Наманганда топилган суяклар

Наманганда топилган суяклар

@Онлайн24

«Наманган динозаври» Ўрта Осиё биологик тарихи ҳақидаги тасаввурларимизни қай даражада ўзгартириб юбориши мумкин? Мутахассис билан суҳбат.

Индтикотерий. Фото: Википедиа

Шундан келиб чиқиб айтиш керакки, ижтимоий тармоқларда ва баъзи нашрларда «динозавр» деб аталаётган топилма аслида динозаврга эмас, динозаврлардан анча кейин яшаган жониворга тегишли.

Ушбу хабарга аниқлик киритиш мақсадида соҳа экспертига мурожаат қилдик.

(Аминжон Ботиров биология фанлари номзоди бўлиб, бугунги кунда Самарқанд давлат университети биология факультети доцентидир. Муқаддам у киши 16 йил давомида Ўзбекистон фанлар академияси Археология институтида ишлаган. Аминжон Ботиров фаолияти давомида кўплаб топилмаларда ва уларнинг интерпретациясида қатнашган. Хусусан, 1985 йилда Яккабоғдан қадимий акуланинг тишлари топилишида ва ўрганилишида иштирок этган мутахассис ҳисобланади.)

— Аминжон ака, хабарингиз бор, яқинда Намангандан номаълум ҳайвонга тегишли суяк қолдиқлари топилди. Мутахассис сифатида айта оласизми, бу қайси даврда яшаган қайси жониворнинг суяклари?

— Аслида, топилмани кўрмай, ёнида бўлмай туриб бир фикр айтиш нотўғри бўлади. Бундай шошқалоқлик илм-фанда ёмон оқибатларга олиб келади. Масалан, бир неча йил муқаддам Оҳангарондан мамонтнинг тўлиқ суяклари топилганда шошилиб, эълон қилиб юборишган эди. Аммо вақт ўтгач, эълон қилинган баъзи хулосалар нотўғри бўлиб чиқди. Айтмоқчиманки, ҳозир суякни чуқур ўрганмай туриб фалон жониворга, фалон даврга оид десак, адашган бўлишимиз мумкин. Шунинг учун, тўлиқ ва чуқур хулосалар қилишдан ўзимизни тийиб турамиз.

Ҳали топилмани бевосита бориб ўрганишга вақтим бўлгани йўқ. Ҳозир Фанлар академияси тизимида ишламаяпман, университетда дарс беряпман. Педагогик фаолиятим туфайли ёзгача бориб ўрганишга вақтим бўлмаса керак. Ҳозирча суратлардан, эълон қилинган видеолавҳалардан келиб чиқадиган бўлсак, бу шубҳасиз, қадимий даврга оид топилма. Тахмин қилиш мумкинки, кайнозой эрасига, учламчи даврга оид топилмадир. Ўша даврда яшаган жониворлардан бирига тегишли суяк бўлиши керак.

Афсуски, мен тўртламчи давр бўйича мутахассисман. Яъни бевосита инсоният билан бирга яшаган, инсоният томонидан ов қилинган жониворлар билан шуғулланаман. Шунинг учун, ҳозирча учламчи даврга оид топилма ҳақида бундан ортиқ бирор нарса айтолмайман.

— Ўзбекистонда учламчи давр бўйича, у даврнинг тириклик дунёси бўйича мутахассислар борми?

— Афсуски, бевосита бу давр, бу йўналиш бўйича мутахассисларимиз йўқ. Университетларда бундай йўналишларда мутахассислар тайёрланмайди. Шу боис кўп ҳолатларда мана шундай топилмалар чиққанида мутахассислар ҳам топилмай қолади.

Энди соҳа бўйича мутахассислар етишиб чиқмаганининг сабаби нима? Сабаби шундаки, учламчи даврга оид топилмалар кам бўлган. Мутахассисларни конвейер қилиб, кўп миқдорда тайёрлашга эҳтиёж кўрилмаган. Ҳарқалай, шундай деб ҳисоблашган. Шунга университетларда махсус йўналишлар очилмаган. Мана бундай топилмалар кўпайиши билан мутахассисларни тайёрлашга ҳам эътибор берилади, деб умид қиламиз. Бу жиҳатдан мана шу топилмани ҳам аҳамияти бор: ўзбек фанида янги йўналишлар ривожланишида хизмат қилиши мумкин.

— Бир савол туғилиб қолди: учламчи даврга оид топилмалар нима сабабдан кўп бўлмаган? Илгари камроқ тадқиқотлар олиб борилганми ёки бошқа бирор сабаб борми?

