НУРЛИ ЮЗИНГИЗГА БОҚДИМ

НУРЛИ ЮЗИНГИЗГА БОҚДИМ

@falaqnashr
Янги нашр

Эй Ҳабибим, мен худди узоқдаги нурга кўзини қадаб, унинг ортида нима борлигини кўришга обдон интилган ва кўзини ўша жойдан сира узолмаган ошиққа ўхшайман…

Эй кўзимнинг қувончи, умрим гултожи, Аллоҳ насиб этса, сизга боқиб, қалбимдаги соғинч ҳовурини босарман!

Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳу ҳамда бир қанча саҳобалар сафнинг ўнг тарафида туриб намоз ўқишни одат қилишганди.

Ўша вақтда Масжиди Набавийнинг ўнг тарафи йигирмага яқин саҳобани сиғдирар эди.

Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳу масжидда сафнинг ўнг тарафида туриб намоз ўқишга одатланган саҳобалар орасидаги рақобат ҳақида ҳикоя қилиб бундай дейдилар: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларида намоз ўқиганимизда, (салом берганларида биринчи бўлиб) бизга қараганлари учун, у зотнинг ўнг тарафларида бўлишни яхши кўрар эдик”.

“Юзларини биринчи бўлиб бизга қаратганлари учун...”, эҳ, бу нақадар юксак сабаб-а!

Сафнинг ўнг тарафидан жой эгаллаш учун ўзаро рақобат қилиб, Ҳабибимизнинг ўша томонга юз буришларини кутиш… Эй воҳ!

Кўзлар у зот томон қадалган, киприклар эса қимир этмайди. Нафаслар ҳам бўғизларга тиқилгандек гўё... Буларнинг барчаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак юзларига тўйиб-тўйиб қараш учун эди…

Уларни нима хурсанд қилар экан-а?

Суюклилари бўлмиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг салом берган онларидаги кўз қарашларими?

Ёхуд масжид қандили каби нур таратувчи ёрқин табассумларими?

Ё қоп-қора кўзларими?

“Эй кўзлари ила бир боққанда хушларни учирадиган зот!” .

* * *

Ҳабибимизнинг қутлуғ жамоли саҳобалар ақлини шоширар эди. Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссалом юзларини ўз ҳайратларини яширмасдан шундай васфлаган эдилар: “У зот инсонларнинг юзи энг чиройлиси эдилар”.

Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан сўрашди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари қиличга ўхшармиди?”. Баро ибн Озиб: “Йўқ, тўлин ой каби эди!” , дедилар. Эҳтимол, у зот бу саволга жавоб беришларидан олдин, осмонга қараб, сутдек ойга назар солиб олгандирлар...

Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳу ҳам ойдин тунларнинг бирида, нурли юзга термилувчилар сафидан жой олган эдилар…

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўшанда елкаларига қизил либос кийган эдилар…

Жобир розияллоҳу анҳу қоронғу осмондаги ойга назар ташлар, сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томон бурилиб, у зотнинг чароғон юзларига боқар эдилар. Сўнгра яна иккинчи маротаба ойга боқиб, яна нигоҳларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзларига қаратар эдилар…

Жобир розияллоҳу анҳу айтадилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари ва ойни солиштира бошладим…”.

Бу солиштириш Жобир розияллоҳу анҳунинг қанча вақтларини олган экан-а?

У зотни бу ишни қилишга ундаган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамда ой ўртасидаги ўзаро боғлиқлик нимада экан-а?

Самимийлик… нур… чирой… нигоҳларни ўзига жалб қилган куч…

Ошиқларнинг қалбларида тўлқинлар мавж урар эди…

Бироздан кейин Жобир розияллоҳу анҳу бир қарорга келиб дедилар: “Аллоҳга қасам, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари менинг наздимда ойдан ҳам гўзалдир” .

Бу юзга шундай кўринишни берган Зот буюкдир!

Мени мафтун айлади унинг висоли

Инсон шаклидаги ойнинг тимсоли

Кўзлар унинг порлашига қадалган, кўз қовоқлари эса ул лаҳзада қилт этмас эди…

Бир сафар Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришга бўлган шавқларини изҳор этиб: “Ё Расулуллоҳ, уйдалигимда сизни эслайман… То олдингизга келиб сизни кўрмагунимча кўнглим жойига тушмайди” , дедилар.

Юзингиз тарафга қаратиб чодир тикармиз, эй воҳ. Эҳ бу қанчалар ҳам хушрўй юз бўлмаса! Майли не бўлса бўлсин, бу тенгсиз чирой қалбларимизга шодлик бахш этса, бас…

Ҳабибимизнинг улуғвор юзлари орқали, гўё Мадина нафас оладигандек эди…

“Бир сафар Оиша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзларига қарадилар ва табассум қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳога: “Нима учун табассум қилдинг?”, дедилар. Оиша розияллоҳу анҳо: “ (Чунки) Юзингизга қарадим”, дедилар” .

 “Юзингизга қарадим” жумласини хаёлингизни бир ерга жамлаб ўқинг ва нурли юзнинг ҳар нуқтаси ҳақида чуқур ўйга чўминг…

Эҳ, сизга қанчалар ҳам ҳавасим келмоқда, саййидам Оиша!…

Ўша нурли юзнинг ошиқлари умрларининг орзусини тушларида кўриш учун шамоил китобларини тинмасдан варақлаб, мутолаа қилиб, ташна қалбларини соғинч кавсари ила суғорадилар…

Ошиқлар: “Юзингизга қарадим”, жумласи билан тилларини шарафлантириб, соғинч ўртаган руҳларига фараҳ улашишни орзу қиладилар…

Меҳрибон Аллоҳ бу ошиқлар умидларини рўёбга чиқаришга, албатта, қодир зотдир…


Муҳаммад Аҳмад Бораҳманинг "Чунки сиз Муҳаммадсиз" китобидан

(Араб тилидан таржима ва изоҳлар муаллифлари:

Мурод Шоший, Комронбек Ислом, Саййидмаҳмуд Парпиев)


Ушбу китобни «Hilol-Nashr» нашриётининг барча дўконларидан топасиз!

Маълумот учун:

☎️ +998712175999

📨 @hilol_reception


https://t.me/falaqnashr

Report Page