НЕГА КЕТДИНГ, МОША?!

НЕГА КЕТДИНГ, МОША?!


Бунга анча бўлди. Умуман, шу билан боғлиқ ҳамма воқеаларга анча бўлган: мендан кетиб қолганинг, сенга мактуб ёзишни ўйлаганим ва шунга қарор қилганимга. Албатта, тушунаман, буларни кимдир ўқиса, эҳтимол, мени эси оғиб қолган, дер. Ахир, мактуб одамга ёзилади. Сен эса... мушуксан. Кимларнингдир назарида шунчаки бир ҳайвон, жониворсан. Аммо мен учун сен бундан кўпроғи эдинг. Ҳа, ҳа, сен мен учун оддий мушукдан кўра кўпроқ аҳамиятга эгасан. Нима қила олардим, бу менинг қўлимда эмас. Зеро, одам ким билан дўст тутинишни, кимни ўзига яқин олишни ўзи ҳал қилади, айни пайтда, бу ўзига боғлиқ нарса эмас. Ғалати парадокс бўлдими? Лекин аслида шундай. Дўстлик, севги каби ришталарни одам ўз истагига кўра боғлайди, аммо бунинг учун, аввало, ич-ичидаги нимадир рози бўлиши керак, дўст ёки жуфт қалбнингми, руҳиятнингми, хуллас, инсон боласи вужудидаги энг инжа хилқатнинг талабу истакларига ҳар жиҳатдан мос-муносиб бўлмоғи шарт. Акс ҳолда, бу яқинлик содир бўлмайди, ришта боғланмайди, боғланса-да, муваққат бўлади. Пул ошноси, манфаат ошноси, деганлари шундандир эҳтимол.

Хуллас, сен билан мен – одам ҳамда жонивор ўзаро яқинлик иплари билан чамбарчас боғлангандик. Эсингдами, илк маротаба кеч кузда учрашгандик. Тўғрироғи, сен ўзинг менинг ёнимга келгандинг. Оқшом тушиб келаётган бир палла эди, салқин куз шабадаси эсиб турар, қуёш ботишга қараб бораётганди. Кечки чойдан сўнг дастурхонни қоқиш учун ташқарига чиқсам, сен қазноқ деворидан бўйлаб турибсан. Мени кўришинг билан чўзиб, илтимоскорона миёвладинг. Энг аввал эътиборимни тортгани овоздаги майинлик, оҳангдорлик бўлди. Худди одамларга ўхшаб, мушукларнинг ҳам товуши турлича бўлади, ёқимли ва ёқимсиз. Сеники қулоққа ёқарди. Йўқ, у қадар ингичка ҳам, йўғон ҳам эмас, шу икки даражанинг ўртамиёнаси, дея қолайлик, бунданам эътиборлиси, бу овоз қандайдир тушунарли оҳангда чиқарди(ҳартугул, менга шундай туюлган). Чўзиб-чўзиб, илтимоскорона, ёлворувчан товушда бироз миёвлаб турдинг. Кўзларингни мендан узмасдинг. Мен эса қўлимда дастурхон, сенга қараганимча, уй остонасида тўхтаб турибман. Биласанми, ўша онда мен сени англадим! Миёвлашларинг тахминан бундай эди:

- Менга бошпана керак, яхши, инсофли соҳиблар ҳам...Балки мени уйингизга қабул қиларсиз, а? Мен яхши мушук бўлишга сўз бераман. Мана, кўрасиз, афсусланмайсиз. Ола қолинг, а, мени? Совуқ жонимдан ўтиб кетяпти...

Мен жавоб қилишим шартлигини ҳам тушундим. Гап бошлашим билан сен миёвлашдан тўхтаб, диққат билан эшитаётгандай, жим турдинг.

- Вой, кутилмаганда... Мен бир ўзим турмайман-да бу уйда. Сени ичкарига киритиш-киритмасликни уйимизнинг каттасидан сўрашим керак. Тўхтаб тур, мен ҳозир Соҳибимни чақираман.

Шундай деб, дарров эшикни очиб, Соҳибимни чорладим:

- Буёққа қаранг-чи, мавлоно, бизга меҳмон келганга ўхшайди!

