Наманган. Тезкор.

Наманган. Тезкор.


Бугун Ўзбекистон Республикасининг “Ер участкаларини ноқонуний олиб қўйганлик учун жавобгарлик кучайтирилганлиги муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида”ги қонуннинг мазмун моҳияти ва аҳамиятини Наманган вилоят бошқармалари тизимдаги барча ходимларга тушунтириш мақсадида ўқув семинари ташкил қилинди.

Ўқув семинарида Кадасти агентлиги Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи С.С.Мухитдинов ва Кадастр агенлиги Давлат кадастрлари палатаси Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Н.Р.Инамов бошчилигидаги 60 нафардан ортиқ ходимлар қатнашдилар. Семинарни бошқарма бошлиғи С.С.Мухитдинов қисқа кириш сўзи билан очиб, маъруза учун сўзни бошлиқ ўринбосари Қ.Ғозиевга берди.

Маърузачи ўз сўзида сўнгги вақтларда хусусий мулк ва ер участкалари масаласи фуқароларимиз ҳамда маҳаллий ижро ҳокимияти ўртасидаги муносабатларда турли хилдаги зиддиятлар келиб чиқаётгани, унга туман, шаҳар, вилоят ҳокимларининг қарорлари асосида ер участкаларини олиб қўйиш, ерга эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш, шунингдек ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқларини ва ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқини тугатиш билан боғлиқ ҳолатлар сабаб бўлаётганлигини айтиб ўтди.

Натижада, жойларда шаҳарсозлик лойиҳалари жараёнида амалга оширилаётган «снос»лар билан боғлиқ ҳолатларда турли хилдаги зиддиятлар келиб чиқмоқда. Салбий ҳолатларни бартараф этиш ҳамда фуқаролар, мулкдорлар ҳуқуқларининг тўлақонли кафолатини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Мулкдорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан ўзбекистон республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” 2020 йил 23 декабрдаги ЎРҚ-656-сонли Қонуни қабул қилинган.

Мазкур Қонунга асосан, ер участкаларининг ҳокимлар томонидан олиб қўйилишига тақиқ белгиланиши, ер участкасига эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш, шунингдек, ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини тугатиш бўйича уларнинг ваколатлари чекланиб, ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ваколатини халқ депутатлари вилоятлар Кенгашига бериш тартиби жорий этилган.

Хусусан, Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси 37-моддасига киритилаётган ўзгартиришга биноан ер участкасини ёки унинг бир қисмини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ер эгасининг розилиги бўлган тақдирда ёки ердан фойдаланувчи ва ижарачи билан келишилган ҳолда тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари қарорига ёҳуд Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан амалга оширилиши белгиланди.

Cўнгги пайтларда жойларда ҳокимлик ва идоралар томонидан ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш борасида қатор қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилгани сир эмас.

Бундай хатти-ҳаракатлар оқибатида, фуқароларнинг ерга бўлган ҳуқуқлари поймол этилиб, шу ерларда жойлашган кўчмас мулкларининг дахлсизлигига путур етмоқда.

Ижтимоий тармоқлар орқали фуқаролар ва тадбикорлар томонидан кўчмас мулк объектлари баҳоланмагани ёки кўчмас мулк объектлари тегишли компенсация берилмагани ҳамда объектлар уларнинг мулкдорларини хабардор этилмаган ҳолларда ўзбошимларча бузиб ташланганлиги тўғрисида кўплаб эътирозларга сабаб бўлмоқда.

Бундан ташқари, ер участкаларининг давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши жараёнида мутаносиб компенсация тақдим қилинмаслиги натижасида жисмоний ва юридик шахсларнинг ерга бўлган ҳуқуқлари бузилаётгани мулк ҳуқуқи дахлсизлигига таъсир қилаётган асосий омил сифатида намоён бўлмоқда.

Ер участкасини олиб қўйиш тартибига риоя этмаганлик ҳамда бунинг оқибатида мулкдорларга зарар етказганлик учун жавобгарликни кучайтириш орқали фуқаролар кўчмас мулки ва тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқи кафолатлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш мақсадида “Ер участкаларини ноқонуний олиб қўйганлик учун жавобгарлик кучайтирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 14 январдаги (ЎРҚ-667-сон) Қонуни қабул қилинди.

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексларига қўшимчалар киритилди.

Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчаларга кўра, ерни ноқонуний олиб қўйиш мансабдор шахсларга БҲМнинг 100 бараваридан 150 бараваригача (24 млн 500 минг сўмдан 36 млн 750 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Агар мазкур ҳуқуқбузарлик мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни олдиндан ва тўлиқ қопланмаган ҳолда биноларнинг бузиб ташланишига олиб келса, мансабдор шахсларга БҲМнинг 150 бараваридан 200 бараваригача (36 млн 750 минг сўмдан 49 млн сўмгача) миқдорда жарима солиниши белгиланди.

Жиноят кодексига маъмурий жазо қўлланилганидан кейин такроран ерларни ноқонуний олиб қўйган мансабдор шахсларга қуйидаги жазо чораларини белгиловчи қўшимча киритилди:

➖БҲМнинг 200 бараваридан 250 бараваригача (49 млн сўмдан 61 млн 250 минг сўмгача) миқдорда жарима;

➖300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари;

➖2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари.

Мазкур жиноят мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни олдиндан ва тўлиқ қопланмаган ҳолда биноларнинг бузиб ташланишига олиб келса ёки анча миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилса мансабдор шахс 3 йилгача, кўп миқдорда зарар келтирса 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Ерни ноқонуний олиб қўйиш мулкдорга жуда кўп миқдорда зарар етказса ёки кўпчилик учун хавфли бўлган усулда содир этилса, муайян ҳуқуқдан маҳрум этиб 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланди.

Барчамизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 сентябрдаги ПФ-6160-сон фармони ва ПҚ-4819-сон қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси тугатилиб, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ташкил этилди.

Кадастр агентлигининг вилоятлари бошқармалари, туман (шаҳар) бўлимлари, Давлат кадастрлари палатасининг вилоятлар бошқармлари, туман (шаҳар) филиаллари ташкил этилиб, уларнинг вазифа ва функциялари белгилаб берилди.

Эндиликда, Давлат кадастрлари палатаси кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрини, давлат ер кадастри, бинолар ва иншоотлар давлат кадастрини ҳамда Давлат кадастрлари ягона тизимини юритиши;

Давлат кадастрлари палатасининг ҳудудий бошқармалари кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказади, ҳудудлар давлат кадастрининг юритилишини ташкил этиши;

Давлат кадастрлари палатасининг туман (шаҳар) филиаллари кўчмас мулк объектларининг жойлашган жойидан қатъи назар давлат органлари ва ташкилотлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг буюртмаларига асосан кадастр йиғмажилдини тайёрлаш хизматларини кўрсатиши белгилаб қўйилди.

Шунингдек, Кадастр агентлигининг вилоят бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимлари томонидан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлашга ва ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишига йўл қўймасликка қаратилган самарали ер назоратини амалга ошириш белгиланди.

Ҳурматли ҳамкасблар! мазкур семинарни ташкил этишда асосий мақсад қайд этилган Қонунга асосан ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган Кодексларнинг тегишли моддаларида ерларни ноқонуний олиб қўйишнинг салбий оқибатлари, уларнинг мазмун моҳияти ва аҳамиятини тизимдаги барча соҳа ходимларига тушунтиришдан иборатдир.

Шундан келиб чиқиб, қуйидагиларга алоҳида эътибор беришингизни сўраб қолардим – деди маърузачи.

Ер ресурсларига нисбатан оқилона муносабатда бўлиши, ундан самарали фойдаланиш ҳокимлик ва идоралар томонидан ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишида ноқонуний ҳолатларга аралашмаслик;

Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер майдонларини олиб қўйишда мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни олдиндан ва тўлиқ қопланмаган ҳолда биноларнинг бузиб ташланишига йўл қўймаслик;

Вилоят ҳамда туман (шахар) ҳокимлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг топшириғига асосан тадбиркор субъектларига тегишли ерларни туман ҳокимлиги заҳирасига қайтариб олиш бўйича ноқонуний текширишлар ўтказмаслик талаб қилинади.

Семинар давомида бошқарма бошлиғи, маърузачи семинар иштирокчиларининг бир неча саволларга жавоб бердилар.

Кадасти агентлиги Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи С.С.Мухитдинов томондан тасдиқланган графикга асосан худди шундай семинарлар бугун Мингбулоқ ва Наманган туманларида, эртадан эса барча қолган 9 та туманларда бўлиб ўтади.


Кадастр агенлиги Давлат кадастрлари палатаси Наманган бошқармаси Матбуот хизмати.






Report Page