НОМОДДИЙ ҚОНУНИЯТЛАР
Борлиқда номоддий мавжудотлар ҳам бор. Инсон қалби билан туйган, ўз ҳаётида муттасил кузатиб келаётган бу ҳақиқатни исботлашга ҳожат йўқ. Рост туш, қалб кечинмалари, кўнгил сезгилари, дам солишнинг таъсири каби ҳақиқатларни ҳеч ким инкор қила олмайди. Уларни моддий қонуниятлар билан изоҳлаш имконсиз. Буни тан олмайдиганлар шунчаки қайсарлик қилади, холос. Илмийлик уларга бир важ, аслида нафснинг қутқуси уларни адаштиради, бироқ қалбининг тубида ғайриоддий кучларга талпиниш яширинган. Бугун илм-фаннинг номоддий олам борасидаги қарашлари ўзгариб бораётгани бежиз эмас, яқин келажакда унинг яна иймонга қайтиши умид қилинмоқда.
Борлиқнинг гултожи бўлган инсон ҳам фақат моддий жисмдан иборат эмас. Моддий жисм паррандаю даррандада ҳам бор. Инсоннинг моҳияти, ҳақиқати аслида унга пуфланган руҳдадир, жисми эса моддий олам билан мулоқот учун, холос. Инсон бу дунёда ушбу икки борлиқ билан яшайди. Бинобарин, унинг ҳаётида моддий қонуниятлар билан бирга номоддий қонуниятлар ҳам бор. Моддий қонуниятларни инобатга олмаслик маълум оқибатларни келтириб чиқарганидек, кўпчилик муаммолар ортида номоддий қонунларнинг бузилиши ҳам ётади. Улар ҳам худди физика қоунунлари каби қатъий таъсирга эга. Шунинг учун Ислом ҳар бир ишда моддий сабабларни ишга солиш билан бирга, маънавий омилларни ҳам унутмасликни ўргатади. Исломнинг асосий вазифаси ҳам шу – номоддий ҳақиқатларни англатиш. Зотан, инсон моддиятни ақлу тажрибаси билан ўрганиши мумкин, аммо маънавий оламни ақл тўғри илғай олмайди. Башарият тафаккурининг айнан шу бўшлиғини илоҳий ваҳий тўлдиради.
Ҳадисда қариликдан бошқа барча дарднинг давоси борлиги, уни излаш лозимлиги таъкидланган. Бу – моддий тадбирдир. Бошқа бир ҳадисда эса касалликларни садақа билан, истиғфор билан даволаш ўргатилади. Буниси – маънавий чора. Беморлик ортида ҳар икки сабаб ҳам бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳадиси шарифлар икки тарафлама – моддий ва маънавий жиҳатдан чора кўришни тавсия қилади.
Халифа Умар розияллоҳу анҳу бир беморнинг оёқ-қўлини боғлаб, олиб кетаётганларни кўриб, «Қаерга олиб кетяпсизлар?» деб сўрадилар. «Дам солдиришга», дейишган эди, Умар розияллоҳу анҳу: «Яхши. Табибга ҳам кўрсатиб қўйинглар», дедилар. Бу айнан набавий тарбиядан келиб чиқиб айтилган сўз эди.
Оят-ҳадисларда бир тарафдан тежамкорлик, исрофдан қочиш бойликка сабаб бўлиши айтилса, иккинчи тарафдан хайр-эҳсон, силаи раҳм ризқни кенгайтириши уқтирилади. Бу ерда ҳам мақсадга эришишда моддий ва номоддий чоралар баробар олиб борилиши ўргатилмоқда. Бунга ўхшаш мисоллар жуда ҳам кўп.
Баъзан моддий ва номоддий чоралар зоҳирда бир-бирига зид кўриниши мумкин. Масалан, иқтисодий ҳисобга кўра, хайр-эҳсон мол-мулкни камайтиради. Оят-ҳадисларда эса садақа бойлик келтириши айтилади. Ҳатто бир ҳадисда садақа билан мол-мулк камаймаслиги ҳақида қасам ичилган. Дарҳақиқат, ҳаётда саховатли кишининг фақат бойиб бораётганини, бахилнинг эса боғи кўкармаганини кўрасиз. Бу ҳам маънавий ҳол. Тўғри, иқтисодий жиҳатдан буни молиявий қон айланишининг яхшиланиши билан ҳам изоҳлаш мумкин. Бироқ бу ёндашув воқеъликнинг бир нав талқини, холос. Аслида бу ерда гап номоддий қонуниятда.
Ҳаж ва умрага бориш ҳар доим молиявий сарф-харажатни талаб қилади. Бинобарин, уларга пул сарфлаган одамнинг моддий бойлиги маълум миқдорда камаяди. Аммо ҳаж ёки умрага боргандан кейин кўпчилик яна ҳам бойиб кетади. Бу ерда ҳам маънавий сабаб бор. Ҳадиси шарифлардан бирида: «Ҳаж ва умра гуноҳ ва фақирликни кетказади», дейилган. Ҳожилар бойиб кетишининг сирларидан бири мана шудир.