- Келаверсин, мана, чиқяпман! – шу гапларни айтиб, чиқиб келган Соҳибим сени кўриб, аввалига кулиб юборди. Мен сенга қарадим. Сен эса яна боягидай чўзиб-чўзиб миёвлашга тушдинг, менга айтган илтимосингни яна такрорладинг. Қизиғи, бу сафар менга эмас, Соҳибимга қараб гапирардинг. Бу менинг эътиборимни тортган иккинчи жиҳат бўлди – сен гапга тушунардинг! Биз нима деётганимизни жуда яхши англаб турардинг. Хуллас, Соҳибим сени нон билан меҳмон қилишни, ҳозирча ҳовлида боқишни буюрди. “Кўрайлик, - деганди у ўшанда, - агар нияти ростдан ҳам биз билан бирга яшаш бўлса, эртага тонггача кетиб қолмайди, шунда уни уйга киритамиз. Мабодо фақат қорин тўйдириш бўлса, ҳозир нонни ейди-ю, кетиб қолади.”

Шунга келишдик. Сен оч эдинг, мен берган бир парча нонни тезгина еб олдинг ва миннатдорона қараб турдинг.

- Эшитдинг-а, эртага тонгда келишинг керак, узоққа кетиб қолмагин!

Шундай деб тайинлаб, уйга кирдим. Ҳалигача эсимда, тунда кўзим уйқуга кетаётган маҳали “қизиқ, у эртага келармикин”, деган савол хаёлимдан ўтганди.

Эртасига тонгда биринчи қилган ишимиз шу бўлди: эшикни очиб, сени чақирдик. Баланд товушда бирпас пиш-пишлаб турган Соҳибим энди эшикни ёпмоқчи бўлган эди, томда шитирлаш, кейин эса миёвлаш эшитилди ва сен шоша-пиша тушиб келаётганингни кўрдик. Кетиб қолмагандинг! Кутгандинг! Бамайлихотир, мутлақо хавотирсиз, ишонч билан уйимиз бўсағасидан ичкарига ўтдинг. Бу мени жуда ҳайрон қолдирганди, нега қўрқмаяпти, чўчимаяпти, деганман. Соҳибим “демак, бу аслида уй мушуги, ёввойи, дайди жонивор эмас, унга уй, эга керак”, деб тушунтирганди. Сен хоналарни бир-бир айланиб чиқдинг, кейин эса биз ишлаб ўтирган кабинетда тўхтаб, шундоққина стол ёнига, бизга кўриниб турадиган ерга ётиб олдинг. Ҳозирда шу ҳолатни кўп эслайман, ўйлайман, хаёлан таҳлил қилиб кўраман: сен энг бошида негадир ҳамиша бизнинг ёнимизда ўралашиб юрардинг, кўзимиз тушадиган жойни танлаб ётардинг, бу – “менга ишонаверинглар, мана, қаршингиздаман, ҳеч бир ёмонлигим йўқ, аллақандай ўғри мушук ҳам эмасман”, деганингмиди? Аслида ҳам ўзингни тутишинг аслзода эканлигингни билдириб турарди. Тусинг қўнғиртоб, айрим ерларда қора чизиқлари бор, думингнинг энг учида қора халқалар бор эди, йўлбарсникига ўхшаган. Бошингни азот кўтариб, мағрурона қадам ташлардинг. Зотинг – Бенгал мушуги. Кўркамгина, кўримли жониворсан. Сенга “Мош” деб исм бергим келди, негадир хаёлимга энг аввал шу ном келганди. Кейин-кейин эркалатиб, “Моша” дея бошладим, шу билан исминг ҳамма учун “Моша” бўлиб кетди. Уйимизга келганлар сўрашарди:

- Нимага Моша?

- Ўзи, - дейман елка қисиб, - менга шундай чақириш ёқади.

Сен ажойиб мушук эдинг, Моша! Ғайриоддий, деган бўлардим ҳатто. Ғалати одатларинг бор эди, одамлар билан қандай муомала қилиш кераклигини билардинг, нима хоҳлашингни аниқ-равшан тушунтирардинг. Фақат ёнингдаги одам сал эътиборли бўлса, етарди. Эсингдадир, бир куни тунда печь тутаб кетган, бутун ошхонани кўмирнинг қалин тутуни қоплаб олган, биз ичкарида бехабар-бемалол ухлаб ётибмиз. Ўшанда сен қаттиқ миёвлаб, бизни уйғотгандинг. Агар шундай қилмаганингда борми...

