НУРАФШОН ШАҲРИ: ҲАЁЛДАН ҲАЁТГА КЎЧГАН ОРЗУЛАР
https://t.me/haqiqatonline_24
Кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг туб замирида инсонларнинг орзу-ниятларини хаёлдан ҳаётга кўчириш, адолат, ҳамкорлик, тенглик ва қонун устуворлиги каби демократик тамойилларни қарор топтириш, жонажон диёримизни тинчлик-тотувлик ва осойишталик ҳукмрон бўлган, барқарор ривожланаётган давлатга айлантиришдек олий мақсад мужассам. Шу маънода Тошкент вилоятининг маъмурий маркази – Нурафшон шаҳрида катта суръатларда ислоҳотлар олиб борилмоқда. Пировард натижадаги ўзгаришлар эса ҳар бир хонадон, ҳар бир оила, ҳар бир шахс ҳаётида ўз аксини топмоқда.
2025 йилда Нурафшонда камбағаллик ва ишсизликни бартараф этиш, шаҳарни барқарор ривожланаётган, иқтисодий салоҳияти юқори бўлган ҳудудга айлантириш мақсад қилинган эди. Хабарингиз бор, Президентимизнинг 2024 йил 5 ноябрдаги “Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида инвестиция ва тадбиркорлик муҳитини янада ривожлантириш ҳамда аҳоли даромадларини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори шаҳримизнинг истиқболи учун асосий ҳаракат дастурига айланди. Бугунги кунда дунёдаги иқтисодий беқарорликлар, бозордаги тебранишлар ва талабнинг ўзгарувчанлиги шароитида барқарор иқтисодий ўсишга эришиш – фақатгина тинимсиз меҳнат, доимий ўз устида ишлаш ва раҳбарлар ҳамда фуқароларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари орқали амалга ошиши мумкин.
Рақамларга мурожаат қилсак, шаҳарда кейинги уч йил давомида умумий қиймати 2,2 триллион сўмдан ортиқ бўлган 400 га яқин объектлар қурилди ва инфратузилма сезиларли даражада яхшиланди. Жумладан, 1 минг 617 хонадондан иборат 31 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди. Бу 2022 йилга нисбатан 15 бараварга кўп дегани. Жорий йил якунигача яна 1 минг 186 хонадондан иборат 19 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган. Шу билан бирга, 2026 йилда 21 та кўп қаватли уй қурилиши режалаштирилган бўлиб, уларда жами 1 минг 310 та хонадон барпо этилади.

Аҳолига сифатли коммунал хизмат кўрсатиш мақсадида ўтган вақт мобайнида электр таъминотини яхшилаш учун 30,1 километр тармоқ янгиланди ҳамда 13 та трансформатор ва 847 та бетон устун ўрнатилди. Шунингдек, 3 та лойиҳа доирасида 7,8 километр газ тармоғи янгиланди, 27,6 км. ичимлик суви, 5,3 километр оқова сув тармоқлари тортилди ҳамда 3 та сув қудуғи қурилди.
Натижада, 2023 йилда шаҳарда аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 67 фоизни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич 2025 йилда 78 фоизга етказилди.
Ўтган давр мобайнида 18,5 километр ички йўллар асфальтланди, 16,5 километр автомобиль йўллари таъмирланди, 3 та кўприк қайта реконструкция қилинди. 2025 йил якунига қадар 61 та ички кўчанинг 35 километр йўллари жорий таъмирланади. Бугунги кунда ҳудудда 18,5 километр фойдаланишга яроқсиз ва эски ҳолдаги ички йўллар мавжуд. 2026 йил якунига қадар барча ички кўчалар тўлиқ асфальтланиши мўлжалланган.
Сўнгги уч йилда шаҳардаги 3 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди. Жумладан, 48-мактаб янгидан қурилиб, 10-, 13- ва 19-мактаблар таъмирланди. Натижада 1 минг 230 нафар ўқувчи ўрни яратилди. 2026 йилда эса Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш Дастури доирасида шаҳардаги 4-мактабда 270 ўринли янги бино қурилади, 62-мактаб ҳамда 1-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти реконструкция қилинади, 14-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти мукаммал таъмирланади. Шу ўринда, мактаблардаги ўсиш даражасини таҳлил қилар эканмиз, сўнгги уч йилда битирувчилар сони 1 минг 645 нафарни, 1-синфга қабул қилинган ўқувчилар сони эса 3 минг 59 нафарни ташкил этиб, улар орасидаги фарқ 1 минг 414 нафарга тенг эканини кўриш мумкин.