Фақат моддий назар билан чекланганлар номоддий чоралар хусусидаги ҳадисларни инкор қилиши, қалби ўлик кимсалар бу ҳадисларнинг устидан кулиши ҳам мумкин. Калтафаҳм одам бу кўрсатмаларни бир-бирига қарши деб тушунади. Аммо аслида бу ерда ҳеч қандай зиддият йўқ, моддий ва номоддий қонуниятларни баробар ишга солиш кўрсатилган. Уларнинг бирини йўлга солиш кифоя қилмайди, иккинчисига ҳам эътибор бериш керак. Қизиғи шундаки, кўпинча маънавий омиллар моддиятни ҳам бошқарганини кўрасиз. Масалан, фисқу фужур, зулму адоват, қўрқув қалбни кўр қилиши, тафаккурни бузиши оқибатида инсоннинг қарорларида, амалларида хато кўпайиб бораверади. Иймону ибодат, адолат, муҳаббат, таваккул каби хислатлар эса руҳга сокинлик беради, бундай ҳолатдаги инсон тўғри қарорлар қабул қила бошлайди ва шундай қилиб, ишлари ислоҳ топиб бораверади.
Куни кеча уламоларимиз истисқо намози ўқишни, кўп-кўп истиғфор айтишни таклиф қилишганда кимлардир буни масхара қилган бўлса, яна кимлардир танқид остига ҳам олди. Бундай ёндашувнинг моддапарастлар, иймонсиз кимсаларда кузатилишини тушунса бўлади, уларнинг тафаккури моддият билан чекланиб қолган. Бироқ ана шундай масхарабозлар орасида ўзини мусулмон билганлар ҳам борлиги ачинарли ҳол бўлди. Чунки уларнинг иймони аслида бу каби маънавий омилларга ишонишни тақозо қилиши керак эди. Бироқ билимсизликдан, моддий ўлчовлар ва қандайдир аламлар таъсирида айрим мусулмонлар ҳам эътиқодларига хилоф сўзларни айтиб юборишди. Уларнинг орасида анча-мунча илму тақвоси бор кишиларнинг ҳам борлиги эътиқодда моддий назарга асосланган тоифалардан таъсирланганини кўрсатади. Улар ўзининг фикрини шариат сабабларни жорий қилишга буюрганини айтиш билан дастакласа-да, ёндашувлари хатодир. Аслида истисқо қилиш, истиғфор айтиш ҳам сабаблар, фақат номоддий сабаблардир. Шу билан бирга, бу воқеада ҳеч ким моддий сабабларни инкор қилгани йўқ эди, фақат номоддий сабабларни ҳам қўшишга уринилган эди, холос.
Маънавий чоралар моддий сабаблардан устувордир. Зеро, ҳар қандай сабаб ҳам уни яратган Зотнинг измида бўлади, У Зот сабабларни истаганича бошқаради. Қолаверса, Аллоҳга тавба қилиш, итоат қилиш, У Зотга юкиниш инсонга руҳий қувват бахш этиш билан бирга, унинг моддий ҳаётини ҳам ўнглайди. Истиғфор туфайли гуноҳларнинг чирки кетгач, балолар даф бўлади, тафаккур тиниқлашиб, қарорлар тўғриланади, муаммоларнинг моддий сабаблари бартараф бўлади. Дуодан кейин шу пайтгача эсига келмаган бир тўғри фикр туфайли инсон барча ишларини ўзгартириши мумкин. Шунинг учун мусулмон одам ҳар бир ишида моддият билан бирга маънавий жиҳатга ҳам эътибор беради, бир қўли билан номоддий сабабларни, иккинчи қўли билан моддий сабабларни ишга солади. Шу боис ҳар бир ишни бисмиллоҳ билан, дуолар билан бошлайди. Қўли ишда, қалби эса илтижода, таваккулда бўлади. Шу зайлда мўмин банда ҳаётда моддий ва номоддий оламнинг посангисини тенг тутиб боради.
Жамиятда моддий ишларга масъул кишилар бор. Улар шу жиҳатдан ўз вазифларини бажариши керак. Айни пайтда, маънавий омиллар билимдони бўлган уламолар ҳам ўз илмлари асосида номоддий сабабларни ишга солишда бош бўлишлари керак. Ҳар икки жиҳатда ҳам масъул ҳамда ваколатли шахслар моддий ва номоддий сабабларга эътибор беришлари лозим. Бинобарин, моддий тарафда масъул кишилардан маънавий сабаблар сўралмаганидек, моддий ишларда ваколат бермай туриб, уламоларни бу борада айблаш инсофдан эмас. Кимга нимада ваколат берилса, нима учун маош тўланса, уни шу жиҳатдан масъул қилиш мантиқан тўғри бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, Аллоҳ таоло борлиқни моддий қонуниятлар асосида яратиш билан бирга, унда номоддий қонуниятларни ҳам жорий қилган. Моддий сабабларни топишни кўпроқ инсоннинг ақлига, меҳнатига ташлаб қўйган. Номоддий сабабларни эса пайғамбарларига юборган ваҳий орқали билдирган. Илоҳий рисолатга инонган киши ҳар икки сабабни ўз ўрнида қўллаши керак. Ким қайси сабабни ишга солса, шунинг натижасини олаверади. Иймон аҳли номоддий сабабларни ҳам ишга солиши билан имтиёзлидир. Иймонсизлар эса бу имкониятдан маҳрумдир.
Мўмин-мусулмон одам исломи билан моддий сабабларга, иймони билан номоддий сабабларга юзланади. Мана шу ҳақиқий мўминлик, чин диндорликдир. Аллоҳ таолодан барчамизга иймону Исломда собитлик сўраб қоламан.
Ҳасанхон Яҳё
Матн ёзилди: 04.12.2025