Бу менинг сенга эътиборимни оширган яна бир хислатинг бўлди. Соҳибим сенга тинмай меҳрибончилик қилаётганимни кўриб, ҳазиллашарди:

- Бу дейман, тутун воқеасидан кейин уйимизда мушукнинг обрўйи роса кўтарилиб кетди-ёв!

Тўғри. Бироқ сенда бундан бошқа фазилатлар ҳам сероб эди-да! Кел, навбати билан эслаб чиқайлик.

Айтганимдек, сен ҳаётимизга кириб келганингда, кеч куз эди. Сал ўтмай, биринчи қор тушди. Кейин яна ва яна ёғди. Ҳаммаёқ оппоқ қорга беланиб, шимол ўлкасида узоқ ва қаҳратон қиш бошланди. Ўшанда ҳовли-жойни янги сотиб олган ва эндигина кўчиб келгандик. Сен келган пайтларда янги уйдаги турмушнинг иккинчи ойи бошланганди. Бир хонани иш кабинетига айлантирганмиз, ишимиз масофавий тартибда, кун бўйи ўтириб ишлаймиз. Иш вақти тугаганидан кейин ҳовлига чиқамиз, қалин кийиниб кўчада сайр қиламиз. Тўп қўлимизга тушиб қолса, волейбол ўйнаган бўламиз, сен эса хавфсизроқ ерга чўнқайиб ўтириб олганча, бизни кузатасан. Кўркам бошингни тўп ҳаракатига монанд у ёқдан-бу ёққа буришингни кузатиш менга завқ беради. Хуллас, орадан кўп ўтмай, сен мўъжаз оиламизнинг тўлақонли аъзосига айландинг.

Январь ойида Соҳибим сафарга жўнаши керак бўлди. Уйда сен ва мен қолдик. Янги жойда биринчи марта ёлғиз қолишим эди. Ноутбукда эртадан кечгача ишлаб ўтираман, печь гуриллаб ёнади, хоналар бир хилда иссиқ, сен ёнимдасан. Лекин юрагимда аллақандай ҳадик бор эди. Уй ёғочдан қурилган, бунинг ҳам ўзига яраша томонлари бўларкан. Тўсинлари совуқ-иссиқ туфайли гоҳ-гоҳида қисирлаб товуш бериб қўяди. Шундай пайтларда русларнинг уй ажинаси ҳақидаги гаплари эсимга тушиб кетади, беихтиёр атрофга олазарак қараб қўяман. Сен бўлсанг, пинак бузмайсан. Қулоқларингни бир чимириб қўйиб, мудрашда давом этасан. Тағин шундоққина оёғим тагига келиб ётиб олгансан, тафтинг оёғимни иситиб турибди. Ошхонага чиқсам, ўрнингдан чаққон қўзғалиб, ортимдан чиқасан. Ўтинхонага кўмир олиш учун борсам ҳам, гарчи совуқни хушламасанг-да, оппоқ қорда из қолдириб, мен билан бирга борасан, ҳовлига тушиш олдидан албатта гавдангни бор узунлигида чўзиб, бир керишиб оласан, кейин солланибгина қорга оёқ босасан, гоҳ олдимга тушиб олиб, тўғри кўмирхонага йўл бошлайсан, гоҳ ортимдан қадам-бақадам келасан. Эринмайсан. То челакни тўлатиб кўмир олгунимча, эшик олдида чўнқайиб кутасан. Баъзида атайлаб ташқарида бироз кўпроқ вақт туриб қоламан, қирчиллаган қишнинг тоза ҳавосидан симиргим келади. Сен сабр билан кутасан. Кейин уйга кирамиз, мен печга кўмирни солиб, олдин ошхонага, сўнг кабинетга ўтаман, ортимдан эса сен соядай эргашиб юрасан. Қизиғи, Соҳибим уйда пайтида бундай қилмасдинг. Ётоқдаги оромкурсидами, юмшоқ кўрпачали каравот устидами, ошхонадами, бемалол ухлаб ётаверардинг. Шундан англайманки, сен менинг қўрқаётганимни билиб, шундай қиляпсан, менга далда бўлгинг келяпти, “қўявер, мана, мен ёнингдаман, қўрқма”, демоқчисан. Буни пайқаганимда, сенга меҳрим янада ошиб, ўзимни хотиржам ҳис қилардим. Энди сен билан гаплашадиган бўлдим. Ўша пайтларда интернет ишлаб турса-да, кун бўйи ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларим ёниқ турса-да, деярли ҳеч ким билан мулоқот қилмасдим. Ота-онам, яқинларим олисда, Соҳибим тез-тез сафарга чиқиб турар, танишларим кўп бўлса ҳамки, айрим сабабларга кўра, одамлардан ўзимни тортиброқ қолгандим. Юртимдаги дўст-танишлар мени аста-секин унута бошлаган давр эди. Биласанми, сиз мушукларда қандай, билмадим-у, агар одамлар ўртасида ўзаро ишонч деган риштага салгина зиён тегса ҳам муносабатлар самимий бўлмай қолади. Мен шу ишончни йўқотиб қўйгандим, тўғрироғи, дўстларимнинг менга ишонмай қарагани, ростни ёлғон деб қабул қилгани, менинг гапимдан кўра ўзларининг фаразларига кўпроқ ишонгани юрагимга жуда оғир ботган эди, аста-секин улардан узоқлашиб, ўзимни эслатмай қўйгандим, ҳатто тармоқларда тузук-қуруқ пост қўймас, бошқаларнинг саҳифасига изоҳ ҳам ёзмасдим. Бошқача айтганда, қобиғимга ўралиб, дунёйимнинг эшикларини зич ёпиб олгандим. Ичкарида саноқлигина одам ва сен бор эдинг. Сенга ҳамма гапларимни айтаверардим, бу мен учун одат тусига айланганди. Бошингни силаб ўтириб, гапиравераман, кимдан-нимадан хафаман, сўзлайвераман, сен бўлсанг, кўзимга тикилиб турасан-да, астагина сас берасан:

