Наркотикка қарши курашда жамоатчилик қай даражада масъул?
Кўплаб тадқиқотлар билан тасдиқланишича, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш, ушбу хатти-ҳаракатларнинг айниқса ёшлар томонидан содир этилишига кўпроқ қуйидаги омиллар сабаб бўлади:
- оиладаги носоглом мухит;
- атрофдаги шахсларнинг бепарволиги;
- ёшлар орасида гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилувчиларининг ортиб бориши;
- дорихоналарга рецептсиз синтетик гиёҳванд препаратларнинг янги турлари кириб келиши;
- гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний айланишини назорат қилиш тизимидаги (ҳуқуқий ва ташкилий) айрим камчиликлар;
- вояга етмаганларнинг назоратсизлиги ва қаровсизлиги;
- интернет тармоги ва хорижий филмьларнинг салбий таъсири.
ИИВ маълумотларига кўра: Сўнгги 5 йилда республика ҳудудида гиёҳвандлик, психотроп ва кучли таъсир қилувчи воситалар ноқонуний муомаласи учун жавобгарликка тортилган шахслар орасида ёшлар 74 фоизга (шу жумладан, талабалар 21 фоизга, мактаб ўқувчилари 6 баробарга) ошган. 5 728 нафар ёшлар (жумладан, 117 нафар талаба ва 45 нафар мактаб ўқувчиси) жавобгарликка тортилган.
Наркологик ҳисобга олинган 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган гиёҳвандлик воситалари истеъмолчилари 60 фоизга кўпайиб, 986 нафарга етган.
Кўриниб турибдики, вазият ўта жиддий. Статистикада оддий бўлиб кўринган рақамларнинг ҳар бири кимнингдир дилбанди, келажаги барбод бўлаётган бир ёш юртдошимизнинг тақдири. Айнан шу сабабли ҳам, бу иллатга қарши кенг кўламда кураш олиб бориш шартдир ва бунда жамоатчилик асосий ўрин тутиши зарур.
Қайд этиш ўринли, ҳозирда бу борада тарғибот тадбирлари кучайтирилди. Ёшлар онгига етиб борадиган ахборот воситалари ва технологияларидан фаол фойдаланилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази, Миллий гвардия, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Маданият ва туризм вазирлиги, Миллий телерадиокомпания томонидан ҳамкорликда қабул қилинган режа асосида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ҳар йили февраль ойида ички ишлар органлари томонидан “Ёшлар орасида гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг тарқалишига қарши курашиш” ойлиги ўтказиб келинмоқда. Биргина 2023 йилнинг ўзида Ёшлар ҳамда Маънавият ва маърифат марказлари, олий таълим муассасалари, ўрта махсус билим юртлари, лицейлар, умумтаълим мактаблари, маҳаллаларда, шунингдек, ишчи-хизматчиларнинг асосий қисмини ёшлар ташкил этувчи корхоналарда “Биз гиёҳвандликка қаршимиз” мавзусида учрашув, давра суҳбати каби 10 мингдан зиёд тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилган.
Аммо, гиёҳвандликка қарши курашда жамиятнинг ҳар бир аъзоси бефарқ бўлмай, жараёнга фаол қўшилмас экан, биргина ички ишлар ёки халқ таълими вазирлиги жиддий натижага эриша олмайди.
Энг муҳими, асло тўхтамаслик зарур. Чунки реал хавф бор ва у бир кунда йўқолиб кетмайди. Бунга қарши ота-оналар ҳам, давлат ташкилотлари ҳам, жамият ҳам қатъий курашиши, ҳамиша хушёр бўлиши лозим.