— Бундай топилмалар кўпайиб қолишининг жиддий омилларидан бири охирги ўн йилликларда рўй бераётган иқлим ўзгаришларидир. Буни рус тилида «оголение» дейишади, ўзбек тилига «яланғочланиш», «очилиш» деб таржима қилиш мумкин. Бу шундай табиий жараёнки, иқлим ўзгариши, ёмғирлар, кўчкилар, шамоллар туфайли қадимги қатламлар очилиб қолади. Масалан, қум бўрони кўтарилиб, чўлда катта миқдорда қум массасини супуриб кетиб, эски қатламлар очилишига сабаб бўлади. Шунга ўхшаш сабабларга кўра қадимий қатламлар очилиб қолади.

Шу иқлимий тўлғанишлар ва қадимги қатламлар очилиб қолиши туфайли мана шу каби топилмалар чиқмоқда, кўпаймоқда. Ёки улар юзага анча яқинлашиб қолмоқдаки, уларни қазиб чиқариш осон бўлиб қолмоқда. Эътибор берган бўлсангиз, Намангандаги скелет жуда чуқурдан топилмаган, яъни чуқур ковланмаган. Мана шу юқоридаги гапларимнинг исботидир.

— Юқорида айтдингизки, соҳа бўйича мутахассислар йўқ ҳозирча. Уларни тайёрлашга бир неча йил кетади. Аммо қўлимизда тайёр топилма турибди, қачон ўрганишни бошлаймиз, мутахассисларимиз бўлмаса?

— Бундай ҳолатларда, одатда, россиялик ёки бошқа бирор илмий алоқалар ўрнатилган давлатларда ишлаётган мутахассисларга мурожаат қилинади, улар билан маслахат қилинади. Керак бўлса, улар таклиф қилинади. Ҳамкорликда ўрганилади ва олинган хулосалар илмий журналларда эълон қилинади.

Бундан ташқари, бевосита соҳа бўйича мутахассислар йўқ деганим билан биолог олимларимиз, палеонтологларимиз охирги йилларда шундай топилмаларга дуч келавериб, анча билим ва тажриба орттирди. Яъни уларни ҳам бутунлай четга суриб қўйиш керак эмас, улар ҳам ўз хулосаларини айта олади, чет эллик мутахассислар билан ҳамкорликдаги тадқиқотларга ўз ҳиссасини қўша олади.

— Умуман, бу топилма ростдан ҳам учламчи даврга оид бир ноёб жониворни суяги бўлиб чиқса, Ер тарихига, Ўрта Осиё ҳайвонот олами тарихига, умуман, фанга янгилик кирита оладими? Қандай фикрларимиз, қарашларимиз ўзгариши мумкин? Нима янгилик олишимиз мумкин?

— Бу каби топилмаларни кўпайиб бораётгани жуда ижобий ва илмий қарашларимизга таъсир ўтказадиган даражада деб ўйлайман. Чунки Намангандаги топилма битта эмас, бошқалари ҳам бор. Улар асосида баъзи хулосалар қилишимиз мумкин.

Жумладан, яқин-яқингача шунақа фикр бор эдики, Ўрта Осиё ҳайвонот олами, фаунаси, асосан, келгинди жониворлар ҳисобидан шаклланган, эндемик (фақат конкрет минтақага хос – «Bugun.uz») жониворлар бўлмаган, деган фикрлар бор эди. Яъни бугунги Эрон ва Афғонистон ҳудидидан жониворлар кириб келган, деган қарашлар мавжуд эди. Мана бундай топилмалардан сўнг, Ўрта Осиё табиати, ҳайвонот олами ҳақида фикрларимиз бироз ўзгаради. Ўзининг маҳаллий фаунаси бўлгани ҳақида гапиришимиз мумкин бўлади келажакда.

Умуман олганда, бундай топилмалар тадқиқот учун жуда яхши имконият. Дарҳол соҳа мутахассисларини ўқитишни бошлашимиз керак. Унивеситетларда керакли йўналишлар очилиши лозим. Мутахассислар етишиб чиққанидан кейин уларнинг илмий карьераси учун тайёр топилмалар бор. Илгари биз ишлаганимизда материал қидириб қийналиб кетардик, мана уларга тайёр материал. Шуни ўрганиб, бунинг асосида магистирлик, докторлик ҳимоя қилиб, айни пайтда Ўрта Осиё палеонтологиясига, биологиясига катта ҳисса қўшиши, катта ўзгартиришлар киритиши мумкин бўлади. Буёғи тадқиқотларнинг хулосасига боғлиқ бўлади.

Жараённи кузатишда давом этиб, экспертларнинг бошқа фикрларини ҳам кутиб қоламиз.



Report Page