НОРВЕГИЯЛИК «АШАДДИЙ ЖИНОЯТЧИ»
Бу воқеа 2021 йилда Норвегияда юз берган эди. Мамлакат парламентининг спикери Эва Кристин Хансен 2021 йил ноябрь ойида парламент депутатларига давлат ҳисобидан ажратиладиган хизмат турар жойларидан фойдаланиш тартибини бузганлиги туфайли истеъфога чиқишга мажбур бўлди.
Норвегия қонунларига кўра, парламент депутатлари хизмат фаолияти давомида Осло шаҳрида муайян шартлар асосида давлат ҳисобидан турар жой билан таъминланиши мумкин. Бундай имтиёздан фойдаланиш учун депутатнинг доимий турар жойи парламент биносидан камида 40 километр узоқда бўлиши талаб этилади.
Хансен хоним 2014–2017 йилларда давлат томонидан ажратилган ана шундай хизмат квартирасида яшаш имкониятидан фойдаланган. Бироқ унинг доимий яшайдиган уйи Ослодан 40 км эмас, балки тахминан 29 километр узоқликдаги Саки ҳудудида жойлашган эди.
Яъни Қонунда 40 километр ёзилган, амалдаги манзил эса 29 километрни ташкил этган. Орадаги фарқ атиги 11 километрни ташкил этади.
Демак, спикер хоним давлат ҳисобидан «бутун бошли 11 километрлик» сиёсий қадр-қимматни суиистеъмол қилган.
Жанжал юз бериб, Эва Кристин Хансен хоним истеъфога чиқди. Лекин бу билан чекланиб қолмади. У давлатга етказган «зарар»нинг миқдорини ўз чўнтагидан тўлашини маълум қилди.
Шу ўринда маълумот учун: Норвегия дунёдаги энг ривожланган давлатлардан бири бўлиб, 2025 йилда унинг ялпи ички маҳсулоти ҳажми тахминан 530,8 миллиард, аҳоли жон бошига тақсимлаганда эса 94,5 минг АҚШ долларини ташкил этган. Шунга қарамай, спикер хонимни 50 квадрат метрлик квартира ва масофадаги 11 километрлик фарқ учун ҳисобот беришга мажбур қилишди.
Бу хабарни ўқиб, бир воқеа эсимга тушди. 2000-йилларнинг охири эди. Ўша пайтда давлат хизматида ишлардим. Ҳамкасбларим билан биргаликда халқаро анжуманда қатнашиш учун хорижга хизмат сафарига бордик. Сафар харажатлари анжуман ташкилотчилари томонидан қопланиши олдиндан маълум эди.
Бир куни ҳамкасбларимдан бири менга сафар харажатлари ташкилотчилар томонидан қопланишини яширишни, Ўзбекистонга қайтгач эса давлат бюджетидан ҳам шу харажатлар учун маблағ олишни таклиф қилди.
Мен бу таклифни қатъиян рад этдим. Чунки бир харажат учун икки манбадан пул олиш, бунинг устига, ҳақиқий ҳолатни яшириш - на давлат хизмати одобига, на виждон мезонларига тўғри келади.
Шундан кейин ўша ҳамкасбимнинг менга нисбатан муносабати ўзгарди, орамизда совуқчилик пайдо бўлди.
Бу воқеани ўзимни мақташ учун келтираётганим йўқ. Шунчаки, орамизда хиёнаткор инсонлар борлигини айтмоқчиман, холос. Зеро, ҳар бир инсон ҳаётида виждони билан манфаати ўртасида танлов қилишга тўғри келадиган вазиятлар бўлади. Ана шундай пайтларда унинг кимлиги, қандай қадриятларга амал қилиши тўлиқ намоён бўлади.
©Қ.Жўраев