НОЗИМА ҲАБИБУЛЛАЕВА
https://t.me/vaqt_manzili* * *
Тун. Нимадир
қайдадир чархланаётир,
Ун... синадир –
сачрайди фалакка учқун.
Сўнгра сариқ чақага нархланаётир –
Олис. Ёлғиз бўри овози учқур.
Ҳовуз парча фазони қўйган ивитиб,
Балиқ сергак боқар тангаларига.
Узоқ келдим. Орадан минг йиллар ўтиб
Ўтмаслашиб қолган Сўздан нарига.
Фақат нима эди у, тун чархлагувчи?
Ғусса эзган уйларнинг учакларими?
Ёки сулув кўзёшдан ярақлагувчи
Дунёсининг чанқаган бурчакларими?
Барг хўрсинар,
тинади думалоқ еллар,
Осмон синар,
пайвандлар чақмоқ тишида.
Синиққани ҳамоно у чиқиб келар,
Тобланиб, қовурға ичидан.
Тун.
Кимдир, қайдадир чархланаётир...