НамДУ ва Ўрта Шарқ техника университети ҳамкорлиги: СТРАТЕГИК КЕЛИШУВЛАРДАН МАНФААТЛИ МАҚСАДЛАР САРИ

НамДУ ва Ўрта Шарқ техника университети ҳамкорлиги: СТРАТЕГИК КЕЛИШУВЛАРДАН МАНФААТЛИ МАҚСАДЛАР САРИ


«Press klub»

Наманган давлат университети ректори, профессор Собитхон Турғунов бошчилигидаги делегация ўзаро тажриба алмашиниш ва ҳамкорликда таълим, илм-фан соҳасида ўзаро манфаатли шерикчилик асосида стратегик лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида Туркия Республикасидаги бир қатор нуфузли олий таълим муассасаларида хизмат сафарида бўлди.

Делегация аъзолари шу йилнинг 22-24 апрел кунлари Туркиянинг биринчи рақамли университети ҳисобланган Ўрта Шарқ техника университетига ташриф буюрдилар ва ўзаро стратегик шерикчилик асосидаги аниқ режа ҳамда механизмлар акс этган ҳамкорлик келишувини имзоладилар.

Маълумот учун айтиб ўтиш ўринлики, Анқара шаҳрида жойлашган Ўрта шарқ техника университети кампуси 4500 км2 ҳудудни қамраб олган. Университет 1956 йилда ташкил топган. Бу ерда бугунги кунда 29000 талаба таҳсил олмоқда. 2143 нафар профессор-ўқитувчи томонидан 220 та таълим дастурлари бўйича таълим бериб келинмоқда.

«Press klub»

Айни пайтда университетда 87 та мамлакатдан ташриф буюрган 2000 нафардан ортиқ хорижий талаба ўқийди. Таълим тўлиқ инглиз тилида олиб борилади. Профессор-ўқитувчиларнинг қарийб 70 фоизи Америка ва Канада каби дунёнинг етакчи давлатларидаги университетларда таҳсил олган. Университетда 40 та илмий-тадқиқот марказларининг мавжудлиги ҳам эътиборга молик жиҳатлардан бири.  

Ўрта Шарқ техника университети Туркия олий таълим ташкилотлари ичида биринчилардан бўлиб миллий тадқиқот университети мақомини олган. Университет нафақат Туркияда, балки бутун жаҳонда ҳам ўз ўрнига эга бўлиб, QS халқаро рейтингида 336-ўринда, THE халқаро рейтингида эса 351-400 ўринда эътироф этилган.

«Press klub»

Университет кампусининг 17 гектар майдонида қад ростлаган «Технокент» университетнинг ташриф қоғози ҳисобланади. «Технокент» 2011 йилда ташкил этилган. Унинг таркибидаги 400 дан ортиқ ширкатларда 15000 га яқин илмий изланувчилар фаолият олиб боради. Бу масканда бугунгача 5 млрд. доллар миқдорида технология экспорти амалга оширилган бўлса, биргина жорий йилнинг ўтган даврида бу кўрсатгич 400 млн. долларни ташкил этган.

Университет илмий-тадқиқот ишларининг тадбиқи йўналишида АҚШнинг NASA (National Aerospace Agency), Туркия космик агентлиги, ERC (European Research Center), TUBITAK каби йирик ташкилотлар билан ҳамкорликда йирик лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.

«Press klub»

Ана шундай юқори илмий салоҳият ва тажрибага эга Ўрта Шарқ университетига ташрифнинг илк кунларида делегация аъзолари университетнинг ташкилий тузилмаси ва функционал вазифалари, рақамлаштириш соҳасида амалга оширилган ишлар, профессор-ўқитувчилар, маҳаллий ва хорижий талабаларга яратилган шароитлар, ахборот-ресурс маркази, факультетлар ва уларда ўқув жараёнларининг ташкил этилиши, талабалар турар жойлари, илмий-тадқиқот натижаларини тижоратлаштириш маркази фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Ташриф давомида бугунги кунда Наманган давлат универсистетида амалга оширилаётган ижобий ишлар бўйича тақдимотлар қилинди ва ҳамкор олий таълим муассасалари тажрибалари ўрганилди.

