НИЗОЛАРНИ ҲАЛ ЭТИШ ТАРТИБИ ТАКОМИЛЛАШТИРИЛДИ
Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришган пайтдан бошлаб инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашга, мамлакатнинг инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашга, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга қаратилган ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.
Шундай ислоҳотлардан бири Президентимизнинг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида инвесторлар ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилиш мақсадида Олий судда инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича махсус судлов таркибининг ташкил этилганлиги бўлди.
Мурожаатномада мамлакатимизда суд мустақиллигини таъминлаш энг муҳим вазифа бўлиши зарурлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар изчил давом эттирилиши алоҳида эътироф этилди.
Эндиликда инвесторлар ўз хоҳишига кўра, низони ҳал қилиш учун тўғридан-тўғри Олий судга мурожаат қилиши мумкинлиги белгиланди. Белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 12 январдаги “Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун инвесторлар ҳуқуқлари кафолатларининг мустаҳкам асоси бўлди.
Ушбу қонунга кўра, инвестициявий низолар бўйича ишлар жумласига: инвестиция шартномаларини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқ низолар; инвестиция шартномаларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги низолар; инвестиция шартномасининг бажарилиши билан боғлиқ низолар; инвестиция шартномасидан келиб чиқадиган солиқ, божхона, ижтимоий, экологик ва бошқа мажбуриятларнинг инвестор томонидан бажарилиши билан боғлиқ низолар; инвестиция шартномаси бўйича инвесторга берилган мол-мулкни талаб қилиб олиш ёки бундай шартнома бўйича неустойка ундириш ва (ёки) зарарлар ўрнини қоплаш тўғрисидаги низолар кириши белгиланди.
Шунингдек, инвестициявий низолар ҳамда Давлат бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўртасидаги иқтисодий битимлардан келиб чиқадиган низолар Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан кўрилиши, бунда инвестициявий низолар бўйича йирик инвесторнинг, рақобатга оид ишлар бўйича тарафларнинг хоҳишига кўра, ушбу тоифадаги ишлар бевосита Ўзбекистон Республикаси Олий суди, қолган инвестициявий низолар инвесторнинг хоҳишига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари томонидан кўрилиши аниқ белгилаб берилди. Мамлакатимизда хорижий ва маҳаллий инвесторлар ҳуқуқ ва манфаатларининг мустаҳкамланиши, уларни ҳимоя қилиш борасидаги ҳуқуқий механизмларнинг такомиллаштирилиши давлатимиз нуфузини тубдан оширишга замин яратади.
Руслан ДЖЎРАЕВ,
Учқудуқ туман иқтисодий суди судья ёрдамчиси.