“Наманган шаҳар оқова сув тозалаш иншоотини ДХШ шартлари асосида қуриш” лойиҳаси бўйича “Metito Utilities Limited” компанияси тендер ғолиби деб эълон қилинди

“Наманган шаҳар оқова сув тозалаш иншоотини ДХШ шартлари асосида қуриш” лойиҳаси бўйича “Metito Utilities Limited” компанияси тендер ғолиби деб эълон қилинди

MoliyaPress

2021 йил 23 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги биносида бўлиб ўтган тадбирда “Наманган шаҳар оқова сув тозалаш иншоотини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қуриш” лойиҳаси бўйича Буюк Британия ва Шимолий Ирландия бирлашган қироллигининг “Metito Utilities Limited” компанияси тендер ғолиби деб эълон қилинди.

Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4040-сонли қарорига мувофиқ Осиё тараққиёти банки кўмагида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, “Ўзсувтаъминот” АЖ ҳамда Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги томонидан амалга оширилмоқда.

Ушбу лойиҳа бўйича 2 босқичли очиқ ва шаффоф тендер жараёнлари ўтказилди. 1-босқичда лойиҳага қизиқиш билдирган 23 та хориж компанияга дастлабки малакани баҳолаш (RFQ) шартлари юборилди. Тендер жараёнининг 2-босқичида Буюк Британия ва Шимолий Ирландия бирлашган қироллигининг  “Metito Utilities Limited” компанияси ҳамда Нидерландиянинг “Almar Water Solutions BV” консорциум компанияси иштирок этди.

Молиявий таклифлар бўйича йиллик эркин фойдаланганлик учун тўлов бўйича Буюк Британия ва Шимолий Ирландия бирлашган қироллиги Гернси оролининг “Metito Utilities Limited” компанияси томонидан 97,5 млрд.сўм ва Нидерландия давлатининг “Almar Water Solutions BV” консорциум компанияси томонидан 103,1 млрд.сўм таклифи билдирди.

Жорий йилнинг 20 декабрь куни мазкур лойиҳа бўйича идоралараро тендер комиссияси томонидан “Metito Utilities Limited” компанияси молиявий таклифлар бўйича йиллик эркин фойдаланганлик учун тўловнинг  энг паст нархини, яъни йиллик тўлов 9 млн АҚШ доллари таклиф этди ва халқаро тендер ғолиби деб топилди.

Маълумот учун: Наманган шаҳар оқова сув тозалаш иншоотини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қуриш” лойиҳасининг қиймати 90 млн АҚШ долларини ташкил этади. Муддати эса 25 йил, шундан дастлабки 2 йили қурилиш даври этиб белгиланди.

Лойиҳа доирасида қуввати суткасига 100 минг м3 оқова сувларини тозалашга мўлжалланган иншоотни ва 7,5 км узунликдаги оқова сув тармоқларини қуриш назарда тутилган.

Молия вазирлиги

Ахборот хизмати


Report Page