Наманганда юридик хизмат соҳасида янги эксперимент

Наманганда юридик хизмат соҳасида янги эксперимент

Наманган шаҳар адлия бўлими

Жорий йилнинг 19 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5997-сонли Фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармонда адлия органларига бир қатор вазифа ва ваколатлар берилиши билан бирга, Адлия вазирлигининг давлат органлари ва ташкилотларига сифатли юридик хизмат кўрсатилишини таъминлаш мақсадида юридик хизмат соҳасида ҳам янги ислоҳотлар амалга оширилиши кўрсатиб ўтилди.

Жумладан, Наманган шаҳри ва Қарши туманида эксперимент тариқасида туман (шаҳар) адлия бўлимлари ҳузурида давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизматлар кўрсатиш марказларини ташкил этилиши белгиланди.

Бунда Наманган шаҳар ва Қарши туман адлия бўлимлари ҳузуридаги юридик хизматлар кўрсатиш марказлари бюджетдан молиялаштириладиган туман (шаҳар) давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматларидаги мавжуд штат бирликларини қисқартириш ҳисобига ташкил этилади.

Ҳозирда Наманган шаҳридаги давлат органлари ва ташкилотларида юридик хизмат ходими мавжуд бўлган жами 20 та штат бирлиги мавжуд.

Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, юридик хизматлар кўрсатиш марказлари тегишли ташкилотда қонун ҳужжатлари билан юридик хизматларга юкланган вазифа ва функцияларни амалга оширади.

Мазкур ўзгаришлардан асосий мақсад, юридик хизмат ходимларининг мақомини янада ошириш, уларнинг давлат органлари ва ташкилотларидаги иш берувчиларга бўйсунувини камайтириш, ходимларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда юридик хизмат ходимларининг ролини янада ошириш, тегишли давлат органлари ва ташкилотларида қонунийликни мустаҳкамлаш ва қонунга итоаткорлик руҳини янада шакллантириш ҳисобланади.

Агарда ушбу эксперимент натижалари ижобий бўлса, унда Адлия вазирлиги 2021 йил 1 январга қадар ушбу тизимни республиканинг барча ҳудудларига татбиқ этиш бўйича таклиф киритади.

Сиддиқов Зуҳриддин

Наманган шаҳар адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси


Report Page