2023 йилда боғчаларда 3-7 ёшли болаларни қамраб олиш даражаси 96,1 фоизни ташкил этган бўлса, бугунги кунда ушбу кўрсаткич 99,3 фоизга етказилди ва бу бўйича вилоят миқёсида 2-ўринни эгаллаб турибмиз. Бироқ мазкур кўрсаткич шаҳар салоҳияти учун мувофиқ эмас. Статистик кўрсаткичларга кўра, Давлат хизматлари маркази орқали боғчага навбатга қўйилган болалар сони 6 минг 138 нафарни ташкил этмоқда. Улар орасида энг юқори кўрсаткич “Тараққиёт” маҳалласида қайд этилган (1 минг 107 нафар). Шундан келиб чиққан ҳолда, шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан 2026 йилда мазкур маҳалла ҳудудида маънан эскирган ва фойдаланилмаётган биноларни бузиб, ўрнига замонавий давлат мактабгача таълим ташкилотлари қуриш режалаштирилмоқда.
Саломатлик ҳар бир шахснинг биринчи ва бирламчи эҳтиёжи ҳисобланади. Шу маънода, шаҳримизда соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам муҳим ўзгаришлар амалга оширилди. Жумладан, 600 миллион сўмга яқин маблағ ажратилиши натижасида тиббиёт муассасаларига лапароскопия, ультратовуш текширув ускунаси, реактивлар ва микроскоп каби зарур замонавий жиҳозлар харид қилинди. Бу эса, ўз навбатида, 573 та мураккаб жарроҳлик амалиётини муваффақиятли амалга ошириш имконини берди.
Шу кунларда Тиббиёт бирлашмаси ҳудудида замонавий болалар шифохонасининг қурилиши жадал давом этмоқда. Бир неча йиллардан буён аҳоли учун ноқулайликлар юзага келтирган “Шифокорлар” кўчаси қиёфасини тубдан ўзгартириш, яъни, сўлим сайилгоҳга айлантириш ва “Шифокорлар боғи”ни ташкил этиш учун ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Бироқ бу натижалар билан хотиржамликка берилиб бўлмайди. Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсадида жиҳозлар хариди ҳамда соғлиқни сақлаш муассасаларининг моддий-техник базасини яхшилаш учун шаҳар маҳаллий бюджетининг жорий йил III чорагида ортиқча бажарилган қисми ҳисобидан маблағ ажратишни режалаштирганмиз.
Шу ўринда шифокорлик касбининг масъулиятига тўхталмоқчиман. Тиббиёт ходими малакали мутахассис бўлиши учун қарийб ўн йил таҳсил олади. Агар ўрта махсус таълим босқичи ҳам инобатга олинса, ундан кўп йиллар ўқиш ва малака ошириш учун сарфланади. Ҳозирги кунда шаҳримиздаги тиббиёт муассасаларида 15 та бўш шифокорлик ўрни мавжуд бўлиб, улар асосан эҳтиёж юқори бўлган тор соҳа мутахассислари учун белгилангани маълум бўлмоқда. Шу сабабли, тажриба тариқасида шаҳримиз учун мутахассисларни мақсадли тайёрлаш амалиётини қўллаяпмиз. Айниқса, кейинги йилларда нисбатан руҳият ва хулқ-атвор, қон айланиши, қандли диабет ва ортиқча вазн каби касалликларни даволовчи шифокорларни жалб қилиш учун барча имкониятларни ишга соламиз.
Тадбиркорлик – камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигига кўмаклашишда муҳим аҳамиятга эга. Зотан, ишсиз шахснинг тадбиркорлик фаолиятини бошлаши нафақат ўзига, балки у яратадиган қўшимча янги иш ўринлари орқали бошқа ишсиз юртдошларимизнинг ҳам бандлигини таъминлашга ёрдам беради. Энг асосийси, бу орқали камбағалликка дуч келаётган оилалар сони камаяди. Сўнгги уч йил давомида шаҳарда 979 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди ва уларнинг умумий сони 2 минг 764 тага етгани фонида бу ишларнинг амалий ифодасини кўриш мумкин. Шу маънода, “Сайхунобод тажрибаси” асосида 2025 йилнинг дастлабки 9 ойи давомида 753 та микролойиҳалар амалга оширилиб, белгиланган режа кўрсаткичлари 101,5 фоизга бажарилганини кўрсатмоқда.