- Мияяявввв... (“тушунаман сени”...)

Миёвлашингга қараб, сени ўзимча таржима қилиб, тушуниб олаверардим. Ростдан ҳам ғаройиб мушук эдинг, Моша(э худойим, “эдинг, эдинг” деб ёзяпману бирам алам қилиб кетяптики ўзимга)!

Чанқасанг, сувчаноқ тагига бориб олиб, тепага қараб “миявуу” дердинг, ўрнимдан сапчиб туриб, идишингга сув солиб берардим. Бошқа мушукларга ўхшаб, бир сакраб чиқиб, сувчаноқдаги намликни ялаб ўтирсанг ҳам бўларди, лекин сен ундай қилмасдинг, минг қилса ҳам аслзода хонимсан, ахир, Бенгал маликаси-я! Хонтахта ё стол устига чиқиб, ош-овқатга текканингни ҳам кўрмасдик, сенда бундай одат йўқ эди. Бироқ нима пиширсам, озгинасини албатта еб кўришинг шарт эди, бермасам, изимдан миёвлаб сўраб юраверардинг. Бундай пайтларда қисқа-қисқа “ми-яв, ми-яв, ми-яв” дейсан, бўлди. Қовоқни қандай ёқтирардинг, ёдингдами? Манти ё сомса учун қовоқ артсам, сенга албатта бир бўлакчасини берардим. Маза қилиб, еб олардинг. Картошкани ҳам яхши кўрардинг, шўрвага сенга деб атайлаб кўпроқ солардим. Очкўз, очофат эмасдинг, ўзингга ярашиқли салобат билан таомланардинг. Сенга қараб туриб, кўп нарсани ўрганса бўларди, энди ўйласам. Оғзингга ёқмадими, қайтиб ўша нарсани емайсан, сўрамайсан. Иссиқ бўлса, сабр билан совушини кутасан, миёвлаб безор қилмайсан. Камдан-кам ҳолатлардагина танбеҳ эшитардинг, энг қизиғи, бир марта қаттиқ койиш эшитган ишингни қайтиб сира қилмасдинг.

Эсингдами, буни албатта эсларсан, уйга келадиган меҳмонлар билан танлаб-танлаб муомалага киришардинг, дуч келганга суйкалиб кетавермасдинг. Агар келган одам сенга маъқул бўлса, ёнига борардинг, сени силашига, эркалашига рухсат берардинг. Мабодо дидингга ўтирмаса, минг чақирсин, фойдаси йўқ -шарт бурилиб ичкарига жўнаб қолардинг. Ҳар замонда эшик ёнига келиб, худди “ҳалиям шу ердамисан, қачон кетасан”, дегандай, қараб кетардинг. Бундай пайтларда мўйловинг бироз пастга қараган, кўзларинг кенгайган, думинг шалвираган қиёфада бўларди. Мен дилингдаги уқиб, зўрға кулгимни тийиб ўтирардим. 

