаммаслаги, устозига айланганлардан бири қишлоқ хўжалиги билимдони Насриддин  Маҳмудовдир.

Кўп йилдирки, давлат ҳокимиятининг бошқарув идораларида масъул лавозимларда ҳалол меҳнат қилиб келаётган Маҳмудов Насриддин Нажимович умрининг зарҳал ҳарфлар билан битиладиган бу кунларига мардона етиб келиши замирида ҳам машаққатли меҳнат, интилиш ва изланиш ётибди, албатта.  

Насриддин Маҳмудов—1964 йилда Ғиждувон туманида оддий ишчи-деҳқон оиласида таваллуд топган. 1981 йилда  Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтига ўқишга кириб, 1987 йилда олийгоҳни агроном мутахассислиги бўйича муваффақиятли битирган.

Меҳнат фаолиятини Ғиждувон туманидаги собиқ ширкат хўжалиги ёшлар ташкилоти қўмитаси котиблигидан бошлаган ёш мутахассис киришимлиги, ташкилотчилиги туфайли хизмат пиллапояларидан тез кўтарилган. 1996 йилгача ширкат хўжалиги агрономи,  бошқарув раиси ўринбосари, участка агрономи, бош агроном масъул вазифаларида сидқидил меҳнат қилиб, жамоада ўз ўрнини топган, иззат-ҳурмат қозонган.  

Назарий билим ва амалий кўникмаларини ўз фаолиятида уйғун олиб бориши туфайли қатор муваффақиятларга эриша бошлаган аграр мажмуа мутахассисининг кейинги фаолияти 1998 йилдан бошлаб Бухоро вилояти қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси билан боғланган. Тўрт йил мобайнида бошқарма деҳқончилик бўлими бош мутахассиси лавозимида ўз иқтидорини намоён этган. Балки шу боис орадан бир йил ўтиб, у Бухоро вилояти ҳокими биринчи ўринбосарининг агросаноат мажмуи масалалари бўйича котибияти бош мутахассиси масъул лавозимига тайинланган.

Мамлакатимиз иқтисодиётида қишлоқ хўжалигининг ўрни ва аҳамияти нечоғли беқиёс эканлигини ортиқча изоҳлашга ҳожат йўқ. Кўп тармоқли агросаноат мажмуининг пахтачилик, ғаллачилик, пиллачилик тармоқлари билан бирга, боғ-токзорлар, томорқа-ер эгалари ва иссиқхона хўжаликлари, шунингдек, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва бошқа секторлари фаолиятини тизимли ташкил этиш ва мувофиқлаштириш, тармоқларда янги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш орқали кўзланган натижага эришиш,  халқимиз дастурхони тўкинлигига ҳисса қўшиш кишидан зукко билим, катта тажриба, заҳматли меҳнатни тақозо этади, албатта.

Насриддин Маҳмудов ҳам ана шундай залворли йўлни мардона босиб ўтаётган соҳа фидойиларидан бири сифатида 2000 йилдан 2013 йилгача бўлган даврда Бухоро ва Ғиждувон туманларида қишлоқ ва сув хўжалиги тизими раҳбари, Ғиждувон тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари, шунингдек, вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бўлим бошлиғи, бошқарма бошлиғининг агротехнологиялар масалалари бўйича биринчи ўринбосари каби лавозимларда ишлаб, касбий лаёқатини намойиш этган.

Бу муваффақиятлар қаторида Н.Маҳмудов 2014-2018 йилларда Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши депутати сифатида фаолият олиб борганида ҳам қишлоқ хўжалигида маҳсулдорликни ошириш, элимиз турмушини янада фаровон қилишда баҳолиқудрат ҳиссасини қўшган.

Қаерда ва қайси лавозимда ишламасин, ўзига ва қўл остидаги жамоасига нисбатан талабчанлиги, изланувчанлиги боис Насриддин Маҳмудов 2016 йилдан бошлаб бир муддат  Ғиждувон тумани ҳокими вазифасини бажарувчиси, 2017 йилдан вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарини котибияти мудири, кейин эса Бухоро вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари - Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи котибияти мудири лавозимида фаолият юритиб келди. 2018 йилдан буён у вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари котибияти мудири сифатида соҳа фаолиятини мувофиқлаштиришда ўз ҳиссасини қўшмоқда. Унинг устоз сифатидаги иш услуби, қатъий принципи, зиммасидаги ишига сидқидил ёндашиши, бир сўз билан айтганда, фаолияти бошқалар учун ибратдир.

Қайси касб-корда меҳнат қилмасин, одамзоднинг аввало оиласи, шахсий ҳаётида тинчлик-хотиржамлиги—муваффақиятлари гарови. Бу борада Насриддин Маҳмудов бахти кулган инсонлардан десак, муболаға эмас. Турмуш ўртоғи Манзура Маҳмудова билан биргаликда уч ўғил, бир қизни вояга етказиб, эл қаторига қўшди. Ҳозирда улар ҳам турли соҳа ва тармоқларда меҳнат қилишмоқда.

“Қишлоқ хўжалиги фидойиси” кўкрак нишони соҳиби Насриддин Маҳмудов бугун қутлуғ 60 ёшни қарши олмоқда.

Шу муносабат билан вилоят ҳокими Ботир Зарипов юбилярни самимий муборакбод этиб, эзгу тилакларини билдирди.

Фурсатдан фойдаланиб, Бухоро вилояти ҳокимлиги жамоаси номидан бугун қутлуғ 60 ёшини нишонлаётган Насриддин Маҳмудовни қутлаб, у кишига узоқ умр, сиҳат-саломатлик, оилавий бахт тилаймиз.

60 ёшингиз муборак бўлсин, Насриддин ака!

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Report Page