Бугунги кунда шаҳримиздан қарийб мингга яқин аҳоли пойтахтга бориб ишламоқда. Мисол учун, Тошкент шаҳридаги “Akfa” ва “Artel” корхоналарига ишга бораётган 283 нафар ишчи-ходим ҳар куни 1-1,5 соат вақтини йўлга сарфлаб, қарийб 40 километр масофани босиб ўтишга мажбур бўляпти. Уйга қайтишда ҳам шу аҳвол. Шу боисдан, нурафшонликлар учун қулайлик яратиш мақсадида, шаҳримизда меҳнат ярмаркаларини ташкил этиш орқали уларни маҳаллий иш ўринларига жойлаштириш – асосий вазифамиздир.
Тараққиётга тўсқинлик қиладиган биринчи ва энг асосий омил – жиноят. Сўнгги йилларда мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлашнинг мутлақо янги механизмларини жорий этиш, ҳуқуқбузарликка сабаб бўлаётган ижтимоий-маиший муаммоларни профилактика қилиш тизими орқали ҳал этиш ҳамда аҳолида шахсий хавфсизлик ҳиссини шакллантириш борасида самарали чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратишнинг ташкилий-профилактик асосларини замон талабларига мослаштириш, содир этиладиган қонунбузилиш ҳолатларининг асл омилларини ўз вақтида аниқлаш ва комплекс чора-тадбирлар орқали манзилли бартараф этиш билан жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш долзарб вазифа сифатида намоён бўлмоқда. Бу борада тизимли чора-тадбирлар олиб борилганига қарамай, жорий йилнинг ўтган 9 ойида шаҳарда содир этилган жиноятлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 12,3 фоизга ортгани барчамизни ташвишга солиши табиий.
Ҳозирда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш учун 500 га яқин кузатув камераси ўрнатилиб, Тошкент вилояти Ситуацион марказига интеграция қилинди. Хусусан, 2024 йилда “Деҳқонобод” маҳалласи “қизил” тоифага киритилган бўлса, мазкур маҳалланинг кириш-чиқиш жойларига кузатув камералари ўрнатилгач, 2025 йилнинг ўтган даври мобайнида ушбу маҳаллада биронта ҳам жиноят содир этилмади. Шунингдек, “Ҳуррият”, “Оппоқ”, “Бирлик”, Муқимий номли ва “Обод турмуш” маҳаллаларида ҳам криминоген вазият жиловланиб, бугунги кунда 16 та маҳалланинг олтитаси “яшил” тоифага кирди. Ҳозирда “Янгиобод” маҳалласини “қизил” тоифадан чиқариш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон иқтисодиётида кузатилаётган барқарор ўсиш ва очиқлик сиёсатига бўлган ишонч натижасида Хитой, Туркия, Россия, Корея, Германия, Исроил, Беларусь ва Эрон давлатлари капитали иштирокида 85 та корхона рўйхатдан ўтди. Ушбу хорижий сармоялар ҳисобига шаҳарга 320,2 миллион АҚШ долларидан ортиқ тўғридан-тўғри инвестициялар жалб этилди ва 2 минг 971 та янги иш ўрни яратилди. Бунинг натижасида, ишсизлик даражаси 2023 йилдаги 8,8 фоиздан 6 фоизга камайди ва ҳозирда 2,8 фоизни ташкил этмоқда. Эришилган натижаларнинг асосий мақсади ҳам аҳолини камбағалликдан чиқаришдир. Айтиш жоизки, 2025 йил 1 январь ҳолатига кўра шаҳарда камбағаллик даражаси 5,7 фоиз (1,2 минг оила)дан 4,1 фоиз (640 оила)га тушди.
Нурафшон маҳсулотларни импорт қилувчи ҳудуддан йирик экспортёр шаҳарга айланмоқда. Ўтган вақт мобайнида қарийб 130,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот хорижга экспорт қилинди. Бундан тайёр текстиль маҳсулотлари экспорти 35,7 миллион АҚШ доллари, озиқ-овқат маҳсулотлари 49,6 миллион АҚШ доллари, мева-сабзавотлар 43,4 миллион АҚШ доллари ва бошқа товарлар 1,8 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Муҳими, охирги уч йилда Жанубий Корея, Германия, Бирлашган Араб Амирликлари, Озарбайжон, Туркия, Россия ва Хитой давлатларининг бозорлари муваффақиятли ўзлаштирилди.