Шу тариқа, қиш-баҳор ўтиб, ёз келди. Мен қаттиқ оғриб қолдим. Ўзим билан ўзим бўлиб, пайқамабман, сен оғироёқ экансан(жониворларга нисбатан “бўғоз” дейилади одатда, лекин бу сўзни сенга ишлатолмайман). Менга ё билдирмагансан, ё касал бўлганим учун авайлагансан, хуллас, уйдан ташқаридаги қайсидир пана жойда туғибсан. Мушукчаларинг жами нечта бўлган, билмайман, бизнинг ёнимизга иккитасини кўтариб келдинг, иккиси ҳам жонсиз эди. Гиламга қўйиб, нажот тилаб бизга термулиб турганинг сира кўз ўнгимдан кетмайди, Моша! Айбдорлик ҳисси бутун қалбимни эгаллаб олган, кўзларим ёшланганди.

- Нега, нима учун уйда туға қолмадинг? Ўзим қарардим-ку сенгаям, болаларинггаям? – дегандим сенга. Сен бўлсанг, ўлик болангни ялайсан, тумшуғинг билан туртиб, турғизмоқчи, эмизмоқчи бўласан...бунга қараган сайин кўзимдан ёш қуйилиб келаверарди. Бу воқеа менга анчагача таъсир қилиб юрди, олдингда ўзимни айбдор сездим. Орадан сал вақт ўтгач, ҳовлимиздаги нимадир юмушни битириб бергани келган уста чол сен яна оғироёқлигингни айтиб қолди. Менинг севинчимга чегара бўлса қани энди! Сени ёнимдан узоқлаштирмай қўйдим, аввал тиззамга олволиб, роса тайинладим:

- Бу сафар ташқаридан пана жой излаш йўқ, Мошахоним! Шу ерда, уйда туғасан, бўптими? Менга бир оғиз айтсанг бўлди, ўзим сенга пана жой қилиб бераман, келишдикми?

- Иммм, - дея майингина миёвлаб қўйдинг сен. Бу – рози бўлганинг эди. Энди кутиш бошланди. Кун бўйи ёнимда олиб юраман, ҳар қадаминг назоратда. Тушдан кейин бир-икки соатга йўқолиб қоладиган одатинг бор эди, қишда эшик олдига бориб, “миёввв” дердинг, очиб берардик, чиқиб кетардинг, қайтганингда эшик олдида кимдир чиқиб қолишини сабр билан кутиб ўтираверардинг. Мен бу ғойиб бўлишни ҳазил йўсинида шундай изоҳлардим:

- Мушуклар уюшмасининг йиғилишига ёки ўша уюшманинг махсус топшириғини бажаргани кетди Моша, энди икки соатсиз қайтмайди...

“Уюшма”га юборгим келмасди энди сени, айтиб бўладими, ўша ерда бошланиб қолса-чи дард? Шунинг учун сенга фақат сайрга изн берардим, кетгунингча, ҳар гал тайинлардим:

- Тезроқ қайт, мен хавотир оламан йўқса!

Сен? Биров ишонмайди бу гапга, лекин айтганимни қилардинг, эслайсан-ку, а, ўзинг ҳам? Болаларинг туғилган кун-чи, эсингда бўлмаслиги мумкин эмас, ахир! 28 июль эди, аниқ ёдимда бу сана. Эрталабдан кайфиятсиз эдинг, ҳеч нарса емадинг. Нонуштадан кейин уйларни йиғиштириб, иш бошланишига тараддуд кўриб юрсам, одатдагидан бошқачароқ миёвлай бошладинг. Яна рўпарамга келиб олиб, кўзимга тикилиб туриб, қаттиқ товушда зорланиброқ миёвлайсан, аввалига нима сўраётганингни тушунмадим. Кейин овозингда қатъий, ошиғич бажармаса бўлмайдиган ўтинч оҳангини сезиб, питирчилаб қолдим:

- Нима? Бошланяптими? Ҳозир, ҳозир сенга жой қилиб бераман, мана, ҳозир...

