“НУРАФШОН”ГА БОРИБ ЮРМАЙСИЗ
Суд томонидан даъво аризамиз иш юритишга қабул қилинди, уни кўриш 2026 йилнинг январь ойига тайинланганлиги ҳақида суднинг ажримини олдик, фақат унда ишни кўриш жойи Нурафшон шаҳридаги туманлараро иқтисодий судининг биноси кўрсатилганлиги мен учун тушунарсиз бўлди. Энди шунча масофа босиб, Нурафшон шаҳрига боришимиз керак бўладими, нега туманимиздаги иқтисодий суд ишни ўзи кўриб чиқмаяпти, шу ҳолатга ойдинлик киритиб берсангиз?
Ж.Сувонов, тадбиркор
Маълумки, 2025 йилнинг 21 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-140-сонли Фармони қабул қилинди.
Мазкур ҳужжат билан судлар фаолиятига “Рақамли суд” концепциясини босқичма-босқич жорий этиб бориш белгиланди. Хусусан, Фармонда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига қулайликлар яратиш ҳамда суд ишларини кўришни соддалаштириш мақсадида судга ариза беришдан олдин сунъий интеллект ёрдамида суд муҳокамасининг тахминий натижаси ҳамда сарфланадиган харажатлар шакллантирилиши, мурожаатлар судга электрон шаклда юборилиши, ишда иштирок этувчи шахслар суд биносига бормасдан, суд муҳокамаларида масофадан туриб иштирок этиши, шунингдек тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга суд жараёнларида ишга доир барча материаллар билан электрон шаклда танишиш имконияти яратилиши, суд харажатлари электрон шаклда ҳисобланиши ва тўланиши, суд ишлари замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда тўлиқ электрон тарзда юритилиши, сунъий интеллект ёрдамида суд мажлиси баённомалари реал вақт режимида матн шаклида тайёрланиши ҳамда суд ҳужжатлари лойиҳалари автоматик шакллантирилиши кабилар шулар жумласидандир.
Фармонда иқтисодий судлар тизимида ташкилий-тузилмавий ўзгаришларни амалга ошириш ҳам назарда тутилди.
Ўтган йилларда иқтисодий судлар туман (шаҳар), туманлараро судлари тарзида фаолият кўрсатиб келаётган бўлса, 2026 йил 1 январдан бошлаб иқтисодий судларни мақбуллаштириш орқали туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судларини тугатиш ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро иқтисодий судлар фаолияти йўлга қўйилди.
Фармоннинг ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент вилоятида фаолият кўрсатиб келаётган жами 7 та туманлараро иқтисодий судлар ҳам тугатилиб, вилоятимиз марказида Нурафшон туманлараро иқтисодий суди ташкил этилди ва мазкур суд 2026 йилнинг 1 январидан ўз фаолиятини бошлади.
Айтиш жоизки, судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг татбиқ этилиши билан судларда иш юритиш янада такомиллашди, суд процесси иштирокчиларига бир қанча қулайликлар яратилди, шуларнинг натижаси ўлароқ суд мажлисларида ўзингизга яқин судлардан видеоконференцалоқа режими орқали ёки уй ёхуд хизмат хонангиздан туриб мобил қурилмалар ёрдамида масофадан туриб иштирок этишингиз, суд билан электрон тарзда ҳужжат алмашишингиз мумкин бўлади, бунинг учун айни вақтда судларда техник имкониятлар яратилган.
Сарвар СОЛИЕВ,
Нурафшон туманлараро
Иқтисодий судининг судьяси.