Хабарингиз бор, Тошкент вилояти жамоатчилиги, айниқса, шаҳримиз аҳолисини собиқ “Тўйтепа текстиль” корхонасининг бир неча ўн йилдан буён фаолият юритмаётгани, биноси қаровсиз ва бўш ётгани ташвишга солар, ҳақли эътирозларга сабаб бўлар эди. Эндиликда Хитой давлатининг “Da Shun Group” масъулияти чекланган жамиятининг тўғридан-тўғри 270 миллион АҚШ доллари миқдоридаги хорижий сармояси ҳисобига мазкур ер мақсадли ўзлаштирилиб, эски фабрика ўрнида қурилиш молларини ишлаб чиқариш технопарки ҳамда савдо дўконлари барпо этилмоқда. Лойиҳа тўлиқ амалга оширилиши натижасида икки мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилади.
Бундан ташқари, олтита хорижий корхона аукцион савдоларида ғолиб бўлиб, шаҳримиздаги 91,8 гектар майдонда ташкил этилган янги эркин иқтисодий зонада ўз фаолиятини бошлаш арафасида турибди. Бу корхоналар томонидан 2-7 қаватли ишлаб чиқариш объектлари барпо қилинади ва 720 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция лойиҳалари амалга оширилади.
Маълумки, шаҳримизда доимий ишлайдиган деҳқон бозорининг йўқлиги ҳам аҳоли учун ноқулайликларга сабаб бўлаётган муаммолардан бири. Буни инобатга олган ҳолда, “Бирлик” маҳалласидаги 9,6 гектар ер майдонида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва сотишга ихтисослашган замонавий экобозор, шунингдек, халқаро ҳамда туманлараро қатнайдиган автобуслар учун автошоҳбекат қурилиши режалаштирилган. Шу ўринда шаҳримиз аҳолиси ва меҳмонлари учун замонавий автобуслар хизмат кўрсатаётганини мамнуният билан қайд этиш лозим. Яқинда шаҳар ҳокимлиги муассислигида “Nurafshon jamoat transporti” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилиб, Хитойда ишлаб чиқарилган замонавий “Yutong” автобуслари олиб келинди ва шаҳар ичида ҳаракатланувчи биринчи жамоат транспорти йўналишлари йўлга қўйилди. Ҳозирда 18 та замонавий автобус 3 та йўналишда аҳолига хизмат кўрсатмоқда.

Шунингдек, Тошкент шаҳрига қатнайдиган аҳолига қулайлик яратиш мақсадида “Bus Rapid Transit” (BRT) – тезкор автобус қатновлари тизимини жорий этиш бўйича лойиҳа концепцияси ишлаб чиқилган. Пойтахтнинг Шота Руставели кўчасидаги транспорт хизмати шаҳримизнинг “Тошкент йўли” кўчасида ҳам ташкил этилади. Бу орқали Нурафшондан Тошкент шаҳрининг Бектемир туманидаги "Қўйлиқ" кўпригигача автобусда ҳозиргидек 50-60 дақиқада эмас, атиги 15-20 дақиқада етиб бориш имконияти яратилади. Йўлларда қурилиш ишлари якунлангунига қадар, шаҳримизга замонавий автобуслар олиб келинади ва "Нурафшон – Қўйлиқ" йўналишида тезкор автобус қатновлари йўлга қўйилади.
Башариятнинг ажралмас қисми ҳисобланган ва бугун дунёда Янги Ўзбекистон дея эътироф этилаётган жонажон юртимизда ҳар бир ислоҳот инсон қадр-қиммати ва унинг манфаатлари учун амалга оширилаётганини ҳис қилмоқдамиз. Эришилган марраларни сарҳисоб қилиб, олдимизда турган улкан мақсад ва муҳим вазифалар барчамиздан катта куч-ғайрат ва шижоат, ватанпарварлик ва миллатпарварлик талаб қилади. Зотан, эл-юрт учун хизмат қилиш мажбурият эмас, балки бурч дея қабул қилиниши лозим.
Мухтасар айтганда, биз “маҳалла еттилиги” тузилмаси кўмаги ҳамда пири бадавлат нуронийларимизнинг ўгит ва ҳаётий тажрибалари орқали шаҳримизни камбағаллик, ишсизлик ва ҳуқуқбузарликдан ҳоли ҳудудга, замонавий мегаполисга айлантириш учун барча саъй-ҳаракат ва имкониятларни ишга соламиз.
Илҳом КЛИЧХАНОВ,
Нурафшон шаҳар ҳокими
("Тошкент ҳақиқати" газетасининг 2025 йил 29 октябрдаги 82-сонидан олинди)