Шошиб қазноққа кирдим, сен орқамдан юрибсан. Шошқинсан, одатий хотиржамлигингдан асар қолмаган, безовтасан. Тўрдаги бир жойга увада пахталарни тўшаб, шоша-пиша жой тайёрладим. Сени ўша ерга қўйиб, ўзим ташқарига чиқиб, эшикни ёпмоқчи бўлгандим, сен югуриб келдинг-да, ўзингни ташқарига урдинг. Яна ўша миёвлаш. “Демак, бу ер унга маъқул бўлмади”. Уйга кирдим, энг ичкари хонага, бир бурчакка жой қиладиган бўлдим. Қалин қоғоз, эски пахталардан олиб кириб, ерга тўшадим. Сен изимдан юрибсан, тахланган жойга қарадинг, у ер-бу ерини ҳидладинг, кейин яна изимдан чиқиб, миёвладинг. Яна нима қилиш керак экан? Шунда сен каравотга сакраб чиқиб, адёлнинг бир четидан бошингни суқиб, тагига кириб олдинг. Тушундимки, қоронғи жой керак сенга. Дарров эски адёлни олиб, бурчакни ўрадим, адёлнинг бир учини столга қистириб, бир амаллаб учбурчак чодирга ўхшаган жой қилдим. Ниҳоят, “туғуруқхона” сенга маъқул бўлди, ичига индамай кириб кетдинг. Эшикни ёпиб чиқдим ва юрагим ҳаяжондан дукиллаб, ноутбуким ёнига чўкдим. Соҳибим бутун ҳаяжонимни билиб тургани учун тайинлаяпти:

- Бўлди, энди буёғи худодан. Ичкарига кирмай туриш керак, мушук қизғанчиқ бўлади, болалари туғилганидан кейин ҳам то ўзи чиқиб келмагунича, безовта қилманг, тағин болаларини бошқа ерга ташиб кетмасин...

- Хўп, хўп, шундай қиламан, - дейману, хаёлим сенда. Нима бўляпти экан, мабодо доктор ёрдами керак бўлиб қолса-ю, мен билмай ўтираверсам-чи?! Орадан икки соатча вақт ўтди. Ахийри бўлмади. Соҳибим ташқарига чиққан вақтдан фойдаланиб, аста ўрнимдан туриб, ичкарига йўналдим. Эшикни секингина очиб, қулоқ солсам, эшитилар-эшитилмас, ингичка “миёв-миёв”лар чалинди. Чидаб туролмадим, бориб, адёлнинг бир бурчини аста очдим...не кўз билан кўрайки, сен бешта митти-митти мушукча орасида ётардинг! О, “ҳайвон ҳайвон-да, нимани биларди”, дейдиганлар сенинг шу пайтдаги ҳолатингни бир келиб кўрсинлар эди, Моша! Эркаланиб, оёқларингни тепага қаратиб ётибсан, бутун қиёфангдан оналик туйғуси барқ уриб турибди. Шунчалар бахтлисанки, шу қадар бахтиёрсан, шодсанки сен, ҳалигача унутолмайман. Оғир ўтган хасталикдан кейин кулмай қўйган менинг қалбимда эса улкан бир қувонч туғилганди! Югуриб чиқиб, суюнчи сўрабман. Соҳибим мени койишга тушди:

- Хўп, хўп! Нега кириб юрибсиз устига? Қизғаниб, олиб кетиб қолади-ку болаларини, бирорта ёввойи мушук еб қўйса ё яна ўлиб-нетиб қолса, тағин йиғлайсизми?!

Лекин, йўқ, у бекорга хавотир олган экан. Айтувдим-ку, сен бошқача мушуксан, деб. На болаларингни яширдинг биздан, на-да қизғандинг. Улар эрталаб соат 11 ларда туғилганди, тушдан кейин сен аста сирғалиб, ташқарига чиқдинг.

- Тезроқ қайтгин-а, болаларинг оч қолиб кетмасин, - дея тайинлаб қолдим ортингдан. Қаерга кетди экан-а, деб ташвишланган Соҳибимни доимги ҳазил гапимиз билан тинчлантирдим:

- Қаерга бўларди, Мушуклар уюшмасига-да. Янги мушук фуқаролар туғилганини айтиб, хабар бериши керак-ку, ахир! Ким билсин, балки уларда ҳам рўйхатга олишар, гувоҳнома беришар...   