Жумладан, икки университет томонидан таълим-тарбия жараёнларини рақамлаштириш, таълим сифатини янада ошириш, илмий-тадқиқот натижаларини тижоратлаштириш, ташкилий тузилмаларни оптималлаштириш, моддий-техник базани янада кучайтириш, халқаро алоқалар ва бошқа йўналишларда амалга оширилган ишлар бўйича ўзаро тажриба алмашилди.

«Press klub»

Ташрифнинг иккинчи кунида Наманган давлат университети ректори Собитхон Тошпўлатович Турғунов бошчилигидаги делегация ҳамда Ўрта Шарқ техника университети президенти Мустафо Вершан Кўк, президент ўринбосарлари ва ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳаларга масъул соҳа вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда мамлакатимизда олий таълим тизимида амалга оширилаётган ижобий ишлар ва уларнинг натижаси, айниқса, Наманган давлат университетига молиявий, академик ҳамда ташкилий-бошқарув йўналишларида берилган мустақиллик ва унинг имкониятлари, қўлга киритилаётган муваффақиятлар ҳақидаги маълумотлар Ўрта шарқ техника университети Президенти бошчилигидаги делегация томонидан юқори баҳоланди.

Учрашув давомида ҳар икки томон учун манфаатли бўлган ҳамда бугунги кунда кадрларга бўлган ўткир эҳтиёж, меҳнат бозори ва истеъмолчи соҳалар талабларидан келиб чиқиб, аниқ ва қатъий келишувларга эришилди.

«Press klub»«Press klub»

Хусусан, эндиликда ҳар икки университетда “2+2” дастури бўйича иккита - кимёвий технология, молекуляр биология ва генетика бакалавриат таълим йўналишлари ва “1+1” дастури бўйича тўртта - кимё технологияси, микро ва нанотехнологиялар, киберхавфсизлик ва бизнес бошқаруви магистратура мутахассисликлари бўйича қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрланади. Ушбу йўналиш ва мутахассисликлар доирасида икки олий таълим ташкилоти ҳамкорлигида қўшма факультет ташкил этилади.

Шунингдек, ўзаро шерикчилик асосида университетлар илмий-тадқиқот ютуқларини янада ривожлантириш ва Ўзбекистонда уларнинг коммерсиализациясини йўлга қўйиш ҳамда ёш иқтидорлар селекциясини амалга ошириш мақсадида Наманган давлат университетида “Қўшма инновациялар технопарки” ва университетлар раҳбарияти, етакчи профессор-ўқитувчилар иштирокида фан-таълим ва инновациялар соҳасида стратегик ривожланиш бўйича “Экспертлар Кенгаши” тузилади.

Шунингдек, халқаро ва миллий рейтингларда муносиб иштирок этиш учун талабалар ва профессор-ўқитувчиларнинг академик мобиллиги ҳамда хорижий стажировкалари йўлга қўйилади. Мавжуд ихтисослашган илмий Кенгашлар таркибига томонларнинг юқори салоҳиятли профессор-ўқитувчилари киритилади ва келгусида қўшма ихтисослашган илмий Кенгашлар фаолияти йўлга қўйилади.

Ўз навбатида, турли миллий ва хорижий донор ташкилотлар томонидан молиялаштириладиган илмий ва амалий лойиҳаларда ҳар икки университет ҳамкорликда иштирок этади.

Университетларнинг стратегик мақсадлари уйғунлиги ва ҳамкорлик истиқболларининг натижавийлиги ҳар икки делегация томонидан юқори баҳоланди ва стратегик ҳамкорликка асосланган меморандум имзоланди.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, Наманган давлат университетининг Туркия давлатига амалий ташрифи аниқ ва манфаатли мақсадларни ўзида мужассам этди. Халқаро ҳамкорлик нафақат университетда таълим сифатининг янада ошишига, балки мамлакатимиз илм-фан соҳаси ривожига ҳам улкан ҳисса қўшиши, шубҳасиз.  

 

 

 



Report Page