Наманган вилояти Ички ишлар бошқармасининг фуқароларга МУРОЖААТИ

Наманган вилояти Ички ишлар бошқармасининг фуқароларга МУРОЖААТИ

Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Хурматли фуқаролар!

Республика махсус комиссиясининг қарорига асосан, 2020 йилнинг 10 июль кунидан 1 август кунига қадар бир қатор қатъий карантин чекловлари ўрнатилиб, муайян чоралар кўрилиши эълон қилинди.

Жумладан:

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрига автотранспорт воситаларининг кириши ва чиқиши (вилоятлараро қатнов) ва жамоат транспортлари ҳаракати вақтинча тўхтатилади.

Автотранспорт воситаларида махсус рухсатномасиз (стикерсиз) ҳаракатланишга фақатгина куннинг муайян вақтида (07:00 дан – 10:00 гача, 17:00 дан – 20:00 гача) тегишли ҳудуд доирасида фуқароларнинг иш жойига бориб-келиши, дори воситалари, озиқ-овқат ва биринчи галдаги маҳсулотларни харид қилиш учун ҳаракатланишига рухсат берилади.

Туман (шаҳар)лар аро транспорт қатнови ҳаракати ҳам вақтинча чекланади.

Унутманг! Санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш (карантин) қоидаларини бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг тегишли моддаларига асосан, эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш, фуқароларга 4 миллион 460 минг сўмдан 6 миллион 690 минг сўмгача, мансабдор шахсларга эса 6 миллион 690 минг сўмдан 11 миллион 150 минг сўмгача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, агар эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш одамларнинг оммавий касалланиши ёки заҳарланиши реал хавфини келтириб чиқарса ёхуд одамларнинг оммавий касалланишига ёки заҳарланишига олиб келса:

11 миллион 150 минг сўмдан 22 миллион 300 минг сўмгача миқдорда жарима;

5 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш;

2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;

1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш;

5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Агар ўша ҳаракатлар одамнинг ўлимига сабаб бўлса, озодликдан маҳрум қилиш жазоси муддати 5 йилдан 7 йилгача этиб, бир қанча одамларнинг ўлимига сабаб бўлса – 7 йилдан 10 йилгача этиб белгиланган.

Карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида аҳоли орасида асоссиз ваҳима ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш:

БҲМнинг 200 бараваригача (44 миллион 600 минг сўм) миқдорда жарима;

300 соатгача мажбурий жамоат ишлари;

2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Мазкур маълумотларни нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёки ОАВ, шунингдек Интернет орқали тарқатиш:

БҲМнинг 200 бараваридан (44 миллион 600 минг сўмдан) 400 бараваригача (89 миллион 200 минг сўм) миқдорда жарима;

300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари;

2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;

3 йилгача озодликни чеклаш;

3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Сизнинг хавфсизлигингиз ва осойишталигингиз йўлида ўз хизмат вазифасини бажараётган ички ишлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар ходимларининг қонуний талабларини тўғри қабул қилган ҳолда, ўзингиз ва ўзгалар саломатлиги ва хавфсизлиги учун ўрнатилган чекловлар ва карантин қоидаларига қатъий амал қилинг!