Кулишиб олдик. Сен ярим соатларда қайтдинг. Кейинги кунлари ҳам бир вақтда чиқиб кетиб, бир вақтда қайтадиган бўлдинг. Кузга бориб эса кечаси мушукчаларнинг ўзини қолдириб, чиқиб кетадиган, тонг қоронғусида келадиган бўлдинг. Тун ярмида ташқарига чиқиш учун мени қандай уйғотардинг, ёдингдами?

Сен болаларинг билан ичкари хонадасан, эшик қия очиқ туради. Бу хонадан ётоққа чиқилади. Сен кечаси аста келиб, миёвламасдан(бу албатта одамларни уйғотиб юбормаслик учун ўйлаган чоранг), каравотга сакрайсан, олдин оёғимга чиқасан, мен ўша заҳоти уйғонаман, лекин қўзғалмай ётавераман. Кейин яна пастга тушиб, қайта сакрайсан – бу гал белимга сакраб чиқасан. Энди турмасам, иложи йўқ. Эшикларни очиб, сени чиқариб юбораман, тезроқ қайтишни тайинлаб қоламан. Сира кечикмай, тонгда эшик тагида ҳозир бўласан. Гоҳида тунда уйқуга ётиш олдидан шу ердамисан-йўқми, текшириш учун эшикдан бош суқиб, сени чақираман:

- Моша, шу ердамисан?

Адёл остидан чиқишингга ҳожат йўқ. Ётган ерингда “ҳммммм”, деб қўя қоласан, мен хотиржам тортиб, ухлагани кетаман.

Мушукчаларинг роса шўх эди. Тағин бешаласи беш хил. Кўриниши, феъли-ҳўйига қараб, лақаб бергандик. Энг каттаси – Хаски, хаски итга ўхшаб кетарди. Кейингиси – Эльф, шалпангқулоқроқ эди. Учинчисини ўша пайтларда бизникига меҳмон бўлиб келган акам “Разведкачи” дерди, чунки бирор янги нарсани биринчи бўлиб шу мушукча текшириб кўрарди. Тўртинчиси Қорамош деб аталди, энг кенжаси, ўзингга ўхшайдиганини эса Мўтти дердик. Улар бизнинг эрмагимиз, ишдан кейин овунчоғимизга айланди. Маза қилиб ўйнардик. Сал катта бўлгач, учтасини тарқатдик, Эльф ва Мўтти ўзимиз билан қолди. Шу ишни бекор қилган эканмиз, энди ўйласам. Балки уларни ҳам бирортага бериб юборганимизда, ўша қора мушукча келмасмиди, сен ҳалиям биз билан бирга бўлармидинг?! Ё балки тақдир шундай бўлгандир. Хуллас, сен Қарашкани ёқтирмадинг. Ўша бечора мушукчани кимдир кўчамизга ташлаб кетганди, у биздан паноҳ сўраб келди, ўзи миттигина, қоп-қора, пешонасида билинар-билинмас оқ чизиғи бор эди. Қаровсиз, чап биқинида яраси ҳам бор. Бир сиқимгина бу жониворга раҳмимиз келди, қандай ҳайдаб бўларди уни? Аввал қазноққа жойлаштирдик, ярасини даволадик. Эльф ва Мўтти билан у тезда тил топишиб олди, лекин сен ёнингга йўлатмадинг. Яқинлашса, вағиллаб берардинг. Уйдан тез-тез кетиб қоладиган бўлдинг. Охири, бутунлай келмай қўйдинг уйга. Ҳар куни сени чақирардим, жавоб бўлмасди...

Айтганимдек, бунга анча бўлди. Мана, бугунга тўғри қилган экан, ўтириб шу мактубни ёздим. Биламан, ўқимайсан буни. Лекин ичимда йиғилиб қолган гапларимни қоғозга тўкмасам бўлмасди. Моша, сен мен учун ҳамон борсан, ҳамон дугонам ўрнига дугона, дардкашимсан. Бирга ўтказган вақтинг, менга берганларинг учун миннатдорман сендан. Розиман. Сен ҳам рози бўл...ва қаерда бўлсанг-да, соғ-омон бўлсанг, бас, шунинг ўзи етади.

Мана, бўлди, ҳаммасини ёздим. Лекин барибир бир савол тилимнинг учида кўндаланг туриб олган:

- Нега кетдинг, Моша? Нега мени ташлаб кетдинг?!

 

Хуршида Абдуллаева

 

  

   

 

  


Report Page